Тиббиёт 21.06.2019 103

ЗАМОНАВИЙ ЭНДОУРОЛОГИК ДАВОЛАШ УСУЛЛАРИ

Халқаро форум

ЗАМОНАВИЙ ЭНДОУРОЛОГИК ДАВОЛАШ УСУЛЛАРИ

анъанавий "очиқ" усуллардан кўра бир қанча устунликларга эга

Шаҳрисабз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ҳамда U-merge ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган "Замонавий эндоурология" I халқаро илмий-амалий форумида Германия, Буюк Британия, Россия, Покистон, Хитой, Вьетнам, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистондан ҳамда республикамизнинг барча минтақаларидан урология соҳаси етакчи мутахассис-олимлари ҳамда амалиётдаги шифокорлар иштирок этишди.

Эндоурология соҳасида даволашнинг янги усуллари ишлаб чиқилиши унинг улкан истиқболини белгиламоқда. Анъанавий "очиқ" усуллар билан таққослаганда лапароскопик ва эндоскопик усулларнинг бир қанча устунликлари бор. Бу аввало, камжароҳатлилиги - зарарланган аъзога ҳеч қандай жароҳатларсиз етиб бориш, бундан ташқари,  юқори аниқликдаги кўриниш орқали операциянинг ҳамма босқичларини максимал даражада сифатли ва тўғри бажариш ва асоратларни камайтириш имконини беради.

- Форумнинг  асосий мақсади ёш урологларимизни замонавий кам жароҳатли эндоурологик даволаш усуллари билан таништириш, шу соҳада энди иш бошлаётган шифокорларимизни дунёдаги энг тажрибали эндоурологлар билан тажриба алмашишига шароит яратишдан иборат, - дейди Тошкент врачлар малакасини ошириш институти урология ва андрология кафедраси мудири, профессор Асилбек Ғайбуллаев. – Ҳозир Ўзбекистонда илгаригидан фарқли равишда деярли барча вилоят шифохоналарига эндоурологик асбоб-ускуналар келтирилмоқда. Бундан ташқари, шу тоифа касалликларига ихтисослашган юздан ортиқ хусусий клиникалар ташкил этилиб, улардаги докторлар ҳам бу усулларни ўзлаштирмоқда. Мана шу шифокорларни бир тизимга  солиб ишлатиш ва нуфузли клиникаларда малакасини ошириш имкониятини яратиш учун учта катта клиника, яъни Европанинг эндоурологик билимлар берадиган   U-MERGE нодавлат ассоциацияси, Россиянинг Ростов тиббиёт академияси ва Покистоннинг Карачи тиббиёт университети урология кафедраси билан меморандумлар имзоланди.

Форум доирасида Китоб туманидаги "Саломатлик академияси"да энг замонавий технология асосида ўтказилган простата бези аденомаси операцияси онлайн режимда трансляция қилинди. Унда лазер ёрдамида простата бези аденомаси эникуляция қилинди. Шунингдек, зарарсиз усулда буйрак тош операцияси ўтказилиб, буйракдаги тош майдалаб олиб ташланди.  

- Ҳозирги пайтда Ўзбекистон эндоурологлари яхши билимга эга ва замонавий техникаларни пухта ўзлаштиришаяпти, - дейди ушбу операцияни ўтказган хитойлик эндоуролог Фан Жавзи. - Мен ўйлайманки, ҳозир тайёрланаётган врачлар мана шу ускуналар ёрдамида мураккаб операцияларни ўтказа оладиган зўр мутахассис бўла олишади. Биз бугун ўтказган лазер асосидаги простата бези аденомаси операцияси ҳам ана шундай илғор тиббий хирургик амалиёт ҳисобланади.

Шунингдек, анжуманда урологиянинг замонавий эндоскопик хилма хил даволаш ва текшириш усуллари, шу жумладан, простата, сийдик канали ва қовуқ касалликларида эндоскопик жарроҳлик амалиётлари, буйрак ва юқори сийдик йўлларида рентгеноэндоскопик операцияларни ўтказиш, уролитиаз эндоурологияси, урологияда эндохирургия истиқболлари, пастки сийдик йўллари эндоурологияси, трансуретрал операцияларни ўтказиш мавзуларида маърузалар ва маҳорат машғулотлари бўлиб ўтди.

Икки кун давом этган форумда иштирокчилар ўзаро тажриба алмашиб, ўзлари учун керак бўлган маълумотларни олдилар.

Ш.БОЗОРОВА