Сўнгги янгиликлар 02.08.2019 83

Яккабоғ туманига янги ҳоким тасдиқланди

Эски Яккабоғ қўрғончасида ҳокимлик мулозими ва маҳаллий тадбиркор ўртасида юзага келган можаро ортидан ишдан олинган Яккабоғ тумани ҳокими Шоҳмурод Донаев ўрнини вилоят ҳокимлигининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари котибияти мудири Абдирасул Сафаров эгаллади.

Ташкилий масала 31 июль куни бўлиб ўтган халқ  депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида кўриб чиқилди. Унда вилоят ҳокимининг  Абдирасул Сафаровни туман ҳокими лавозимига тайинлаш тўғрисидаги қарори тасдиқланди.

Сессияда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев сўзга чиқди.

Эслатиб ўтиш жоиз, Абдирасул Сафаров асли яккабоғлик бўлиб, аввал бир муддат ҳудудда туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ҳам ишлаган.

Ўз мухбиримиз

 P.S. Аввалроқ, Яккабоғ тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича собиқ ўринбосари Мансур Туймаев тадбиркор Баҳриддин Исомовга тегишли икки қаватли савдо ва маиший хизмат уйини бузишга уриниши ва мулкдорнинг бунга  қаршилик кўрсатиб мулозимга ўт қўйгани хабар қилинган эди. Ҳолат ўрнатилган тартибда ўрганиб чиқилгач, туман ҳокими Шоҳмурод Донаев билан бирга прокурор Жамшид Халилов ҳам эгаллаб турган лавозимидан озод этилганди. Мансур Туймаевга нисбатан эса ўз ваколатига кирмайдиган хатти-ҳаракатларни амалга оширгани сабабли жиноят иши қўзғатилган.