Таълим 23.05.2017 889

“ЗУККО КИТОБХОН” ИНТЕЛЛЕКТУАЛ ЎЙИНИ:

Беллашув

“ЗУККО КИТОБХОН” ИНТЕЛЛЕКТУАЛ ЎЙИНИ:

вилоят босқичида 2 мингга яқин иштирокчи

Ғиёс Назаров - Шаҳрисабз туманидан. У ҚарДУ қошидаги академик лицейда таҳсил олади. Моҳидил Эллиева эса Миришкор туманидаги 5-мактаб ўқувчиси. Бу ёшларнинг дарслардан ташқари қизиқишлари марказида китобхонлик туради. Мактаб ва лицей кутубхонасидаги турли бадиий асарлар мутолааси билан машғул бўлиш уларга бир олам қувонч бағишлайди. Ўқиган асарлари асосида иншолар ёзиш, дўстлари билан савол-жавоблар ўтказиш уларнинг бадиий асарларга қизиқишларини янада ошириш баробарида фикрлашини ҳам ўстираяпти. Шу билан бирга, айни шу жиҳатлари уларнинг “Зукко китобхон” интеллектуал лойиҳасининг вилоят саралаш  босқичида ҳам фаол иштирок этишларига, ўз жамоалари билан юқори ўринни қўлга киритишларига сабаб бўлди.

Шуниси эътиборлики, мамлакатимизда ёшларни Ватанимиз, халқимиз, миллий қадриятларимиз, тарихий-маънавий меросимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг дунёқараши, фикрлаш доирасини кенгайтириш, ижодий салоҳиятини ошириш, иқтидорли, ижодкор ёшларни рағбатлантириш, китоб ўқишга бўлган қизиқишларини янада ошириш мақсадида “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши томонидан жорий йилда илк маротаба ўтказилган ушбу интеллектуал лойиҳанинг вилоят саралаш босқичида вилоятимиздаги мактабларнинг 950 нафардан ортиқ, ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларининг 550 нафар ўқувчиси ҳамда 350 нафардан зиёд уюшмаган ёшлар жамоалар таркибида иштирок этишди.

Интеллектуал ўйиннинг мактаблар ўртасидаги мусобақаларида жамоаларга ўз ёш тоифаларига мос бадиий китоблар – миллий адабиётимиз ва жаҳон бадииятига хос асарлар асосида тузилган саволлар билан мурожаат қилинди. Жумладан, Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари”, Антуан де Сент-Экзюперининг “Кичкина шаҳзода”, Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият - енгилмас куч”,  Вильям Шекспирнинг “Қирол Лир”, Шукур Холмирзаевнинг “Ўн саккизга кирмаган ким бор”, Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” асарлари бўйича жамоаларнинг билими баҳоланди. Жамоалар белгиланган вақт ичида бу саволларга ўз жавобларини ёзма равишда ҳакамлар ҳайъатига тақдим этишди. Беллашув  сўнгида ғолиб жамоалар аниқланди. Мактаб ўқувчилари ўртасида юқори ўринга Миришкор тумани жамоаси сазовор бўлди. Коллеж ўқувчилари ўртасида 1-ўринга шаҳрисабзлик, уюшмаган ёшлар ўртасидаги беллашувда эса  ғолибликка косонлик ёшлар муносиб кўрилди.

Ғолиб жамоалар махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Энди улар танловнинг республика босқичида иштирок этадилар.

Х.ҚИЛИЧЕВА