Жамият 30.08.2019 80

ЗУЛМ ВА БЕДОДЛИК ИСКАНЖАСИ

31 август - Қатағон қурбонларини ёд этиш куни

Истиқлол - ҳур, озод Ватанимизда яшовчи ҳар бир инсон учун энг улуғ, энг азиз байрамдир. Дил яйрайдиган, қувнайдиган фараҳбахш дамда тарих зарварақларига битилган ўтмишимизнинг қора кунлари ҳам ёдга келади.

Тақдир тақозосига кўра, чоризм исканжасида ярим аср яшадик, ундан сўнг юртимизга шўролар эгалик қилишди. Оқ ва қизил империя деб аталмиш манфур кучлар 130 йил давомида халқимиз бошига не қора кунларни солмади?!

Фитрат домла сўзлари билан айтганда, "Қўлимиз боғланди, тилимиз кесилди. Оғзимиз қонади. Еримиз босилди. Молимиз таланди. Шарафимиз емирилди. Номусимиз ғасб қилинди. Инсонлигимиз оёғлар остига олинди..."

Аммо эрксевар халқимиз истилочиларга бош эгмади. Ҳуррият келишини кутиш эмас, уни қўлга киритиш, тортиб олиш учун жонбозлик қилди. Тарихчиларнинг қайд этишича, Туркистоннинг чоризм томонидан мустамлакага айлантирилган ҳудудларида 1856-1916 йилларда 4922 марта катта-кичик ғалаён бўлиб ўтган. Бу ғалаёнлар  тинкаси қуриган, хор-зор қилинган, азоб ва азиятдан, зулм ва бедодликдан сабр косаси тўлган оддий халқнинг исёнлари эди. Чунки босқинчилар зулмининг оғир тошлари, асосан улар бошига тушганди,  оқ пошшога қарши қаратилган бундай исёнлар чор амалдорларига ёқмас, шунинг учун бош кўтарганларни қурол кучи билан маҳв этардилар. Бунда қанчадан-қанча эрксевар ўғлонлар, бегуноҳ одамлар ҳалок бўлди. Биргина 1916 йилда бўлиб ўтган қўзғолонларда 677 минг киши ўлдирилган, 163 минг киши Сибирга сургун қилинган. 1 миллиондан зиёд аҳолининг мол-мулки қўзғолонни бостиришда қатнашган рус аскарлари ва деҳқонларига бўлиб берилган.

Чоризм маъмурлари босиб олинган жойларда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга бефарқ қарашди, оқибат очарчилик бошланди. Бу эса минглаб одамлар, кексаю болаларнинг ёстиғини қуритди, турли касалликлар тарқалишига сабаб бўлди. Устига-устак оқ империянинг мардикорлик сиёсати халқ бошига тушган яна бир бало бўлди. Норғул йигитлар, билаги кучга тўлган одамлар Россия ўрмонларида дарахт кесиш, конларда ишлаш, бошқа оғир ишларни бажариш учун мажбурий мардикорликка жўнатилди. Улар оғир шароитларда меҳнат қилишди, баъзилар бегона юрт об-ҳавосига кўника олмай, касалликдан вафот этишди, жасадлари эса ватанларидан узоқда қолди. Ўша йилларда мардикорлик қораланиб, халқ орасида қўшиқлар тўқилгани, император Николай II ҳажв-мазах қилингани бежиз эмас. Чоризмнинг босиб олинган ерлар халқига қаратилган машъум сиёсати, қабих ишлари 1917 йил октябрь инқилобигача давом этди.

Улардан ҳокимиятни тортиб олган большевиклар чоризм тасарруфидаги босиб олинган ҳудудларга ҳам кўз олайтира бошладилар. Чунки улар чоризм амалдорлари каби Туркистон ўлкасида, шу жумладан, бизнинг юртимизда турли бойликлар кўп эканлигидан хабардор эдилар. Шунга ҳавола қизил қўшинлар томонидан Бухоро вайрон қилиниб, амирлик ҳокимияти тугатилди. Амир хазинасидан барча бойликлар ташиб кетилди. Сўнгра Хива ва Қўқон хонликлари ҳам эгалланди.

