Маданият 20.11.2018 97

“ЖАҲОН ХОЖАСИ” ҲАҚИДА ФИЛЬМ ЯРАТИЛДИ

Театр ва кино

“ЖАҲОН ХОЖАСИ” ҲАҚИДА ФИЛЬМ ЯРАТИЛДИ

Унда бош ролни қашқадарёлик актёр ижро этган

"Ўзбеккино" Миллий агентлиги "Бухорийлар" киностудияси томонидан "Хожаи жаҳон Абдухолиқ Ғиждувоний" ҳужжатли фильми ишланди. Александр Гамиров режиссёрлигида олинган фильмда Ғиждувоний сиймосини вилоят мусиқали драма театри актёри Шерзод Маҳмашукуров талқин этди.

Фильм Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 июлдаги "Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллигини ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида"ги фармойиши ҳамда 2018 йил 16 апрелдаги "Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижроси доирасида суратга олинди. Кўплаб мутахассислар эътирофига сазовор бўлган ушбу фильм тақдимоти жорий йилнинг 31 октябрь куни Алишер  Навоий номидаги киносаройда бўлиб ўтди. Фильмда фақиҳ - зоҳирий ва ботиний илмлар соҳиби Абдухолиқ Ғиждувонийнинг ҳаёт йўли, диний ва илмий қарашлари акс эттирилган. 

Маълумки, Абдухолиқ Ғиждувоний Бухоро вилояти Ғиждувон қалъасида 1103 йилда туғилган. Буюк мутасаввуф олим, нақшбандия тариқатининг ривожига муҳим ҳисса қўшган аллома, соҳиб каромат авлиё Хожаи Жаҳон (Жаҳон хожаси) номи билан бутун дунёга машҳур ва маълум. Унинг "Васоя", "Тариқат одоби", "Аз гуфтори Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний", "Мақомоти Юсуф Ҳамадоний" ёки "Рисолаи Соҳибия" каби асарлари машҳур. Аллома 1174 йилда Ғиждувонда вафот этган. "Хожагон" тариқатининг асосчиси, зоҳирий ва ботиний илмлар олими ўз таълимоти ва солиҳ турмуш тарзи билан шуҳрат қозонгач, ўша давр анъаналарига кўра унинг исмига туғилган жойининг номи, яъни Ғиждувоний қўшиб айтиладиган бўлди.

- Бу образни очиб бериш учун кўплаб маълумотларни ўргандим, улуғ аллома фаолияти бўйича мутахассислардан сўраб-суриштирдим, - дейди Шерзод Маҳмашукуров. - Умри мобайнида сўфийликнинг асосий қоидалари - "Тавба" - ҳақ йўлидан бориш, "Вараъ"- ҳеч кимга зиён етказмаслик, "Зухд" - бу дунё неъматларидан воз кечиш, "Фақр" - фақирликни қабул қилиш ва маънан ҳамда жисмонан доим йўлда бўлиш амалига қатъий риоя этгани ҳақида тушунчага эга бўлдим. Буюк олимнинг руҳий дунёсини ҳис этишга астойдил интилдим.

Ш.Маҳмашукуров 2011 йил Ўзбекистон давлат санъат институтини (ҳозирги санъат ва маданият институти) "Эстрада актёрлиги" йўналиши бўйича тамомлаб, вилоят мусиқали драма театрига ишга кирган. Кейинроқ ўзи таҳсил олган институтда магистратурада таҳсил олди.

У бир қанча фильмлардаги каттаю кичик роллари билан кино мухлисларига яхши таниш. Жумладан, "Узук"да Маҳмуд (2010 йил, режиссёр Андрей Арутюнёв), "Одамлар орасида"да ўғри (2010 йил, режиссёр Шавкат Жунайдуллаев), "Покистонлик чегарачи"да чегарачи (2011 йил, Жиззах вилоятида Хитой киноижодкорлари томонидан суратга олинган), "Ёзсиз йил"да куёвжўра (2012 йил, режиссёр Ҳотам Файзиев), "Тўйидан қочганлар"да кўча безори (2013 йил, режиссёр Суръат Исламов), "Муқаддас истак"да Зубайр (2016 йил, режиссёр Ҳилол Насимов) "Қотиллар ўйини"да Шокир (2017 йил, режиссёр Лазиз Ашуралиев), "Ҳаёт"да террорист (2018 йил, режиссёр Ҳилол Насимов) образларини гавдалантирган.

Шунингдек, театр саҳнасида "Хизматдамиз, хизматда" комедиясида совчи, "Имкон" драмасида "Жумонг", "Қирол Лир" трагедиясида Эдгар, "Алпомиш"да "Қоражон", "Оқсарой" драмасида Сулаймоншоҳ, "Адашганман"да Улаш, "Жаннатга йўл"да Йигит каби бир-биридан қизиқ ва мураккаб характерли образларни яратди.

Айни пайтда театр режиссёри Фарҳод Жумаев саҳналаштираётган Чингиз Айтматовнинг "Жамила" қиссасида бош роль - Дониёр образи устида қизғин иш олиб бораяпти.

                       С.АЛЛАЁРОВА