Маданият 09.05.2019 303

ЯНГИ ТЕАТРНИНГ ИЛК СПЕКТАКЛИ

Премьера

Касби тумани маданият марказида янги ташкил этилган "Ёшлар" театр-студияси томонидан саҳналаштирилган илк спектакль премьераси бўлиб ўтди.

Маълумки, Президентимиз раислигида жорий йилнинг 3 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларимизга бўлган эътиборни янада кучайтириш бўйича бешта муҳим ташаббус илгари сурилган эди. Биринчи ташаббус бевосита ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга қаратилган.

- Мазкур ташаббусдан келиб чиқиб, туман маданият маркази қошида "Ёшлар" театр-студиясини ташкил этдик, - дейди туман маданият бўлими мудири Тўра Мадиев. - Унга ҳудуддаги иқтидорли йигит-қизлар жалб этилган.

Театрнинг илк иши Каромат Дилмонов асари асосида саҳналаштирилган "Тераквойнинг саргузаштлари" деб номланган эртак-томошаси бўлди. Инсон ва табиат ўртасидаги мувозанат ипи, унинг таранглашуви қандай оқибатларга олиб келиши ифода этилган бу асар томошабинларда катта таассурот қолдирди.

Ёш жамоа энди янги-янги асарларни саҳналаштириш, уларни тумандаги турли ташкилотлар, жумладан, таълим масканларида ҳам намойиш этиб боришни мақсад қилишган.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: премьерадан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.