Коммунистлар ҳокимият тепасига келгач, барча халқларга тенглик, ўз истак-хоҳишлари, ҳақ-ҳуқуқларини ўзлари белгилаш, қашшоқлик, тенгсизликка барҳам бериб, фаровон ҳаёт билан таъминлаш, қадриятлари, урф-одатларини сақлаш, диний эътиқодларини ҳурмат қилиш ғоясини эълон қилди. Большевикларнинг шиорлари умуминсоний ва гўзал бўлиб, ҳар бир кишини ўзига тортар, маҳлиё қилар эди. Шу боис инқилобнинг дастлабки пайтларида юртимиздаги бир қатор маҳаллий зиёлилар коммунистларнинг ваъдалари, миллий масала соҳасида эълон қилган шиорларига алданиб, уларнинг хизматига ўтишди. Кўп ўтмай, бу ғоялар аслида қуруқ шиор ва реклама-мақтови ошириб юборилган ташвиқот эканлигини, амалда бутунлай бошқа ишлар - чоризм давридаги маҳаллий халқ ҳуқуқларини чеклайдиган сиёсат юритилаётганини англаб етдилар.

Маҳаллий халқлар манфаатларига зид сиёсат, турган гапки, оддий одамлардан тортиб, большевиклар хизматида бўлган амалдорларгача норозилик кайфиятини келтириб чиқарди. Бу эса жойларда янги ҳокимиятга қарши чиқишларда ўз ифодасини топди.

Агар қизил аскарлар 1920 йилнинг 30 августида Шаҳрисабз беклигини эгаллаган бўлса, шу йилнинг декабрида шаҳрисабзликлар шўро ҳокимиятига қарши бош кўтариб чиқдилар. Бу аксилинқилобий ҳаракат "қоракалтакчилар" ғалаёни номи билан тарихга кирди. Паншаха, болта, белкурак, таёқлар билан қуролланган турли касб эгалари - косиб, ҳунарманд, деҳқонлар Шаҳрисабз инқилобий қўмитаси биносига ёпирилиб кириб, уни эгаллашди. Ҳимояга ўтган оз сонли қизил аскарлар ҳеч нарса қила олмади. Тез орада уларга қуролланган ёрдам кучлари етиб келди. Бу пайтда инқилобий қўмита фаолият кўрсатаётган Оқсарой олди майдонида жуда кўп одам тўпланган эди. Уларга қарши ўқотар қуроллар ишга солинди. Ҳатто, Оқсарой тепасида пулемёт ўрнатилиб, одамларга қарата ўқ ёғдирилди...

Янги тузумга қарши дастлабки қўзғолонлардан бири ана шундай аёвсиз бостирилди, жуда кўп одамлар нобуд бўлди. Бироқ шўроларнинг ноҳақликлари туфайли халқда ички норозилик кайфияти тобора кучайиб борди. Кейинчалик тузумга қарши ҳаракатлар янгича тус олиб, қизиллар "босмачилик" деб атаган оммавий истиқлолчилик ҳаракатига айланди. Унинг мақсади босқинчиларни ҳайдаб чиқариб, юртни озод қилиш эди. Шу мақсадда юртимизнинг турли жойларида яхши қуролланган, истиқлол йўлида жонларини аямайдиган мард инсонлар бошчилигидаги катта-кичик гуруҳлар вужудга келди. Улар жуда кўп эди. Масалан, Фарғона водийсида Мадаминбек, Хоразмда Кўршермат, Бухорода Абдуққарбек, Қашқадарёда Тангриберди додхоҳ бошчилигидаги истиқлол курашчиларини эсга олиш кифоядир.

Юртимизнинг кўп жойларида истиқлол учун кураш узоқ йиллар давом этди. Шўролар мунтазам, тажрибали армия, кучли ҳарбий техника, қурол-яроғ, жанг кўрган қўмондонлардан иборат қудратли кучга эга эди. Бундай нотенглик, ўртадаги жуда катта фарқ туфайли истиқлолчилар қанчалик ҳаракат қилмасин, ҳар жиҳатдан устун бўлган босқинчи армия кучлари билан тенгма-тенг жанг қила олишмасди. Шунинг учун улар ҳаракати аста-секин сустлашиб борди. Аммо халқимизда ҳурриятга интилиш, истиқлол, озодлик туйғуси ҳеч қачон сўнмади.

Мустабид тузум миллатни қўрқитиш, тазйиқ,    халқнинг кўзга кўринган арбобларини йўқ қилиб, улардаги мустақил, эркин яшаш, ўз миллий давлатини барпо этиш каби ҳур интилишларни сўндириш  мақсадида янги восита ва усулларни ишга сола бошлади. Бу тарихда "қатағон" деб аталади. Унга изоҳли луғатда қатлиом, қатли нуфус, босим, тазйиқ, жазолаш дея таъриф берилган. Агар ўтмишга  мурожаат қилсак, шўролар қатағон сиёсатининг турли усулларидан фойдаланганига гувоҳ бўламиз.

1927-1929 йилларда Ўзбекистонда ер-сув ислоҳоти ўтказилди. Унга бойлар, мусулмон уламолар, собиқ хон ва амирлик хонадонлари кучли қаршилик кўрсатишди. Мустабид совет ҳокимияти эса уларнинг қаршилигини куч билан синдиришга киришди. Кўпгина бойлар, деҳқонлар "қулоқ" қилиниб, уларнинг мол-мулки, ерларидан кўп қисми тортиб олинди. Марказнинг "қулоқ"лаштириш, колхозлаштириш сиёсатига жойларда норозилик билдирилиб, исёнлар, ғалаёнлар кўтарилди. "Қулоқ"ларни сургун қилиш, қамоққа олиш бошланди. Улар Сибирдан ташқари Кавказдаги тоғли ҳудудларга ҳам юборилган.

Шунингдек, Ўзбекистонда колхоз-жамоа хўжаликлари ташкил этиш жараёнида қатағон қурбонларининг алоҳида гуруҳи, яъни мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг ўзига хос ҳарбий шакли - меҳнат лашкарлари пайдо бўлди. Меҳнат лашкарлари сайлов ҳуқуқидан маҳрум қилинганлар, "қулоқ"қа тортилганларнинг фарзандларидан иборат эди. Бадарға қилинганлар учун Россиянинг турли жойларида махсус меҳнат посёлка (қўрғон)лари ташкил этилди. Хизмат муддати уч йил қилиб белгиланган меҳнат лашкарлари қурилиш, саноат ва транспорт соҳасидаги оғир ишларни бажаришга жалб этилди. 1937 йилдан бошлаб меҳнат лашкарлари қисмлари қизил армиянинг қурилиш батальонларига айлантирилди.

Мустабид тузумнинг энг даҳшатли сиёсати унинг одамларни қатлиом қилиш, турмаларга ташлаб, сургунга юбориш, маънавий мажруҳликка элтиш сиёсати бўлди, десак муболаға бўлмайди. 37-йиллардаги зиёли маърифатпарварлар, дунёқараши илғор аҳоли вакилларига қаратилган айбловларнинг аксарияти тўқиб чиқарилди, олдиндан тайёрланиб, гувоҳ ва айбланувчиларга тасдиқлатиб олинди. Аксарият, миллатнинг асл фарзандларини бир-бирига қайраш, қарши қўйиш йўлидан борилди.  Мустабидлар қўлида ҳалок бўлган Чўлпон, Фитрат, Қодирийнинг гуноҳи нимада эди? Мазкур адибларнинг, қатағон қилинган давлат арбобларининг китобларини ўқигани учун қамаб, йўқ қилинганлар озмунчами? Уйидан эски, диний китоблар чиққани учун тазйиққа учраганлар-чи?

