Жамият 28.06.2019 252

ЖУРНАЛИСТ - ЖАМИЯТ ТАҚДИРИГА ДАХЛДОР ИНСОН

Шавкат МИРЗИЁЕВ:

Барчамизга яхши аёнки, матбуот, оммавий ахборот воситалари иши ҳамма замонларда ҳам оғир ва масъулиятли бўлган. Мамлакатимиз янги тараққиёт босқичига кўтарилаётган, очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлиги ҳаётимиз мезонига айланиб бораётган ҳозирги даврда бу масъулият янада кучаймоқда.

Эътибор  ва эътироф

ЖУРНАЛИСТ - ЖАМИЯТ ТАҚДИРИГА ДАХЛДОР ИНСОН

27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан вилоят ҳокимлигида тадбир ташкил этилди. Унда вилоятимизда фаолият кўрсатаётган журналистлар ва соҳа фахрийлари қатнашди.

Вилоят ҳокими Зафар Рўзиев соҳа вакилларини касб байрами билан қутларкан, журналистлар билан учрашишдан ҳар доим хурсанд бўлишини яширмади. Журналист деганда жонкуяр, жамият тақдирига дахлдор инсонни тушунаман, деди ҳоким. Муайян мавзуда қалам тебратиш қийин экани, фаол позицияда турувчи ижодкор ҳаёти доим ҳам силлиқ кечмаслиги, шу боис у ҳаммага бирдек ёқолмаслиги билдирилди. Адолат ва холисликни шиор қилиб, ўз сўзини қатъий туриб айтолгани журналистнинг мамлакат ривожига қўшган ҳиссасидир, дейилди учрашувда.

- Мухбирга осон эмас, у ҳамма соҳани билиши керак, шунга яраша  дунёқараши ҳам кенг бўлиши лозим, - деди вилоят ҳокими. - Ахир бирор жабҳани танқид-таҳлил қилиш ҳам осон иш эмас. Бунга ҳам чуқур билим, фалсафа талаб қилинади. Фақат танқид шахсий манфаат учун бўлиб қолмасин, аксинча, жамият манфаатига хизмат қилсин.

Шунингдек, учрашувда мамлакатимиз ҳаётида катта ўзгаришлар кечаётгани, уларнинг мазмун-моҳиятини халққа, кенг жамоатчиликка тўғри, холис етказишга эътибор қаратиш кераклиги, аммо баъзи  жабҳалар, афсуски, журналист нигоҳидан четда қолиб кетаётгани ҳам  тилга олинди.

Ўзаро мулоқот руҳида кечган учрашувда соҳа фахрийлари, фаол журналистлар, техник ходимлардан бир гуруҳи вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Тадбирда журналистлар  сўзга чиқиб, сўнгги вақтда матбуот ва  оммавий ахборот воситаларига қаратилаётган алоҳида эътибор, журналистларга кўрсатилаётган ғамхўрликни олқишлашди, бунинг учун миннатдорлик изҳор этишди. Ўз навбатида соҳа вакилларининг воқеа-ҳодисаларга ҳозиржавоблиги ошгани, ўз устида ишлаётгани ҳам урғуланди. Жорий йилда қашқадарёлик бир қатор  журналистлар республика  миқёсида юксак эътирофга муносиб кўрилгани бунинг исботи ўлароқ мисол қилиб келтирилди.

***

Сана муносабати билан матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига янада кўтаринки кайфият бағишлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги ташаббуси асосида мукаммал таъмирлаш ишлари бошланиб,  янги қиёфа касб этган Қашқадарё вилоят телерадиокомпанияси ҳудудида байрам концерти ташкил этилиб, дастурхон ёзилди.

М.ШУҲРАТОВ

* * *

Суратларда: Президент фармонига мувофиқ Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан мукофотланган ҳамкасбларимиздан бири - Ўзбекистон ахборот агентлигининг Қашқадарё вилояти бўйича фотомухбири, "Шуҳрат"  медали соҳиби Жамшид Норқобилов; вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган журналистлардан бир гуруҳи.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.