Қишлоқ хўжалиги 04.06.2019 119

ЯЙЛОВЛАРДА ЧОРВА МОЛЛАРИНГИЗНИ БОҚА ОЛАЯПСИЗМИ?

Инсон ва қонун

Бугун қишлоқларда истиқомат қилаётган аҳолининг катта қисми ҳамон  деҳқончилик ва чорвачилик орқасидан кун кўради. Шунга монанд, тадбиркорлар, фермерлар ва деҳқон хўжалиги раҳбарлари учун деҳқончилигу чорвачилик қилиш учун имконият бор. Бироқ, бу тоифадагилардан ташқари, қишлоқ жойларда яшовчи ҳар бир оилага чорвачилик учун имконият яратиб бериш долзарб вазифага айланмоқда.

Зеро, унумдор ва лалми ерлар, яйловлар, дарё ва кўл бўйлари турли тарзда эгаллаб олинаётгани сабабли ҳамма учун бирдек чорвачилик қилишда қийинчиликлар пайдо бўлаётгани сир эмас. Ҳолбуки қишлоқда яшовчилар учун чорва моллари асосий тирикчилик манбаи, бу борадаги фаолият учун кенг имконият яратиб бериш эса доимий иш ўрнига, чорва сони кўпайиши, гўшт ва гўшт маҳсулотлари арзонлашишига олиб келади.

Вилоят ҳокимлигига жисмоний ва юридик шахслардан тушаётган мурожаатларнинг учдан бир қисми ерга оид муносабатларга боғлиқ. Назаримизда бу борадаги шикоятлар тегишли қонун ва қонуности ҳужжатларининг адолатлилиги ҳамда барқарорлигига боғлиқ. Зеро, энг кўп ўзгариб турадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам айнан ер муносабатларига оид. Мақсад ерлардан унумли фойдаланиш ва муҳофаза қилишга қаратилган. Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йил 20 майда имзоланиб, кучга кирган "Яйловлар тўғрисида"ги Қонун ана шундай расмий ҳужжатлардан биридир.

Унда давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг яйловлардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасини тартибга солиш доирасидаги ваколатлари белгиланган. Яйловлар билан боғлиқ ишлар Вазирлар Маҳкамаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.

Яйловлар чўлдаги, ярим чўлдаги, тоғ олдидаги, тоғдаги ва текисликдаги, сув билан таъминланган ва сув билан таъминланмаган яйловларга ажратилади.

Хўш, яйловлардан фойдаланиш қай тартибда амалга оширилади? Юридик ва жисмоний шахслар яйловлардан доимий эгалик қилиш, ижарага, шунингдек, вақтинча фойдаланишга олиш йўли билан фойдаланиши мумкин. Яйловлар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори асосида, ўрмон фондига қарашли яйловлар давлат ўрмон хўжалиги органларининг рухсатномаси асосида вақтинчалик берилади. Тоғдаги яйловлар мавсумий бўлиб, улардан йилнинг фақат муайян вақтида фойдаланилади. Яйловларни фойдаланиш учун бериш тартибини Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайди. Ҳокимликлар яйловларда пичан ўриш ва чорва молларини ўтлатиш ҳамда муддатларини тасдиқлайди.

Яйловлардан фойдаланганлик учун ҳақ ер солиғи ёки ижара ҳақи тарзида ундирилади. Яйловларга етказилган зарар яйлов берилган юридик ва жисмоний шахслар томонидан қопланади. Махсус ваколатли давлат органлари томонидан улардан фойдаланишга чекловлар белгиланиши мумкин. Бундан мақсад яйловлардан унумли фойдаланиш, яйловлар яроқсиз ҳолга келишининг олдини олиш, айрим турдаги ноёб ўсимликларни асраш ва кўпайтиришга қаратилган.

Фуқароларнинг айрим мурожаатларида қишлоқ аҳолиси чорва молларини боқиб келаётган қишлоқ яқинидаги кичик яйловлар, дарёлар ва кўлларнинг ҳимоя зоналари айрим фуқароларга деҳқон хўжалиги ёки ободонлаштириш учун бериб юборилиши, бир қисми ноқонуний эгаллаб олиниши оқибатида чорва молларини боқиш, кўпайтириш қийинлашиб бораётгани билдирилган. Яйловларни эгаллаб олган айрим "тадбиркорлар" томонидан аҳоли чорва молини боқиши учун "солиқ" солиниши айтилган. Ер масаласида ака-укалар ва қишлоқдошлар ўртасида турли келишмовчиликлар, жанжаллар келиб чиқаётгани ҳам сир эмас.

Шунда савол туғилади: "Яйловлар тўғрисида"ги Қонун бу каби масалаларга жавоб берадими? Қишлоқ аҳолисининг барчасига чорвачилик билан шуғулланиши учун имконият яратиб бера оламизми?

Қонунда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқароларнинг яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза этишдаги иштироки белгилаб қўйилган. Улар яйловлардан фойдаланишга оид давлат дастурларини тайёрлашда иштирок этиб, яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва фаоллари яйловлардан оқилона, адолатли фойдаланишга, чорвачилик билан шуғулланаётган ҳар бир оилага чорва молларини кўпайтиришга имкон яратиб беришга ҳаракат қилиши зарур. Бунинг учун тегишли давлат дастурлари ва туман ҳокими қарорлари лойиҳасини тайёрлашда эътиборли бўлиш, яйловлардан фойдаланувчилар бирлашмалари самарали ишлаши керак. Яйлов учун тўланадиган солиқларни қишлоқда яшовчи хонадонлардаги чорва сонига қараб биргаликда тўлаш механизмини яратиш ва бу билан ҳар бир оиланинг яйловлардан фойдаланишга имконият яратиб берувчи механизмларни жорий қилиш, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган яйловларни фойдаланиш учун бериш тартиби қишлоқда яшовчи ҳар бир оилага чорвачилик билан шуғулланишига шароит яратиши лозим.

Янги қабул қилинган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга биноан томорқа,  деҳқон хўжалиги ва чорвачилик билан шуғулланувчи фуқароларнинг пенсия стажини ҳисоблашга оид ўзгаришлар бўлди. Бу ўзгаришлар фуқароларимизнинг кексайганда пенсия олиш ҳуқуқини яхшилашга хизмат қилади. Кластерлар ташкил қилиш, фермер хўжаликларини мақбуллаштириш (ерларини кенгайтириш)га оид қонунларнинг қишлоқ жойларда иш ўринларини кўпайтириш, деҳқону чорвадорларнинг ер (иш жойи)дан сиқиб чиқарилишининг олдини олишга оид нормаларини самарали ишлатиш зарур. Бунинг учун фуқаролар ер муносабатларига оид қонунчиликдан яхши хабардор бўлиши, қонунлар ижроси учун масъул давлат идоралари ва давлат хизматчилари қонунларнинг асосли ҳамда адолатли қўлланишини таъминлаши керак.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари