Тиббиёт 14.05.2019 57

ЮҚОРИ ҚОН БОСИМИГА ЭНГ МАҚБУЛ ДАВО

Мутахассис тавсияси

Илгари юқори қон босими кўпроқ қарияларни безовта қилган бўлса, бугун бу ҳол ҳатто куч-қувватга тўла ёш-ялангда ҳам тез-тез учраётгани янгилик бўлмай қолди. Соғлигимизга сал эътиборсизлик қилсак, миокард инфаркти ҳамда инсульт сингари хавфли касалликларни орттириб олиш ҳеч гап эмас. Тўғри, замонавий тиббиётда ушбу хасталикларни даволаш борасида катта ютуқларга эришилди. Аммо шунга қарамасдан, қон босими кўтарилиши туфайли  юзага келадиган дард билан оғриш ҳолати ошса ошдики, асло камайгани йўқ. Ўз навбатида, аксарият кишилар юқори қон босимидан бир муддат халос бўлиш учун асосан дори воситалари, турли препаратларга мурожаат қилишмоқда. Бироқ буни олдини олишнинг табиий, шу билан бирга, камхарж усули мавжудлигидан ҳамма ҳам етарлича хабардор эмас. Айтмоқчи бўлганимиз, шифобахш табиий неъмат - лавлагидир. Қуйида шу ҳақда батафсил сўз юритамиз.

У нега кўтарилади?

Аввал шу саволга жавоб берсак. Бунинг сабаби турлича бўлиши мумкин. Маълумки, қон танамиздаги томирлар бўйлаб доимий айланиб, барча тўқима ва ҳужайраларни кислород, муҳим озиқа билан таъминлайди, карбонат ангидрид ва бошқа кераксиз моддалар танани тарк этишига кўмаклашади. Агар одам тинч ҳолатдан ақлий, жисмоний фаол меҳнат қилишга ўтса, қон айланиши ҳам жадаллашади. Юрак уриши тезлашади, қисқариши кучаяди, қон босими керагича кўтарилади. Бунда қон томирлари эластиклиги ҳамда марказий нерв системасининг тегишли қисмларидан уларга борадиган импульслар муҳим роль ўйнайди. Кексайган сари, киши қон томирларида эластиклик камаяди. Натижада керакли миқдордаги қонни ҳайдаш учун юрак кучлироқ қисқариши керак бўлади. Бу ҳолат ўз-ўзидан қон босимини оширади. Қарияларда қон босими бир мунча юқори бўлиши боиси ҳам шундан, яъни бу меъёр ҳисобланади.

Бошқа бир сабаби, одам ҳаяжонланганда, асабийлашганда, руҳан эзилганда ҳам нерв импульслари қон томирларини торайтиради. Бу эса қон оқишига тўсқинлик қилади, юрак кучли қисқара бошлайди. Оқибатда қон оқиши сусайиб, унинг ташиш функцияси пасайиб кетади. Киши доим ҳаяжонда бўлар, асабийлашиб ҳаёт кечираркан, ёши, жинсидан қатъи назар юқори қон босимини ўзига ҳамроҳ қилиб олади.

Яна бир жиҳати, қонда холестерин кўплиги томирларда тошмалар ҳосил бўлишига, улар эса қон оқишини қийинлаштириб, босим ошишига олиб келади. Шу тариқа, қон босимини туширишда асосий эътибор қон томирлари торайишини бартараф қилишга қаратилиши керак. Тегишли дори-дармонлар, чора-тадбирларни қўллашдан кўзланган мақсад ҳам шу аслида. Масалан, магний элементи ва унинг бирикмаларини қабул қилиш тинчланиб уйқуга кетишга ёрдам беради. Тана мускуллари, тери ва бўғимларни аста-секин уқалаш, очиқ ҳавода озмунча сайр қилиш натижасида эса торайган қон томирлари маълум даражада ўз ҳолига келади, босим пасаяди.

Нима учун айнан лавлаги?

Қон томирлари торайиши олдини олишда биз истеъмол қиладиган кўпгина сабзавотлар, жумладан, лавлаги, сабзи, карам, бодринг, шунингдек, айрим мева-чева жуда асқатади. Таомланишда ҳам улардан имкон даражасида кўпроқ фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Аҳамиятлиси, нафақат гипертония, балки    бошқа бир қанча хасталиклардан сақланишда қизил лавлаги энг фойдалисидир. Биринчидан, уни томорқа шароитида етиштириш осон. Қолаверса, қиш-қировли кунларда ҳам яхши сақланади, исталган пайтда  топиш муаммо туғдирмайди.

Эрамиздан аввалги даврда яшаб ўтган Гиппократ ҳам лавлагининг   бисёр шифобахш хусусиятларини эътироф этган. Жароҳатни тузатиши, шиш қайтариши, умумий соғлиқни сақлаши шулар сирасига киради.  Бундан ташқари, мазкур сабзавотдан ҳалқ табобатида ичакларни тозалаш, жигар, ўт қопи хасталикларини тузатишда фойдаланиб келинган. Лавлаги ва ундан тайёрланган шарбатларнинг қон босимини пасайтириш хусусияти бундан 10 йил бурун очилган. Ҳозирги кунда шу йўл билан ушбу дардга йўлиққанларга яхшигина ёрдам берилмоқда. Энг муҳими, қизил лавлагини мунтазам истеъмол қилиб туриш қон томирлари эластиклигини яхшилаб, гипертониянинг олдини олади.

Тадқиқотларда ҳам бу нарса ўз исботини топган. Лавлагини ейишни канда қилмайдиган кишилар орасида қон босими баланд бўлганлари бошқаларга қараганда анча кам учраган, касалланганлар эса анча тез шифо топган. Лавлагининг шифобахшлиги таркибида анор, олма, клюква, помидор, апельсин, сабзига қараганда қуйидаги моддаларнинг сероблиги билан изоҳланади.

Аввало, лавлаги магний ва калий тузларига бой бўлиб, бу юрак қон-томирлари учун асқатади, қонда холестеринни кўпайтирмайди, тошмалар ҳосил бўлишига йўл қўймайди. Унинг таркибида темир моддаси, фолий кислотаси (витамин B9), B1, B2, C ва PP витаминлар ҳам мўл бўлиб, бу ҳолат туфайли анемия  (камқонлик), моддалар алмашинуви бузилиши, нерв системаси хасталиклари олди олинади. Айтиш жоизки, лавлагида витамин B9 ёки фолий кислотаси бошқа сабзавот маҳсулотларига қараганда анча сероб. Ундан 100 грамм истеъмол қилиб, ушбу витаминга бўлган кунлик талабнинг 27 фоизини қондириш мумкин. Яна шунча илдизмевадан марганец микроэлементига бўлган кунлик талабнинг 16 фоизини олиш мумкин. Бу моддалар ҳомиладорлик жараёни юзага келиши, эмбрионнинг шаклланиши, яхши ривожланиши учун жуда зарур. Шунинг учун бўлажак оналарнинг лавлагидан кераклича фойдаланиши муҳим аҳамият касб этади.

Лавлагида номланиши бир-бирига ўхшаш икки гуруҳ бирикмалар, яъни бетанин ва бетаинлар бўлиб (ушбу номлар лавлагининг лотинча "бета вульгарис" деб аталишидан олинган), улар кучли оксидантлар қаторига киради. Бетанин ва бетаинлар вужудни қаритадиган ҳамда атеросклероз ва генларда мутация чақириб, саратон касаллигини келтириб чиқарадиган эркин радикалларни йўқотади, танада ҳосил бўладиган заҳарли моддаларни нейтраллайди. Лавлаги шарбатида бошқа маҳсулотларда кам учрайдиган микроэлементлардан фосфор, рух, олтингугурт, молибден, кобальт, мис, цезий бўлиб, улар организмнинг умумий ҳолатини яхшилаб туради.

Айни шифобахш хусусиятлари боис лавлаги гипертонияли беморлар ва бу касаллик билан оғришга мойил кишиларга тавсия қилинади.

Уни қандай истеъмол қилган маъқул?

Энди ушбу илдизмевани тановул қилишга доир асосий жиҳатлар ҳақида фикр билдирсак.  Сир эмас, лавлагини ҳам пишириб ейиш, ҳам шарбатини олиб ичиш мумкин. Пиширилган сабзавотда унинг фойдали хусусиятлари бироз камаяди, чунки юқори ҳарорат кўпгина витаминлар ҳамда биологик фаол моддалар сезиларли даражада парчаланишига олиб келади. Шунинг учун кўпроқ унинг шарбатидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. 

Шу нарсани эсдан чиқармаслик керакки, тайёрланган шарбатни   дарҳол ичиш мумкин эмас. Уни камида икки соат совуткичда оғзи очиқ ҳолда сақлаб, кейин истеъмол қилиш керак. Акс ҳолда у таркибидаги вақти билан учиб кетадиган айрим моддалари туфайли кўнгилни айнитиб, кишини беҳузур қилади, бўшаштириб юборади. Ушбу шарбатни ичиб юрмаганлар учун бир кунда ўртача меъёр 50 миллилитр ҳисобланади, уни ҳам иккига бўлиб овқатдан       10-15 дақиқа олдин ичиш керак. Шарбатнинг юқоридаги каби салбий хусусиятларини камайтириш мақсадида унга сабзи ёки олма шарбати қўшиб ичиш зарар қилмайди. Бундай аралашма витаминлар ва биологик фаол моддаларга бойлиги боис янада фойдалироқ бўлади.

Хорижлик олимлар томонидан лавлаги шарбатининг қон босимини камайтириши борасида ўтказилган тадқиқотларга кўра, ҳар куни ўртача 250 миллилитр шарбат ичиб турадиган гипертонияли респондентларнинг ҳам максимал (систолик), ҳам минимал (диастолик) кўрсаткичлари 10 миллилитр симоб устунига пасайган ва бу ҳолат 24 соатгача сақланган. Яна шу нарса диққатга сазоворки, нафақат лавлагининг шарбати, балки уни пишириб нон билан истеъмол қилиш ҳам қарийб шундай натижаларга олиб келар экан.

Маълумки, кўпинча қиш, баҳор ойларида пиширилган қанд лавлаги нон билан еб турилади. Қанд оқ лавлаги таркиби жиҳатидан қизилидан қолишмайди. Ушбу одатни давом эттириш, боз устига бундай шифобахш неъматдан фойдаланишни янада яхшилаш, жойларда (ошхоналар, чойхоналар ва бошқалар) лавлагили таомлар ассортиментини кўпайтириш халқимиз саломатлигини сақлашда, айниқса, гипертония хасталиги олдини олишда муҳим қадам бўлади. 

Кимларга тавсия этилмайди?

Лекин шуни ҳам эътиборга олиш керакки, лавлаги шарбатини ичиш ёки уни пишган ҳолда истеъмол қилиш ҳаммага ҳам хуш келмайди. Айтиб ўтганимиздек, лавлагидаги моддалар қон томирини кенгайтиради. Ундан қон босими паст бўлганлар (гипотониялилар) истеъмол қилиши мумкин эмас. Яна уни буйрак касалликлари (гломерулонефрит,  пиелонефрит ва бошқалар), сийдик пуфаги, буйраклар ва ўт пуфагида тоши бор беморлар, подагра, ревматоид артрит, қандли диабет касалликлари борлар, меъда ширасида кислоталилик юқори бўлганлар, ошқозон-ичак ярали хасталиклар ҳамда сурункали ичбуруғ (диарея), жиғилдон қайнаш (зарда) касали борлар истеъмол қилмагани маъқул. 

Лавлагининг томирларни кенгайтириб қон босимини пасайтириши ундаги нитратларнинг ишидир. Илдизмева билан қабул қилинган ушбу модда организмда олдин нитритларга, кейин эса азот оксидига айланади. Охирги модданинг томирларни кенгайтириш хусусияти эса азалдан маълум. Шу нарсани ҳам инобатга олиш керакки, лавлагининг томирлар эластиклигини ошириш хусусияти туфайли уни ва шарбатини тегишли миқдорда истеъмол қилиб юрган спортчиларнинг амалдаги  натижалари юқори  бўлган. Ушбу ҳолат велосипедчиларнинг маълум масофани тезроқ босиб ўтишида исбот қилинган. Томирларнинг кенгайиши билан улардан қон оқиши тезлашиб, мускул ҳужайраларига кўпроқ кислород ва озиқ моддалар етказиб берилади, бунга жавобан уларнинг қисқариши кучайиб тезлашади. Яна кексайиб, ақлий фаолиятнинг пасайиш ҳолатларининг олдини олишда ҳам қон томирларининг ёшга боғлиқ ва бошқа сабабларга кўра таранглигини лавлаги шарбатини истеъмол қилиш билан маълум даражада камайтириш мумкин.

Хулоса ўрнида айтганда, лавлаги турли дори воситаларидан кўра юқори қон босимига яхши даво бўла олади. Ҳар ҳолда шифобахш неъмат, табиийсига нима етсин?! Ундан зарур тавсиялар асосида ўз ўрнида фойдаланилса, саломатлигимизни сақлаш борасида муҳим иш қилган бўламиз.

Шониёз ҚУРБОНОВ,

биология фанлари доктори, профессор