Иқтисодиёт 05.04.2019 76

ЗАМОНАВИЙ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ МАЖМУАСИ

Ёшлар тадбиркорлиги

Бўламан деган бола бошидан маълум, дейди халқимиз. Фарзандингиз ёшлигиданоқ пулни пулга чақиб, ҳалол меҳнат билан 1 сўмни 2 сўм қилиб келаяптими, шунга қўйиб беринг. Демак, унда ишбилармонлик қобилияти бор, бир кун келиб кўзга кўринган тадбиркор бўлиши ҳеч гап эмас. Аҳамиятлиси, бугун мамлакатимизда ёшларнинг тадбиркорлик билан машғул бўлиши учун барча имконият бор. Уларнинг ташаббус ва интилишларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун ҳам муҳим асос яратилган. "Ёшлар - келажагимиз" давлат дастури шулардан биридир.

Мазкур дастур косонлик бир қанча ёшлар учун ҳам айни муддао бўлди. Ўз бизнес-ғоясини амалга оширишни ўйлаб юрган айрим ишбилармонларга ўтган йили бу борада зарур кўмак кўрсатилди. 17 нафар ташаббускорнинг ғояси маъқул топилиб, уларга тегишли жамғарма томонидан 4 миллиард сўмдан ошиқ молиявий кўмак ажратилиши чораси кўрилганди. Ушбу лойиҳаларнинг аксарияти аллақачон ўз самарасини бера бошлаган.

Мисол учун, тумандаги "Косон транс сервис" масъулияти чекланган жамияти ҳудудда аҳолига ташиш хизмати кўрсатиб келаётганди. Корхона раҳбари Жавлон Ҳусанов мавжуд салоҳият ва имкониятини чамалаб, фаолиятни диверсификациялашга, янги тармоқларни йўлга қўйишга аҳд қилди. Лойиҳани тайёрлаб, жамғармага тақдим этди. Фурсат ўтиб, ташаббус қўллаб-қувватланди. Тадбиркорга бизнес-ғоя рўёби учун 650 миллион сўм имтиёзли кредит ажратиб берилди.

- Биз танлаган тармоқлар аввалги фаолиятимиз йўналишидан узоқ эмас, - дейди ёш ишбилармон. - Транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш, автомобилларни ювиш шохобчаси шулар жумласидан. Ишни мажмуа сифатида ташкил этдик. Шохобчаларни зарур аппаратура ва дастгоҳлар билан жиҳозладик. Бугун бу ерда тўлақонли хизмат кўрсатилмоқда. Шунингдек, меҳмонхона хизматини йўлга қўйдик. Бир мартада 30 нафаргача меҳмонни қабул қилиш қувватига эга замонавий отель барпо қилдик.

Албатта, замонавий мажмуага малакали ишчилар керак. Тадбиркор тегишли лойиҳа доирасида 60 нафар кишини ишли қилишни таклиф этган. Бугунги кунда эса 40 ишчининг мустаҳкам даромад манбаига эга бўлишига шароит яратилган. Ёш ишбилармон келгусида яна қўшимча тармоқлар, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш орқали мазкур мўлжалга етишни кўзда тутган.

Суратларда: мажмуа фаолиятидан лавҳалар.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.