Сўнгги янгиликлар 23.08.2019 144

ЯНА ИККИТА ГАЗ КОНИ ТОПИЛДИ

Саноат

Хабарингиз бор, шу йилнинг 10 августида "Epsilon" компанияси  Муборак туманидаги Баҳористон тузилмасида нефть ва газ конденсати конини очганди. Эътиборлиси, 18-19 август кунлари компания мутахассислари томонидан яна иккита газ конденсатли - Мирбарак ва Ғарбий Эрназар конлари аниқланди.

Дастлаб 18 август куни Қултоқ-Қамаши инвестицион блокида жойлашган Мирбарак майдонидаги қидирув қу-дуғида олиб борилган аэрация ва синов ишларидан сўнг 2953-2983 метр чуқурликда табиий газ манбаси очилган. Ушбу газни "Шўртаннефтгаз"нинг асосий саноат иншоотларига етказиб бериш мақсад қилинган бўлиб, бунинг учун 12,5 километр узунликдаги қувур тортилмоқда.

Шу блокдаги Ғарбий Эрназар тузилмасида эса чуқурлиги 4000 метрли қудуқда олиб борилган бурғилаш ишлари ҳам ижобий якунланган. Синов жараёнлари, аэрация ва қатламни гидропортлатиш амалиётларидан сўнг табиий газнинг саноат оқими қайд этилган. Ўз навбатида янги аниқланган кондаги табиий газни транспортировка қилиш учун 2,5 километр масофада газ ўтказиш қувурларини қуриш ишлари якунланган.

Маълумот учун, масъулияти чекланган жамият шаклидаги "Epsilon Development Company" хорижий корхонаси 2019 йил бошидан Қултоқ-Қамаши, Сурхон, Устюрт, Муборак ва Ғарбий Фарғона инвестиция блоклари ҳудудларида геологик разведка ва кон-қидирув ишларини олиб бормоқда. Компания томонидан мазкур ҳудудлардаги табиий газ захираси 561 миллиард кубометрга баҳоланган.

Н.ХЎЖАЕВ