Маданият 25.01.2019 166

ЖАСОРАТ, МАСЪУЛИЯТ ВА ВАТАНПАРВАРЛИК ТАРАННУМИ

Премьера

ЖАСОРАТ, МАСЪУЛИЯТ ВА ВАТАНПАРВАРЛИК ТАРАННУМИ

Қарши шаҳар маданият ва аҳоли дам олиш марказида "Тинчлик ортида" фильмининг вилоятимиздаги премьераси бўлиб ўтди.

"Ўзбеккино" миллий агентлиги буюртмасига асосан суратга олинган бадиий фильм премьерасига корхона ва ташкилот раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари ҳамда киносевар ёшлар таклиф этилди.

Акбар Бектурдиев режиссёрлигида суратга олинган мазкур фильм воқеалари жанубий чегара қўшинлари ҳудудида бўлиб ўтади. Унда бош қаҳрамон - Зафарнинг ҳарбий учувчи бўлиш орзуси билан яшаш, шу соҳани эгаллаш учун машаққатларга чидам бериш ва охир-оқибат ўзининг билими, жисмонан бақувватлиги билан мақсадга эришиши очиб берилади. Зафарнинг мақсад сари тинимсиз интилиши эвазига ҳарбий учувчи бўлиб етишгани, юртимизга бостириб келган босқинчи террорчиларга қарши мардонавор курашгани акс этади.

Фильм воқеалари Муҳаммадамин Насриддинов, Шоҳруҳ Ҳамдамов, Карим Мирходиев, Шаҳзода Матчонова, Исоқ Тўраев, Беҳзод Ҳамроев, Лола Элтоева каби таниқли актёрлар иштирокида янада таъсирчан ва жонли талқин этилган.

- Ушбу фильмда ҳар бир инсон киндик қони тўкилган юрт, Ватан ва унинг ҳимояси учун садоқат билан хизмат қилиши асосий ғоя сифатида акс эттирилган, - дейди мудофаа вазири ролини қойилмақом тарзда ижро этган Исоқ Тўраев. - Зеро, Ватан тинчлиги, осудалиги учун ҳар бир киши, ҳар вақт ва ҳар жойда масъулдир.

Фильм томошабинлар қалбида ватанпарварлик ҳиссини оширишга қаратилган.

- Фильмни томоша қилиб, мамлакатимиз ҳарбий қудрати, ҳарбийларимизнинг масъулиятли ва оғир ўтадиган хизмати ҳақида янада кенг тушунчага эга бўлдим, - дейди Отчопар маҳалласи раиси Фармон Чоршанбиев. - Ундаги воқеалар ҳар биримизни  сергак бўлишга, шунингдек, биз - ота-оналар, маҳалла фаолларини юрт тинчлигини асраш, ёшларимизнинг мард ва жасур бўлиб етишиши йўлида янада фидойилик билан меҳнат қилишга ундайди.

Кинонамойиш жорий йилнинг январь-февраль ойлари  шаҳар ва туманлардаги маданият ва аҳоли дам олиш марказларида давом эттирилади.

Сожида АЛЛАЁРОВА