Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
16 февраль, якшанба. 2025 йил                         Махсус версия RU

30.01.2025


1 ФЕВРАЛДАН АМАЛДА

Одатдагидек, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2025 йил 1 февралдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.

Оилавий болалар уйини ташкил этиш учун оиланинг эр ва хотиндан иборат тўлиқ оила бўлиши талаби бекор қилинади

Президентнинг "Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига асосан:

оғир ҳаётий вазиятда ва яқин қариндошлари кўмагисиз қолганлиги натижасида фарзандини тарбиялашдан воз кечмоқчи бўлган оналар, шу жумладан, ҳомиладор аёллар учун болалар уйларида "Оналар маскани" хизмати йўлга қўйилади.

Шунингдек, фармонда белгиланганидек:

ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ижтимоий ҳолати ва турмуш шароитлари "Инсон" марказлари томонидан комплекс баҳоланади ҳамда баҳолаш натижалари асосида уларнинг ижтимоий мақоми белгиланади;

етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, шунингдек, зўравонликдан жабр кўрганлиги сабабли оиласидан олинган болаларнинг ижтимоий мақоми ва муқобил жойлаштириш шакли белгилангунига қадар уларни олти ойгача бўлган муддатга оилавий болалар уйига қисқа муддатли жойлаштириш тартиби жорий этилади;

етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни аниқлаш, болаларни ҳамда уларни муқобил жойлаштириш шаклларидан бири бўйича олиш истагини билдирган шахсларни ҳисобга олиш "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимида амалга оширилади;

оилавий болалар уйини ташкил этиш учун оиланинг эр ва хотиндан иборат тўлиқ оила бўлиши талаби бекор қилинади ҳамда 30 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига оилавий болалар уйини ташкил этишга рухсат этилади.

Экспортчи IT-парк резидентларига солиқ имтиёзлари берилади

Давлат раҳбарининг "Рақамлаштириш соҳасида экспорт фаолияти билан шуғулланувчи корхоналарни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони билан:

2030 йил 1 январга қадар экспорт хизматлари ҳажми календарь йил давомида 10 миллион АҚШ долларидан ошган IT-парк резидентларига ахборот технологиялари соҳасидаги хизматларини (шу жумладан, роялти тўланадиган) кўрсатган, Ўзбекистон Республикаси билан иккиёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисида битим тузилмаган давлатларнинг юридик шахслари ушбу календарь йил якунига қадар фойда солиғидан озод этилади;

2040 йил 1 январга қадар жами даромади таркибида экспорти ҳажми 50 фоиздан ортиқ бўлган IT-парк резидентларининг таъсисчилари (иштирокчилари) - Ўзбекистон Республикаси  норезидентлари бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг дивидендлар тарзидаги даромадларига Ўзбекистон Республикасининг резидентлари сингари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда фойда солиғининг  5 фоиз ставкаси татбиқ этилади.

Манзилли ўқитиш тизими жорий этилади

Иш берувчилар буюртмаси ва тижорат банклари мижозлари эҳтиёжи асосида ишсиз аҳолини, шу жумладан, камбағал оилалар аъзоларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан манзилли ўқитиш тизими жорий этилади.

Бу ҳақда Президентнинг "2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида сўз борган. 

Бундан ташқари, қарор билан ўрнатилган тартибга мувофиқ:

Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан касбларга ўқитиш мақсадида ажратиладиган стипендиялар ногиронлиги бўлган шахсларга, шунингдек, муддати уч ойдан кўп давом этадиган ўқув курсларига қабул қилинган Камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг ишсиз аъзоларига тўланади.

