Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

13.03.2020


14-15 МАРТ КУНЛАРИ УМУМХАЛҚ ХАЙРИЯ ҲАШАРИ ЎТКАЗИЛАДИ

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши асосида Наврўз умумхалқ байрамини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш, юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларида ҳар бир кишининг дахлдорлик ҳиссини ошириш, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни янада кучайтириш, маҳаллалар, аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида жорий йил 14-15 март кунлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида "Обод юрт" умумхалқ ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш  хайрия ҳашари ўтказилади.

Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида 11 март куни вилоят ҳокимининг ҳам фармойиши қабул қилиниб, ҳудудда бажариладиган вазифалар белгиланди.

Хайрия ҳашаридан тушган маблағлар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга, ижтимоий ҳимояга муҳтож кексаларга, ногиронлиги бўлган шахсларга, ёлғиз қарияларга, пенсионерларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш каби тадбирларга сарфланиши назарда тутилмоқда.

Ҳашар муносабати билан вилоятдаги бошқарма, ташкилот, корхона ва идораларда меҳнат қилаётган ходимларнинг ихтиёрий маблағлари "Маҳалла" хайрия жамоат фондининг вилоят бошқаруви ҳамда туман ва шаҳар бўлинмаларининг банкдаги ҳисобварақларига ўз ташаббусларига кўра ўтказилиши тавсия этилди.

Умумхалқ ҳашари доирасида 14 март куни вилоят миқёсида ёшлар иштирокида экологик акциялар ҳам ташкил қилинади.

Айтиш ўринли, автомобиль йўллари, ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчалар, сув объектлари, қирғоқбўйи ҳудудлар ва зоналар, қурилиш майдонлари, бино ва иншоотлар томлари, хавфли ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, инсонлар ҳаёти ёки соғлиғига хавф юзага келиши мумкин бўлган бошқа жойларда ихтиёрий ҳашар ва бошқа ишларни ўтказиш тақиқланиши фармойишда алоҳида таъкидланган.

Н.ХЎЖАЕВ

 

Report typo