Тиббиёт 27.08.2019 174

ЗАМОНАВИЙ ТЕХНИКА, СЎНГГИ ТЕХНОЛОГИЯ ВА ЗАРУР ШАРОИТ

Тиббиёт ва ислоҳот

ЗАМОНАВИЙ ТЕХНИКА, СЎНГГИ ТЕХНОЛОГИЯ ВА ЗАРУР ШАРОИТ

хўш, бундан унумли фойдаланилаяптими?

Тиббиёт - инсон ҳаёт мезонига бевосита таъсир этадиган соҳа. Шу боис унда бўладиган ҳар қандай ўзгариш, ислоҳот тезда кўзга ташланади, самаралари юзага чиқади.

Узоққа бормайлик, биргина вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида муассаса биноларини замон талаблари асосида таъмирлаш, янгиларини қуриш, илғор тиббий ускуналар билан таъминлаш, дори-дармон етказиб бериш сифатини ошириш, тиббиёт ходимлари малакасини узлуксиз юксалтириб бориш бўйича кейинги йилларда амалга оширилган ишлардан аҳоли мамнун. Бу ерга даво истаб келувчиларга аввало замонавий технологиялар асосида ташхис қўйилиб, муолажа олишларида илғор тажрибаларга таянилаётгани, мураккаб жарроҳлик амалиётларининг йўлга қўйилгани беморлар учун айни муддао.

- Марказ 421 ўринга мўлжалланган бўлиб, 25 та даволаш-профилактика ва ўндан зиёд ёрдамчи бўлимлар ишлаб турибди, - дейди муассаса бош шифокори Тўлқин Расулов. - 100 нафарга яқин малакали шифокор ва 500 нафарга яқин ўрта тиббиёт ходимлари аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Айни пайтда марказимиз зарур тиббий жиҳозлар ҳамда янги технологик ускуналар билан таъминланган. Масалан, вилоятда ягона кўп функцияли рентген аппарати ўпка, жигар, кўкрак қафаси, бўғим, суяк чиқиши ва синишлари, бир қанча ички аъзоларни яққол кўрсатиб, касаллик ташхисини аниқ қўйиш имконини беради.

Дарҳақиқат, беморни даволаш ишлари самарасини аввало тўғри ташхис белгилайди. Бугунги замонавий тиббиётда эса бу борадаги имкониятлар анча кенг бўлиб, илғор тиббий технологиялар бунда қўл келаяпти. Энди даволаш ишларида ҳам улардан самарали фойдаланилаётганини эътироф этиш жоиз.

- Жорий йилнинг май ойида бўлимимизга янги магнитли терапия аппарати олиб келинди, - дейди физиотерапия бўлими бошлиғи Насиба Боймуродова. - Ундан таянч-ҳаракат аъзолари касалликлари,  ҳар хил бўғим артрит ва артрозлари, периферик нерв тизими хасталиклари, невралгия, турли жароҳатлар, қандли диабет асоратлари кабиларни даволашда фойдаланилади. Қон-томир жарроҳлик ва травматология бўлимларига олиб келинган электрохирургик коагулятор эса операциялар жараёнида қон кетишини тўхтатиш учун қўлланилаётгани эътиборга молик.

Яқин-яқингача "Урология йўналишида энг мураккаб касалликларни ҳам самарали даволай олиш имкониятига эга давлатлар қайси?" деган савол ўртага ташланса, бу борада Германия, Италия ва АҚШ етакчи сифатида тилга олинарди. Бугун улар қаторида Ўзбекистон номи ҳам ҳақли равишда эътироф этилаяпти. Сабаби, илғор мамлакатлар тиббиётида жорий қилинган даволашнинг деярли барча замонавий усуллари эндиликда ўзимизда ҳам мавжуд.

- Урология бўлимида йўналишга оид энг мураккаб амалиётларни ҳам бажариш йўлга қўйилди, - дейди Тўлқин Расулов. -   Шу билан бир қаторда мутахассисларимиз мавжуд илғор тиббий аппаратлар ёрдамида одам бош миясидаги патологик ҳолатлар, яъни ўсмалар, қон айланиши бузилиши, қон босимининг ошиб кетиши ҳолатларини бехато аниқлаш амалиётини яхши ўзлаштириб олишди. Лаборатория бўлимида ПЦР усулида ва тезкор таҳлиллар асосида 200 турга яқин текширишлар ўтказилаяпти.

Маълумки, ҳар қандай соҳа истиқболи кадрлар салоҳиятига боғлиқ. Хусусан, тиббиётнинг ҳам. Гарчи, энг замонавий аппаратлар, сўнгги технологиялар ёрдамидан фойдаланиш имконияти кенгайиб, уларни самарали қўллаш малакаси етарли бўлмаса, кутилган натижа чиқмайди.

- Шундан келиб чиқиб, мутахассисларимизни Корея, Туркия, Россия каби давлатларнинг илғор тиббиёт муассасаларига тажриба алмашиш учун юбораяпмиз, - дейди Тўлқин Расулов. - Бу борада Корея ва Россия давлатлари билан меморандум имзоланиб, айни пайтда 3 нафар шифокоримиз хорижда малака оширмоқда.

Албатта, кечаги тиббиёт билан бугунгисини солиштириб бўлмайди. Чунки даволаш, ташхис соҳасида жуда тез ўзгаришлар бўлаяпти, янги тадқиқотлар, илғор тажрибалар натижалари амалиётга шиддат билан кириб келмоқда. Шунга монанд, касалликлар тури ва кўринишлари ҳам ортиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Бундай шароитда ўқиш-изланишдан, ҳаракатдан тўхташ ярамайди. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази фаолиятига назар ташлаб, ана шу ҳақиқатни   муассаса жамоаси  теран  англашини ҳис этдик. Зеро, мамлакатимизда тиббиёт  соҳасида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар самараларини халқ улар воситасида кўради, сезади.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.