Сўнгги янгиликлар 30.11.2018 101

ЯНГИ ЮЛДУЗЛАР МАЙДОНИ

Фестиваль

ЯНГИ ЮЛДУЗЛАР МАЙДОНИ

Қарши шаҳрида "Камалак" юлдузлари" республика болалар ижодиёти фестивалининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, "Камалак" болалар ташкилоти ва вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда вилоятимизнинг барча ҳудудларидан 6 ёшдан 14 ёшгача бўлган 320 нафар бола якка иштирокчи ва  жамоа тарзида мумтоз ва миллий чолғулар, қўшиқ, рақс, тасвирий ва амалий санъат, шеърият ва адабиёт йўналишлари бўйича ўз истеъдодларини намойиш этдилар.

Мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол улғайиши, истеъдод ва салоҳиятини намоён этишига шароит яратиш мақсадида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган  фестивалнинг жорий йилги туман (шаҳар) босқичида 7480 нафар бола ўзларини қизиқтирган йўналишлар бўйича беллашди. Саралаш босқичида уларнинг 320 нафари тенгдошларидан устун келиб, якка иштирокчи ҳамда 18 та жамоа кўринишида вилоят босқичига йўл олди.

Фестивалнинг вилоят босқичи жуда қизиқарли ўтди.

- Ижодий ишларимда халқимизнинг мингйиллик бой маданий меросини, Ватаним ва унинг кўҳна тарихини, тинчлигимизни мадҳ этишга интиламан, - дейди фестиваль иштирокчиси, Шаҳрисабз туманидаги  43-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Ўлмас Рустамов. - Устозларимдан ўрганганларим бугун жудаям асқатди. Тадбир давомида тенгдошларимиз билан ўзаро фикр алмашдик.   Фестиваль биз учун ҳақиқий маҳорат дарси бўлди.

Фестиваль доирасида уюштирилган иқтидорли ўғил-қизларнинг тасвирий ва амалий санъат асарлари, халқ ҳунармандлиги буюмлари кўргазмаси ва вилоятимизнинг ёш мусиқачилари иштирокидаги концерт дастури барчага манзур бўлди.

С.АЛЛАЁРОВА

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Собир Нарзиев олган суратлар.