Малака сертификатига эга тренерларга адаптив спорт турлари бўйича қўшимча гуруҳлар ташкил этишга рухсат берилади

Президентнинг "Ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб этиш орқали жисмоний реабилитация қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида белгилаб қўйилганидек:

Адаптив жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида паралимпия, карлар, кўзи ожизлар ҳамда махсус олимпия ва ногиронлиги бўлган шахслар шуғулланадиган бошқа спорт турлари бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курслари йўлга қўйилади ва курс якуни бўйича 4 йил муддатга амал қиладиган малака сертификати берилади;

давлат бюджетидан молиялаштириладиган спорт мактабларида тегишли молия йили учун ажратилган маблағлар доирасида малака сертификатига эга тренерларга адаптив спорт турлари бўйича қўшимча гуруҳлар ташкил этишга ҳамда ногиронлиги бўлган болалар, ўсмирлар ва ёшларни қабул қилишга рухсат этилади;

спорт мактабларида адаптив спорт турлари бўйича гуруҳларни ташкил қилган тренерларнинг лавозим маошини ҳисоблашда базавий тариф ставкаларига нисбатан 50 фоиз миқдорда устама ҳисобланади. 

Ижтимоий карта масалалари бўйича "Ишонч телефони" фаолияти йўлга қўйилади

Вазирлар Маҳкамасининг "Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашда "ижтимоий карта" тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига кўра:

ижтимоий картани муомалага чиқариш ва фойдаланиш учун тақдим этиш масалалари бўйича Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ахборот-маълумотнома хизматларини кўрсатувчи "1070" қисқа рақамли ва туну-кун фаолият кўрсатадиган хизмати ("Ишонч телефони") фаолияти тест режимида йўлга қўйилади;

аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалари учун ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича "Ишонч телефони" орқали бепул SMS-хабарнома юбориш тартиби жорий этилади;

белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхатга мувофиқ миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг  ўттиз фоизидан ошмайдиган реабилитация қилишнинг техник воситаларини харид қилиш учун маблағлар ушбу воситаларга муҳтожлик белгиланган шахсларнинг ижтимоий картасига ўтказиб берилади.

Янги лойиҳалаштириладиган объектларда қувватлантириш станцияларини жойлаштириш кўзда тутилади

Ҳукуматнинг "Республикада 2024-2025 йилларда электромобиллардан фойдаланиш инфратузилмасини кенгайтиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида:

янги лойиҳалаштириладиган давлат органлари, савдо ва бизнес марказлари, кўнгилочар ва дам олиш масканлари, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари, меҳмонхоналар, халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўллари бўйидаги инфратузилма объектларида автотураргоҳларнинг камида 5 фоизи (лекин, битта жойдан кам бўлмаган ҳолда) электромобилларни қувватлантириш станцияларини жойлаштириш учун ажратилади;

аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини, юқори ва паст кучланишли тармоқларни модернизация, реконструкция қилиш ва таъмирлаш дастурларини ишлаб чиқишда станциялар ҳамда уларнинг ягона электр энергетикаси тизимига юкламаси инобатга олинади;

якка тартибдаги ва кўп квартирали уй-жойлар ҳудудида, шу жумладан, кўп квартирали уй-жойлар автотураргоҳларида энг юқори қуввати 22 кВт бўлган станциялар ўрнатилади.

Шунингдек, жорий йил 1 февралдан бошлаб:

Президентнинг "Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига биноан, бошланғич нархи базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн минг бараваригача бўлган давлат активларини, ер участкаларини (шу жумладан, ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини ва кўчма савдо жойларини) ҳамда давлат иштирокидаги корхоналарнинг мулкларини сотиш ва ижарага бериш бўйича ўтказиладиган электрон онлайн аукцион савдолари жараёнида иштирокчилар томонидан учинчи қадамдан бошлаб шахсий ҳисобварағида камида уларнинг нарх таклифига нисбатан амалдаги закалат миқдоридаги суммага эга бўлиш тартиби киритилади.

*  *  *

Вазирлар Маҳкамасининг "Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштириш шакллари бўйича айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ:

ички ишлар органлари, соғлиқни сақлаш органлари, нотариуслар, суд органлари, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари ҳамда таълим муассасалари етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳақидаги маълумотларни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига тақдим этади; туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар масалалари бўйича васийлик ва ҳомийлик бўйича комиссиялар фаолияти тугатилади.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

Report typo