Тиббиёт 08.02.2019 402

Янгиланган эндокринология тизими: ЯНА ЯРИМ ЙИЛДАН СЎНГ ЭНГ МУРАККАБ АМАЛИЁТЛАР ҲАМ БАЖАРИЛА БОШЛАЙДИ

Тиббиёт ва ислоҳот

Янгиланган эндокринология тизими:

ЯНА ЯРИМ ЙИЛДАН СЎНГ ЭНГ МУРАККАБ АМАЛИЁТЛАР ҲАМ БАЖАРИЛА БОШЛАЙДИ

Шу кунгача вилоятимизда эндокринология хизмати кўрсатадиган ягона диспансер 1980 йилда ташкил этилган бўлиб, ишлаш тизими ҳамон эскича эди.  2018 йилнинг 13-14 декабрь кунлари Президентимизнинг Қашқадарёга ташрифи давомида Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиалининг очилиши эса вилоят аҳли учун муҳим воқелик бўлди. 150 ўринга мўлжалланган ушбу тиббиёт маркази диабетик нефропатия, умумий эндокринология ва болалар, қалқонсимон без касалликлари, эндокрин жарроҳлик, диабетик тўпиқ жарроҳлиги, лаборатория-диагностика каби бўлимлар, 50 қатновга мўлжалланган поликлиникани ўз ичига олади.

- Энг сўнгги русумдаги 60 турдан зиёд тиббиёт жиҳози ва аппаратлар касалликларни барвақт аниқлаш ва самарали даволаш имконини беради, - дейди филиал бош шифокори Бобир Тешаев. - Бунинг учун ходимларимиз Республика тиббиёт марказида тажриба оширди. Бир қанча ёш кадрлар ишга олинди.  Шунингдек, шифокорларимиз чет элда ўқиб келишди. Натижада яна ярим йилдан сўнг мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўз мутахассисларимиз бажара бошлайди.

Маълумки, қандли диабет ижтимоий касаллик ҳисобланиб, даволаниш бепул амалга оширилади. Бош шифокорнинг таъкидлашича, бу ерда даволанаётган ҳар бир бемор учун давлат томонидан бир кунда 15 минг  сўм атрофида дори-дармон ва 6500 сўм овқат учун ажратилади.

- Авваллари беморлар 100-120 километр йўл босиб даволаниш учун келар, жой бўлмаса яна шунча     масофа босиб қайтиб кетишарди, - дейди нефропатия бўлими бошлиғи Жамшид Ярмамедов. - Бу оворагарчиликнинг олдини олиш мақсадида яна бир янгилик яратилди. Яъни  филиал томонидан туманлар кесимида йўлланма ташкил қилинди. Энди беморлар ўз туманларида кўрикдан ўтганларидан сўнг навбат билан даволангани келади. Жой муаммо бўлмайди. Бир ой давомида ушбу тизим орқали 300 киши даволаниб кетаяпти.

- Вилоятимизда бундай замонавий шифо маскани ишга тушиши биз каби беморлар учун қанчалар қувончли бўлганини сўз билан таърифлаш қийин, - дейди    Нишон тумани Ширинобод маҳалласилик Суюн Хўжамбердиев. - Кўп йиллардан буён диабетдан азият чекиб келаман.  Аввалги касалхонада ётиб даволаниш жуда оғир, мажбурдан келардик. Иситиш тизими мутлақо ишламас, ичимлик суви йўқ, поллари тешилиб кетган, хонада сувараклар кезиб юрарди. Ҳозирги шароитлар учун қанча миннатдор бўлсак кам.

Филиалдаги асосий янгиликлардан яна бири республикада ягона Диабет мактаби фаолияти йўлга қўйилганидир. Мактаб алоҳида ўқув хонасига эга бўлиб, кўргазмали қуроллар билан таъминланган. Малакали ҳамширалар қандли диабетга чалинган беморларга ўзини  ўзи назорат қилиш, касалликнинг келиб чиқиш омиллари, унинг олдини олиш йўлларини ўргатади.

Мавжуд имкониятлари мамлакат миқёсида ҳам юқори саналадиган мазкур илмий-амалий тиббиёт маркази ҳудуд аҳолисининг талаб ва эҳтиёжларига асосан фаолият бошлади. Энг асосийси, барчаси "ислоҳот - ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун" деган мақсадни рўёбга чиқармоқда.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.