Қишлоқ хўжалиги 20.07.2017 835

ЯНГИ ЛОЙИҲА, ЯНГИ ИШ ЎРНИ

Қишлоқ хўжалиги

ЯНГИ ЛОЙИҲА, ЯНГИ ИШ ЎРНИ

ва мўл-кўл озиқ-овқат

Қишлоқ жойларда боғдорчилик, деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик каби соҳаларни ривожлантириш озиқ-овқат саноати учун зарур бўлган хомашё етказиб бериш билан бир қаторда, ҳудуд аҳолисини иш билан таъминлашнинг муҳим манбаи бўлиб хизмат қилади.

Шу боис ҳам ҳукуматимиз томонидан қишлоқ ҳудудларда мазкур тармоқларни ривожлантириш, хусусий мулк ва тадбиркорликнинг таъсирчан ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юзага келган қулай ишбилармонлик муҳити боис турли соҳаларда янги лойиҳаларни амалга ошираётган юрдошларимиз сони кўпайиб бораяпти. Бундай лойиҳаларнинг рўёбга чиқарилиши натижасида қишлоқ ҳудудларида ҳам кўплаб янги иш ўринлари пайдо бўлаяпти.

Вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятимиз қишлоқ ҳудудларида чорвачилик, боғдорчилик, паррандачилик ва асаларичилик каби соҳаларда 77 та лойиҳа рўёбга чиқарилган. Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши учун тижорат банклари томонидан 14 миллиард 714 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредитлар ажратилган. Натижада 163 қўшимча иш ўрни ташкил этилган.

- Эътиборли томони, ушбу лойиҳаларнинг кўпчилиги ёшлар томонидан амалга оширилмоқда, - дейди вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи Ҳабибулло Азизов. - Бу сўнгги йилларда ёшлар тадбиркорлигининг қўллаб-қувватланаётгани, уларга турли имтиёзларнинг тақдим этилаётгани самарасидир. Бошқармамиз томонидан ҳам қишлоқ ёшларини тадбиркорликка жалб этиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилаяпти. Хусусан, кичик майдонларда паррандачилик, балиқчилик, чорвачилик ва иссиқхоналар ташкил этиш бўйича ёшларга бепул маслаҳат кўрсатиш йўлга қўйилди. Янги тадбиркорлик ишини бошлаш истагидаги ёшларимизга лойиҳани амалга оширишнинг ҳуқуқий тизимларидан тортиб, маҳсулот етиштиришнинг агротехник жиҳатларига қадар соҳа мутахассислари ёрдамида тушунчалар бериб борилаяпти.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини таъминловчи муҳим тармоқ бу – чорвачиликдир.  Вилоятимизда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ялпи улушининг каттагина қисми ана шу тармоқ ҳиссасига тўғри келади. Кейинги йилларда қишлоқ хўжалигида бу тармоқнинг аҳамияти янада ортиб бормоқда.

Мисол учун, шу йилнинг 1-чорагида барча тоифадаги хўжаликларда тирик вазн ҳисобида 40 минг тоннадан ортиқ гўшт етиштирилган. Бу ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан 107,1 фоизга ўсиш кўзатилганини  англатади. Ёки жорий йилнинг биринчи чорагида сут етиштириш ҳажми ҳам 2016 йилнинг шу даврига нисбатан 106,7 фоизни ташкил этган. Хўш, ниманинг эвазига? Албатта, янги йўлга қўйилаётган лойиҳалар, чорва бош сонининг ошиб бориши, наслли моллар сонининг кўпайтирилиши ҳисобига.

- Бу йил 36 бош маҳаллий молларни парваришлаш билан тадбиркорлик фаолиятини бошладик, - дейди Китоб туманидаги “Рўзиев Фаёз” фермер хўжалиги раҳбари Фаёз Рўзиев. - Асосан сут етиштиришни мақсад қилганмиз. Келгусида фаолиятимизни янада кенгайтириб, наслли молларни боқиш режалаштирилган. Айни пайтда 9 бош ана шундай молларни олиб келиш устида иш олиб бораяпмиз.

Сўнгги йилларда кичик ҳавзаларда балиқ етиштириш ҳам қиш-лоқ хўжалигининг муҳим тадбирларидан бирига айланмоқда. Хусусан, ўтган 2016 йилда вилоятимизда 142 та (507 гектар майдонда) балиқ етиштиришни кўзда тутувчи лойиҳалар амалга оширилиб, йил давомида овланган балиқ 4,4 минг тоннани ташкил этган эди. Жорий йилда эса балиқ овлаш миқдорини 5,2 минг тоннага етказиш режалаштирилган. Бунинг учун ҳавзалар сонини кўпайтириш, мавжуд ҳавзаларда юқори маҳсулдорликка эришиш ҳамда янги лойиҳаларни амалга ошириш борасида зарур чора-тадбирлар режаси тайёрланиб, шу асосда иш олиб борилмоқда. Жумладан, йил бошидан буён кичик сув ҳавзаларида балиқ боқишни ташкил этиш бўйича 28 та лойиҳа амалга оширилди. Бу ишлар учун лозим бўлган маблағнинг бир қисми тадбиркорларнинг ўз ҳиссаларига тўғри келса, 3 миллиард 720 миллион сўмлик сармоя тижорат банклари томонидан имтиёзли равишда тақдим этилиб, 79,5 гектар майдондаги ҳавзаларга балиқ чавоқлари ташланди.

- Юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш борасида қилинаётган ишлар шу соҳада фаолият бошлашга бўлган иштиёқимни янада оширди, - дейди Ғузор туманидаги “Суҳроб сервис бахт” хусусий фирмаси раҳбари Турғун Эшбоев. – Фаолиятимизни эндигина ташкил этдик. Айни вақтда чорвачилик  ва балиқчилиқ тармоқларини ишга тушираяпмиз. Балиқчилик тармоғи учун 4 гектар ерда сунъий ҳавза ташкил этдик. Чорвачилик тармоғи асосини эса 600 бош қўй ташкил этади.

Маълумки, бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар одамларнинг турмушини яхшилаш, муаммоларини ҳал этиш ва муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашга хизмат қилаяпти. Хусусан, аҳоли хонадонларида паррандачиликни кенг йўлга қўйиш бўйича олиб борилаётган ишлар халқимизни нафақат арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, балки даромадларини кўпайтириш имконини бермоқда.

Чироқчилик Дилфуза Бобоева ҳам мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, уй шароитида парранда боқишни йўлга қўйган. Ҳар куни товуқлардан олинаётган 200 донага яқин тухум оилага яхшигина қўшимча даромад келтирмоқда.

Аҳамиятлиси, бугун у сингари ташаббускор юртдошларимиз сони кун сайин ошиб бормоқда. Ўтган 2016 йилда вилоятимизда паррандачиликни  ривожлантириш бўйича 163 та лойиҳа амалга оширилган бўлса, 2017 йилнинг ортда қолган олти ойи давомида шу йўналишда 33 та лойиҳа янгидан йўлга қўйилиб, 76 янги иш ўрни яратилди. Мазкур лойиҳаларнинг рўёбга чиқарилиши учун 3 миллиард 766 миллион сўмлик имтиёзли банк кредитлари ажратилган.

Бундай ижобий мисоллар Президенти­миз Шавкат Мирзиёевнинг аҳоли хонадонларида парранда боқишни кенг йўлга қўйиш ташаббуси нақадар ҳаётий эканини исботламоқда. Қолаверса, аҳолининг озиқ-овқат рационида парҳезбоп ва оқсилга бой маҳсулот турлари кўпаяяпти.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли жон бошига қарийб 300 килограммдан ортиқ сабзавот, 75 килограммдан ортиқ картошка ва 44 килограмм узум тўғри келмоқда. Бу мақбул деб ҳисобланадиган истеъмол меъёридан уч баробар кўп деганидир. Аҳамиятли томони, қиш ва баҳор ойларида ҳам бозорларимизда сархил меваларнинг мўл-кўллиги таъминланаяпти.

Дарҳақиқат, иқтисодиётни модернизациялаш, озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, соҳада илм-фан эришаётган илғор ютуқлар ва замонавий технологиялардан фойдаланиш кўламини кенгайтиришга қаратилаётган доимий эътибор туфайли юртимизда сифатли, экологик соф маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ортмоқда. Натижада гўшт, сут, тухум маҳсулотлари, картошка, сабзавот, мева ва бошқа озиқ-овқат истеъмоли бир неча баробарга кўпайди.

Бунда ҳукуматимиз томонидан иссиқхоналар ташкил этишга қаратилаётган эътибор, бу соҳада янги лойиҳаларни йўлга қўйиш учун тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар, банк кредитларининг ҳам ўрни муҳим. Айнан шу асосларга кўра, қишлоқ ҳудудларида иссиқхона деҳқончилиги оммалашиб бормоқда. Жумладан, ўтган 2016 йилда 226 та лойиҳа асосида 49,9 гектар майдонда иссиқхоналар барпо этилиб, мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш йўлга қўйилган бўлса, 2017 йилнинг ўтган даври мобайнида лойиҳалар сони яна 91 тага, иссиқхоналар майдони эса 17 гектарга кўпайди.

Қарши туманилик Азиз Сатторов ҳам ўз ҳовлисидаги 1,5 сотих майдонда иссиқхона ташкил этиб, помидор ва бодринг етиштиришни йўлга қўйган.

- Полиз маҳсулотлари айниқса, қиш ва баҳор фаслида анча қадрли бўлади, - дейди у. – Шу боис иссиқхонадан дастлабки йилнинг ўзидаёқ яхшигина даромад олишга эришдик. Маҳсулотни маҳаллий бозорларга етказиб бердик. Кунлар исиши билан иссиқхонадан очиқ ҳолатда фойдаланаяпмиз. Бу ердан бир йилда икки, уч маротаба ҳосил олиш имконини бермоқда.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида асаларичиликда 16 та, қуёнчиликда 12 та ва яна қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳаларида турли лойиҳалар янгидан йўлга қўйилди. Мухтасар айтганда, ушбу саъй-ҳаракатлар замирида мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, олис ҳудудларда аҳоли фаровонлигини юксалтириш, қишлоқ хўжалиги субъектлари фаолиятини ишончли қўллаб-қувватлаш мақсади мужассам. Бу, албатта, бежиз эмас. Чунки бугун юртимиз аҳолисининг 60 фоиздан кўпроғи қишлоқ жойларда истиқомат қилади. Уларнинг фаровонлигини таъминлаш, ўсиб келаётган ёшлар учун янги иш ўринларини яратиш бугунги куннинг муҳим вазифасидир.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