Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

05.06.2020


1 МИЛЛИОН ТОННАЛИК УЛКАН ХИРМОННИ КЎЗЛАБ

Ғалла – 2020

Жорий йилнинг 30 май санасидан вилоятимизнинг Миришкор ҳамда Ғузор туманларида ғалла ўрим-йиғимига киришилган бўлса, экиннинг пишиб етилишига қараб бошқа ҳудудларда ҳам бирин-кетин ғаллазорларга комбайнлар туширилмоқда.

Астойдил ишлаган, ўз вақтида ва унумли меҳнат қилган фермер хўжаликлари  шартнома режасини уддалаб, кейинги мўлжалларни мақсад қилишаяпти.

Миришкор туманида фаолият олиб бораётган "Қодиробод иқболи" фермер хўжалиги раҳбари Нуриддин Қўчқоров ҳам ана шундай илғор фермерлардан бири ҳисобланади. Жорий йилда 15 гектар майдонда ғалла парваришлаган фермер шартнома режасини туманда биринчи бўлиб бажариш билан бир қаторда, белгиланган 36 тонна ўрнига давлатга 45 тонна ғалла сотишга эришди.

- Албатта, ҳосил яхши бўлса, даромадимиз ҳам шунга яраша кўп бўлади, - дейди фермер. - Бу йилги муваффақиятда далада меҳнат қилган ҳар бир ишчи-ходимимизнинг ҳиссаси катта, шунинг учун ҳам уларни муносиб рағбатлантиришни йўлга қўйганмиз. Бу жуда яхши самара бермоқда.

Фермернинг таъкидлашича, энди асосий эътибор ҳосилдан бўшаган ерларни тезроқ такрорий экинга тайёрлаш ҳамда 10 гектар майдонда экилган ғўзалар парваришига қаратилади.

Жорий йилда вилоятимиз миришкорлари томонидан 141 минг гектар суғориладиган ҳамда 63 минг гектар лалми майдонда бошоқли дон экинлари етиштирилиб, умумий ҳисобда 1 миллион 67 минг 100 тонналик улкан хирмон барпо этиш режалаштирилган.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Report typo