Жамият 27.09.2019 147

ЖИНОЯТ ВА ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАР СОНИ КЎПМИ, Ё КАМ?

Назорат ва натижа

Ҳафтанинг ҳар пайшанба кунлари ўтказилаётган профилактика тадбирлари натижасида фарзандлари сабабсиз дарсга қатнашмагани учун 367 ота-онага, таълим муассасаларининг 62 ходимига нисбатан чора кўрилиб, 1263 нафар ўқувчи таълимга қайтарилган.

Шу билан бирга, 714 нафар доимий ёки вақтинча яшаш тартибини бузганлар, 45 нафар ижарада ноқонуний яшашга шароит яратиб берганлар, 1548 нафар паспорт тизими бўйича қоидабузарлар аниқланган.

Мулкий турдаги жиноятларнинг олдини олиш мақсадида 294 объект қўриқлаш пультига уланган бўлса, 635 нуқтада видеокузатув мосламалари ўрнатилган. Жамоат тартибини сақлаш бўйича 2620 та патруллик йўналишлари ташкил қилиниб, 9233 марта ов қуроллари текширувдан ўтказилган.

14 минг 748 марта йўл ҳаракати қоидабузарликлари кузатилиб, ёнғин хавфсизлигини бузиш билан боғлиқ 1344 ҳолат юзасидан баённома расмийлаштирилган.

43 шахс реабилитация марказларига, 364 киши даволаш муассасаларига жойлаштирилган.

966 бора тезкор қизиқиш уйғотувчи маълумотлар олинган. 441 марта сайёр суд мажлислари ўтказилган.

Албатта, тинч-хотиржам ҳаётимиз таъмини учун бу рақамларнинг аҳамияти катта. Бироқ бунинг ортида адади баланд жиноят ва ҳуқуқбузарликлар борлигини ўйласак, ҳуқуқий саводхонликни ошириш ҳамда осойишталикни таъминлаш борасида ҳали қилинадиган ишлар кўплиги ойдинлашади. Сўнгги икки ойда аниқланган қуйидаги мисоллар фикримизни тасдиқлайди.

Назорат остида бўла туриб, маст ҳолда юрибди

Биламизки, касалга чалинган бемор тузалиб кетганидан сўнг ҳам хасталик қайталанмаслиги, бошқаларга таъсир кўрсатмаслиги учун бир муддат шифокорлар назоратида бўлади. Худди шундай, муқаддам жиноятга қўл урган шахс ҳам яна қайта жамият учун хавфли қилмишга қўл урмаслиги учун унинг озодликдаги хатти-ҳаракати маълум фурсат назорат остида туради. Мақсад - бошқаларнинг дахлсизлигига путур етказмаслик.

Афсуски, шаҳрисабзлик, 1982 йилда туғилган, илгари судланган Бурхон Қулматов белгиланмаган жамоат жойларида бўлгани етмагандек, спиртли ичимлик ичиб, сархуш юргани аниқланди. Табиийки, маст одамдан яхшилик кутиб бўлмайди. Кўп уруш-жанжал, қўйди-чиқдилар спиртли ичимлик таъсирида юз бериши ҳеч кимга сир эмас. Шунга кўра, Б.Қулматовга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, чора кўриш учун шаҳар маъмурий судига юборилди.

Қарши шаҳри Боғишамол маҳалласида яшовчи, 1986 йилда туғилган, маъмурий назоратда турган Самандар Амирқулов эса белгиланган муддатларда ички ишлар идорасига бориб рўйхатдан ўтмаган. Хўш, бебошликнинг натижаси нимага олиб келди? Энди назорат янада кучайтирилиб, камига жарима ҳам тўлайдиган бўлди.

