Жараён 27.11.2018 104

ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАРИ – ЯНГИ ЗАМОН БУНЁДКОРЛАРИ

Фестиваль

ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАРИ  –  ЯНГИ ЗАМОН БУНЁДКОРЛАРИ

Ўтган якшанба куни вилоятимизда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг йигирма олти йиллиги муносабати билан “Ўзбекистон ёшлари  - янги замон бунёдкорлари” шиори остида ёшлар фестивалига старт берилди.

Тадбирларнинг биринчи куни вилоят “Ёшлар маркази”да ўтказилган матбуот анжумани билан бошланди. Сўнг ҳудудларда “Ёшлар кутубхонаси”, “Ўзбекистон Қуролли Кучлари – матонатли ёшларнинг ҳаёт мактаби”,  “Ёшлар билан очиқ мулоқот”, “Ҳоким ва ёшлар”, “Конституция ҳафталиги”, “Фарзандлик бурчим”, “Алпомиш издошлари” каби 20 дан ортиқ лойиҳалар доирасидаги тадбирлар ташкил этилди. Айниқса, “Бизнес-саёҳат”, “Ёшлар нашрлари кунлари”, “Менинг далам – менинг фахрим” (вилоятимиз фермерлари томонидан етиштирилган маҳсулотлар кўргазмаси) мавзуларидаги тадбирлар ёшларимизда ўзгача қизиқиш уйғотмоқда.

Хусусан, “Ёшлар билан очиқ мулоқот” лойиҳаси доирасида ўтказилган Қарши шаҳар ҳокими Жамшид Фозилов ва ёшлар учрашуви давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган қатор саволларга жавоб олдилар. Нишон туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ўтказилган “Алпомиш издошлари” тадбирида маҳоратли боксчилар куч синашишди. “Ўзбекистон Қуролли Кучлари – матонатли ёшларнинг ҳаёт мактаби” лойиҳаси доирасидаги мулоқотда Ёшлар иттифоқи ташаббуси билан  чоп этилган бадиий китоблар жамланмаси ҳарбий қисм кутубхонасига топширилди.

Айниқса, фестиваль доирасида “Ёшлар - келажагимиз” жамғармасидан имтиёзли кредит олиб, ўз тадбиркорлигини бошлаган ёшларнинг корхона, иссиқхона ва цехларининг тантанали очилиш маросимлари ёрқин таассуротларга бой бўлаётир.

– Ёшлар иттифоқи кўмагида 150 миллион сўм кредит олиб, замонавий мебель маҳсулотлари ишлаб чиқаришни бошладим, - дейди касбилик Аъзам Панжиев. – Корхонани маҳалла ҳудудида ташкил этганимиз натижасида 8 нафар тенгдошим ҳам иш билан таъминланди.

Шунингдек, тадбир давомида имконияти чекланган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари совға-саломлар билан йўқланаяпти, улар учун тажрибали шифокор иштирокида бепул тиббий кўриклар ўтказилмоқда.

Ёшлар фестивали доирасидаги тадбирлар бугун ўз якунига етади.

С.АЛЛАЁРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.