Спорт 13.08.2019 102

ЎЗИМИЗНИКИЛАРНИНГ ҚЎЛИ БАЛАНД КЕЛДИ

Qarshi open- 2019

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими Исмат Шукуров хотирасига бағишлаб Қарши шаҳрида ўтказилган "Qarshi open- 2019" халқаро турнири якунланди.

Унда 250 нафардан ортиқ шахмат усталари ғолиблик учун баҳс олиб боришди.

- Мусобақа стандарт (классик шахмат) йўналишида 9 турдан, "А" ва "Б" гуруҳларида, швейцарча тизимда, ФИДЕ қоидалари бўйича ўтказилди, - дейди вилоят шахмат федерацияси раҳбари Умида Чоршанбиева. - "А" гуруҳида мамлакатимизнинг етакчи шахматчилари билан бир қаторда Испания, Россия, Украина ва Тожикистондан келган тажрибали гроссмейстерлардан иборат 30 нафар шахматчи дона сурган бўлса, "Б" гуруҳида 225 нафар иқтидорли ёш шахматчи ўз имкониятларини синовдан ўтказди.

Якуний натижаларга кўра, "А" гуруҳида вилоятимиз вакили Абдумалик Абдусалимов ғалаба қозонди ва бош мукофотни қўлга киритди. Шунингдек, ушбу гуруҳда аёллар ўртасида, 18 ёшгача бўлганлар ҳамда фахрийлар ўртасида ҳам ғолиблар аниқланди.

"Б" гуруҳдаги баҳслар ҳам қизғин ва муросасиз кечди. Эътиборли томони, ушбу гуруҳда ҳам ғолиблик вилоятимизнинг яна бир вакили Жўрабек Ибодуллаевга насиб этди.

Бундан ташқари, ушбу гуруҳда ҳам 16 ёшгача, 10 ёшгача, 8 ёшгача ҳамда фахрийлар ўртасида энг кучлилар аниқлаб олинди.

- 9 ўйинда 4 ғалаба, 4  дуранг ва 1 та мағлубиятни қайд қилдим ва 6,5 очко жамғариб, биринчи бўлдим, - дейди мусобақа ғолиби Абдумалик Абдусалимов. - Рақибларимнинг ҳаммаси ўзимиздан, ўзбекистонликлар бўлди. Лекин чет элликларнинг ҳам ўйинларини кузатишга ҳаракат қилдим.

Мусобақа ғолиб ва совриндорларига пул мукофоти ва эсдалик совғалари топширилди.

З. НАЗИРОВА