ХХ аср 30-йиллар ўрталаридан бошлаб уламолар ва диндорларни ҳам таъқиб қилиш кучайди. Чунки шўро ҳокимияти динни афюн деб билар, диний арбобларни ўзига душман санарди. Айниқса, 1936-1939 йилларда ислом дини вакиллари - машҳур эшонлар, муллалар, мударрислар, қорилар, хўжа ва ҳожилар қатағон қилинди. Ўзбекистон Республикаси ФА тарих институтида 1936-1938 йилларга оид 9 жилдлик "Мусулмон руҳонийлар" ("Мусдуховенство") китобининг (сўроқ, тергов, гувоҳлик бериш) қайдлари сақланмоқда. Унга кўра, фақат Тошкент шаҳрида шу йилларда 49 киши тергов қилиниб, улардан 20 киши жиноий жавобгарликка тортилган.

Қашқадарёда ҳам қамоққа олинган, сургун қилинган ислом уламолари бир талай бўлган. Агар Шаҳрисабздан мисол келтирсак, Ҳамидуддин Ҳамидий сургун қилинди, Мирзо Умрбоқий яшаб турган жойидан қочиб кетиб жон сақлади. Қори Аваз Бадал Қаршидаги қамоқхонага ташланди. Шариф Азизов, Мулло Фармон Қувватов, Або Пинхасов, Дўстмурод Мирзаев кабиларнинг умри завол топди. Китоблик шайх Исмоилхон Фақирий шўролар ҳокимиятининг тазйиқларидан эзилиб, умрининг охирги йилларида кўзи ожиз бўлиб қолди. Хўжаиспороз қишлоғидан мулла Назар Худойбердиев қамалиб, қишлоғига қайтиб келмади.

Қатағонга учраган ватандошларимизнинг муборак ҳоклари қаерларда қолмаган. Москва-Волга канали қурилишида очлик ва совуқдан жони узилган, Бутирка қамоқхонасида ёки Сибир, Колиманинг борса келмас музликларида вафот этган аждодларимиз ёхуд "қизил дунё" билан хайрлашган аждодларимизнинг сўнгги манзилларини топиш имконсиз. Кафансиз ва жанозасиз дафн этилган бу аждодларимиз учун энди Тошкентдаги "Шаҳидлар хотираси" зиёратгоҳи рамзий оромгоҳдир.

Юртимизда бу мудҳиш даврда кўплаб мадрасалар, масжидлар бузиб ташланди. Бузилмай қолганлари хўжалик омборхоналарига айлантирилди ва бошқа турли мақсадларда фойдаланилди. Бундай нохуш воқеалар Қашқадарёда ҳам юз берди. Бу борада кўп мисоллар келтирмай, ўша даврда Қаршидаги Одина масжиди қамоқхонага айлантирилгани, Шаҳрисабздаги Кўкгумбаз, Молик Ашдар, Абдушукур оғалиқ масжидлари омбор вазифасини ўтаганини айтиб ўтиш кифоядир.

Ўзбек халқи томонидан узоқ асрлар давомида яратилган исломий руҳдаги қўлёзма ва китобларнинг ёқилиши, йўқ қилиниши, энг нодир асарларнинг юртимиздан олиб чиқиб кетилиши ҳам коммунистларнинг қатағон сиёсатига асосланган эди.

Хуллас, у даврларда давлат инсонга эмас, аксинча, инсон давлатга хизмат қилдирилди. Шундай кўргиликлари етмаганидек, энг сўнгида халқимиз "пахта иши"дан кўп жабр кўрди. Қанчадан-қанча оддий бригадирдан тортиб, хўжалик раиси, уларданда катта лавозимдаги раҳбарларгача қийноқларга солиниб сўроқ қилинди, қамоқларга ташланди. Уларнинг орқаларида қолган оилалари, фарзандлари-чи? Улар ҳам қанчалик азият чекишди. Шўро ҳукуматининг таги чириб, омонат бўлиб қолган даврида халқимизга қарши уюштирган бу қилмиш қайси қатағонлардан кам бўлди?!

Аслида қатағонларнинг ҳаммаси онгли ва режали равишда амалга оширилган. Биз мустабид тузум бошимизга солган кулфатларни ҳеч қачон унутмаймиз. Бинобарин, юрт озодлиги учун курашганлар, истиқлол дея жон берганлар руҳи олдида қарздормиз, улар ҳамиша юрагимизда яшайди.

Мўмин АЗИЗОВ,

тарихчи-журналист