Шаҳрисабз шаҳри Кунчиқар МФЙда яшовчи, ИИБ пробация гуруҳида жазо муддатини ўтаётган маҳкум Хуршид Сатторов Жиноят кодекси 166-моддаси 3-қисми "а" банди билан судланиб, жиноят ишлари бўйича Косон тумани судининг 2019 йил 28 февралдаги ажримига кўра, ўталмасдан қолган 3 йил 4 ой 16 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси шу муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган. Маҳкум эса уни ўташдан бўйин товлаб келган. Шунинг учун енгил жазо яна оғирига алмаштирилди.

Кимсасиз уйда яширинча яшаётган одамнинг ёнидан марихуана топилди

Гиёҳванд моддалар савдоси билан ё мўмай даромадга эга бўлиш истагидаги калтабинлар, ё иллат домига тушиб, ундан қутула олмаётган нафс бандалари шуғулланиши мумкин. Гиёҳвандлик не-не инсонлар бошига етиб, оилаларни пароканда этар экан, унга қарши кураш доимий, жазо эса қатъий бўлади.

Жумладан, Шаҳрисабз шаҳри Турон МФЙда яшовчи, 1951 йилда туғилган А.Аксенов томорқасида 9 туп каннабис ўсимлигини экиб парваришлаб келаётгани ҳамда омборхонасида 3 литрли банкада ва қора целлофан пакетда ушбу ўсимлик баргларини қуритиш мақсадида сақлаб келаётганлиги сабабли тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қамаши тумани Гулобод қишлоғида яшовчи М.Тоғаев томорқасида 7 туп, Чироқчи тумани Тўқмор МФЙда яшовчи О.Шодмонова 1 туп каннабис ўсимлигини, шу тумандаги Сувлиқ қишлоғида яшовчи У.Ботиров таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган 11 туп "ўт"ни парваришлаб келаётгани аниқланди.

Шаҳрисабз шаҳри Кеш маҳалласилик Ш.Содиқов онасининг номида бўлган, Бунёдкор маҳалласидаги кимсасиз уйда яширинча яшаб келаётган экан. Тинтув қилинганда эса унинг шими чўнтагидаги гугурт қутисига марихуана талқони жойлангани кўринди.

Ушбу ҳолатлар бўйича қонун устуворлиги таъминланди.

Қимматга тушган қимор

Қимор ўйнаб топилган пул муқаддас динимиз аҳкомларига кўра, ҳалол эмас. Чунки аввало у ҳеч қандай меҳнат талаб қилмайди, меҳнатсиз даромад эса ҳаром саналади. Бундан ташқари, қиморда бир томон ютиб, иккинчи томон ютқазгани учун қачондир барибир ўртада жанжал, норозилик юзага келади. Бу шахс ҳаёти, оиласи хотиржамлигига-да путур етказади. Шу сабаб таваккалчиликка асосланган ўйинлар қонун йўли билан ҳам таъқиб қилинади.

Касби тумани Обод юрт маҳалласида жойлашган, А.Жуманазаровга тегишли савдо дўконининг ертўласида Хўжаҳайрон қишлоғида яшовчи О.Чориев, Д.Очилов, З.Жумаев ва бошқалар 828 минг сўм пул тикиб, қимор ўйнаётгани аниқланди.

Косон тумани Қуйибоғ маҳалласилик А.Темировнинг яшаш хонадонида, шу маҳаллада яшовчи И.Маманазаров ва пудиналик С.Боқиев 55 минг сўм пул тикиб, карта ташлашаётгани маълум бўлди. Пул ва ўйин карталари тегишли тартибда расмийлаштириб олиниб, туман маъмурий суди томонидан уларнинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари ҳажмида жарима жазоси тайинланди.

Ёшни ёш десанг...

Бугун ахборот технологиялари такомиллашган даврда яшаяпмиз. Интернет ҳар биримизга жуда мўл имкониятларни тақдим қилади. Ундан фойдаланиб биз илмимизни оширишимиз, янгиликлардан бохабар бўлишимиз, тил ўрганишимиз, дунёнинг нариги чеккасида юрган таниш ё қариндош билан юзлашиб, суҳбатлашишимиз мумкин.

Ўз навбатида кимдир бу чексизликдан бузуқ нафси истагидан келиб чиқиб ҳам фойдаланиши тайин. Хусусан, интернетдан осон юклаб олинган беҳаё мазмундаги файллар телефону бошқа қурилмалар ёрдамида кенг урчитилаётгани ва бу кишилар, айниқса, ёшлар хулқига салбий таъсир кўрсатётгани бор гап.

Мисол учун, профилактика тадбирлари давомида Миришкор тумани Малла маҳалласида яшовчи Э.Ҳакимовга тегишли "Samsung" русумли қўл телефони кўздан кечирилганда, телефон хотирасида ўндан ортиқ порнографик мазмундаги видеороликлар борлиги ва улар бошқаларга ҳам "улашилгани" маълум бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, жарима жазоси тайинланди.

Яна бир миришкорлик, 1994 йилда туғилган С.Темирова қўл телефони хотирасида беҳаёлик акс этган видеоларни сақлаб, тарқатганини нима билан изоҳлашга ҳайрон қоласан киши. Шу боис у қизлик шаънига иснод келтиргани етмагандай катта миқдордаги жаримани тўлаб қўйишига тўғри келди. Чунки жиноят жинс танламаганидай жавобгарликни қўллашда ҳам кишининг кимлигига қараб ўтирилмайди.

Уларнинг хатти-ҳаракатини ҳали ёш экани билан изоҳлаш мумкиндир, аммо ёши нақ қирқни уриб қўйган, Миришкор тумани Гулобод маҳалласида яшовчи Ш.Мадиев телефонида бундай видеоларни сақлаб,  бошқаларга ҳам раво кўрганини қандай тушунса бўлади? Ёши улғайиб ҳам бузуқ нафс истакларини жиловлай билмаган киши энди қонун олдида жавоб беради.

Китоб тумани Али Қушчи МФЙда истиқомат қилувчи Б.Муҳаммадиев эса тумандаги деҳқон бозори олдида диск сотишни йўлга қўйгани, улар орасида "бозори чаққон" дисклар ҳам борлиги аниқланди. Тегишли ҳужжатлар чора кўриш учун туман маъмурий судига юборилди.

Ҳимояга муҳтож аёллар яшайдиган уйда...

Ҳаёсизда вафо йўқ, вафосизда ҳаё йўқ, дейди халқимиз. Агар ҳаё бўлганида, инсон оиласига, яқинларига вафо қиларди, улардан уяларди, номус қиларди. Ҳаё йўқ экан, киши билганидан қолмас экан.

Масалан, Нишон тумани Наврўз қишлоғида яшовчи С.Қулбердиева Бешкент шаҳрида жойлашган ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар яшайдиган уйнинг 2-қаватида, шу ерлик М.Маманазаров билан 20 минг сўм пул эвазига муносабатга киришиб, фоҳишалик қилармиди?!

Деҳқонобод тумани Захча қишлоғида яшовчи Ҳ.Сариева эса туман тиббиёт бирлашмасининг орқа томонидаги сойликда 30 минг сўм эвазига "хизмат" кўрсатган.

Қарши тумани Мирмирон МФЙда яшовчи, 1988 йилда туғилган Н.Авазов ўз хонадонида тумандаги Ўзбекистон мустақиллиги МФЙда яшовчи      Д.Асадова ва ғубдинлик Б.Расуловга шароит яратиб бергани эвазига 25 минг сўм пул олиб, қўшмачилик қилган.

Яккабоғ тумани Татар МФЙда яшовчи, 1952 йилда туғилган Н.Кенжаев "Дара" дам олиш масканида, Шаҳрисабзнинг Қўшқанот қишлоғида яшовчи Ю.Ниёзова ва Яккабоғнинг Обод маҳалласилик Б.Жўраевга шароит ҳозирлаб, 50 минг сўм олган.

Юзи қора бу каби кимсаларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.

Вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси материаллари асосида Н.ХЎЖАЕВ тайёрлади.