Спорт 06.09.2018 352

ВИЛОЯТИМИЗ СПОРТЧИЛАРИ ОСИЁ ЎЙИНЛАРИДА НЕЧТА МЕДАЛЬ ОЛДИ?

Спорт

ВИЛОЯТИМИЗ СПОРТЧИЛАРИ ОСИЁ ЎЙИНЛАРИДА НЕЧТА МЕДАЛЬ ОЛДИ?

Хабарингиз бор,  жорий йилнинг 18 августидан 2 сентябригача Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида бўлиб ўтган  XVIII Осиё ўйинларида юртимиз спортчилари муваффақиятли иштирок этиб қайтишди. 

Ушбу нуфузли мусобақада юртимиз шарафини 232 нафар спортчи муносиб ҳимоя қилди. Улар спортнинг 30 тури бўйича ғолиблик учун кураш олиб боришди ва якунда 21 та олтин, 24 та кумуш ва 25 та бронза, жами 70 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида бешинчи ўринни қайд этишди.

Қувонарлиси, ушбу мусобақада 9 нафар воҳадош спортчимиз иштирок этиб, 1 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалларини ўз ҳисобига ёздириб қўйишди ва терма жамоа кўрсатган натижага муносиб улуш қўшди.

Жумладан, спортнинг самбо тури бўйича 90 килограмм вазн тоифасида Камол Холмаматов биринчи ўринни эгаллаган бўлса, 66 килограмм вазн тоифасида гиламга тушган курашчимиз Руслан Бўриев  иккинчи поғонадан жой олди. Вилоятимиз вакилларидан яна бири - Сарвар Шомуродов эса 81 килограммлик вазн бўйича курашда учинчи ўринга лойиқ кўрилди. Дзюдо спорт тури бўйича 100 килограммлик вазнда ғолиблик учун кураш олиб борган Шерали Жўраев ҳам совриндорлар қаторидан жой олиб, ўз вазн тоифасида учинчи ўринни қўлга киритди.

Д.ЖУМАЕВА