Жамият 21.05.2019 160

ЯШИРИН ЦЕХ ОЧИБ, ЭЛЕКТРДАН НОҚОНУНИЙ ФОЙДАЛАНИШГАН

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Чироқчи туман бўлими бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан ҳамкорликда Сувлиқ маҳалласида ўтказилган тадбирда фуқаро Н.Т. ҳовлисидаги ёрдамчи хўжалик хонасида қўлбола усулда ясалган жувоз ўрнатгани, чигитдан истеъмол учун яроқсиз ёғ ишлаб чиқараётгани, электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, туман электр тармоқлари корхонасига 15 миллион 800 минг сўм миқдорида моддий зарар етказгани аниқланди.

Истеъмолчиларнинг соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқарилаётган хонадан бир комплект жувоз ускунаси ва 3 миллион сўмлик товар-моддий бойликлар ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинди.

Яна бир ҳолатда Дўстлик қишлоғида яшовчи А.Б. ҳам ўз хонадонида қўлбола жувоз ускунасини ўрнатиб, электр тармоғига ўзбошимчалик билан улангани, электр таъминоти корхонасига, 6 миллион сўм зарар етказгани маълум бўлди. Яширин цехдан эса 2 комплект жувоз ускунаси ва 6,4 миллион сўмлик маҳсулотлар  хатлаб олинди.

Қонунбузарларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланади.

Тўлқин ҚУРБОНОВ,

департаментнинг вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи