Спорт 21.05.2019 107

ЮГУРИШ МАРАФОНИДА - ҚАРШИ ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ ТАЛАБАЛАРИ ҒОЛИБ

Ёшларга оид давлат сиёсати – амалда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 декабрдаги "Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ҳамда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва ижтимоий-маънавий соҳадаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича бешта муҳим ташаббус асосида вилоятимиздаги олий таълим муассасалари талабалари ўртасида югуриш марафони ўтказилди.

Вилоят ҳокимлиги, жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, алоқадор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган мусобақада талаба-ёшлар Қарши ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатидан маданият ва истироҳат боғида жойлашган амфитеатргача бўлган масофани югуриб ўтишди.

Ўғил болалар ўртасида 1-ўринни Қарши давлат университети талабаси Исломбек Раҳматов қўлга киритган бўлса, қизлар ўртасида ҳам шу университет талабаси Гўзал Жўраевага етадигани топилмади.

- Ҳар куни тонгда югураман, бунинг ортидан ўзимни кун бўйи тетик ҳис қиламан, - дейди мусобақа қатнашчиси, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти талабаси Гулбадан Саидмуродова. - Бугун эса тезкорлик, чаққонлик синовдан ўтди. Спорт билан жамоа бўлиб шуғулланилса, машғулот мазмунли ўтиши югуриш марафонида ҳам ўз исботини топди.

Мусобақа ғолиб ва совриндорларига ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди.

СОЖИДА