Жараён 20.09.2019 112

"ЮКСАЛИШ" УМУММИЛЛИЙ ҲАРАКАТИ ВИЛОЯТ БЎЛИНМАСИ РАСМАН ФАОЛИЯТ БОШЛАДИ

Куни кеча яна бир нодавлат нотижорат ташкилоти - "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати вилоят бўлинмаси адлия бошқармаси томонидан тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, "Тараққиёт стратегияси" маркази, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва кенг жамоатчиликнинг таклифи инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида"ги фармонининг 25-бандига мувофиқ "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш белгиланган эди.

Фармонда Ҳаракатнинг мақсад ва вазифаларига ҳам ойдинлик киритилган бўлиб, ушбу нодавлат нотижорат ташкилоти мамлакатда режалаштирилган ислоҳотларни, шу жумладан, "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили" Давлат дастурини амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида фуқаролар, хорижда яшаётган ватандошлар ва ННТни ихтиёрийлик асосида бирлаштиради. Халқ ва бизнес ҳамжамияти билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, жамоатчилик назоратининг самарали тизимини шакллантириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, шунингдек, ёшларнинг саъй-ҳаракатлари ва кучини шу мақсад йўлида сафарбар этиш вазифасини амалга оширади.

Шу билан бирга, ислоҳотларнинг амалга оширилиши жараёнини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида муҳокама қилишда фаол иштирок этади. Парламент, Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига таҳлилий ахборот ва таклифларни мунтазам киритиб бориш ҳам "Юксалиш" умуммиллий ҳаракатининг  асосий вазифаси этиб белгиланган.

Бундан ташқари, Ҳаракат ислоҳотлар самараларини тизимли мониторинг қилиш, уни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш учун қўшимча чоралар кўриш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, бу тўғрисидаги ахборотларни умумлаштириш ҳамда якунларини аниқ кўрсаткичлар ва эришилган ижобий ўзгаришларни акс эттирган ҳолда эълон қилишда иштирок этади.

Яна қўшимча қилиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 февралдаги "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати - нодавлат нотижорат ташкилоти ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан давлат бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз фаолиятини нодавлат нотижорат ташкилотларнинг мустақиллиги ва улар фаолиятига аралашмаслик принципларига қатъий риоя қилган ҳолда Ҳаракат билан ўзаро яқин ҳамкорликда амалга ошириши белгиланган.

Хўш, Ҳаракатнинг фаолияти натижалари нималарда кўриниши кутилаяпти?

Биринчи навбатда, ушбу нодавлат нотижорат ташкилоти фуқаролар билан давлат органлари ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажаришга эришиши лозим. Яъни, халқ хўжалигининг барча тармоқларида амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари чекка-чекка қишлоқлар аҳолиси ҳаётида ҳам тўкис акс этишини таъминлаш, ўзгаришлар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, фуқароларда дахлдорлик ҳиссини янада юксалтириш, уларнинг сиёсий билими ва дунёқарашини кенгайтириш ҳамда ижтимоий  фаоллигини ошириш, жойлардан тушадиган таклифлар, ташаббусларни тегишлилиги бўйича юқори органларга тақдим этиш, жамоатчилик назорати механизмларидан самарали фойдаланиш ва пировардида Ўзбекистонда кучли фуқаролик жамияти барпо этиш асосий мақсаддир. Бу йўлда "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати Ватан тараққиётига бефарқ бўлмаган барчани бирлаштиради!

Т.ЁҚУБОВ,

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати вилоят бўлинмаси раҳбари