Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
15 декабрь, якшанба. 2019 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

22.11.2019


"16 кун зўравонликка қарши" акцияси: МАСЪУЛИЯТИ - ҲАР БИРИМИЗДА

Учинчи сектор

Шу йил 25 ноябрдан 10 декабргача дунёнинг кўплаб мамлакатлари ва юртимизнинг барча ҳудудлари сингари Қашқадарёда ҳам "16 кун зўравонликка қарши" акцияси ўтказилади.

25 ноябрь - Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш кунида бошланиб, 10 декабрь - Инсон ҳуқуқлари кунида якунланадиган бу кенг кўламли акцияда воҳамиздаги нодавлат нотижорат ташкилотлари, хусусан, Қашқадарё вилояти "Юксалиш" ахборот-маслаҳат ресурс маркази ва республика "Istiqbolli avlod" ижтимоий-ахборот маркази ҳудудий бўлими ҳам фаол иштирок этиб, унинг доирасида кўплаб тадбирлар ташкил қилишни режалаштиришган.

- Оиладаги ва жамиятдаги зўравонлик ҳар қандай кўринишда инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳисобланиб, ҳануз бутун дунёда кенг тарқалган муаммо бўлиб қолмоқда, - дейди Қашқадарё вилояти "Юксалиш" ахборот-маслаҳат ресурс маркази директори Зулфия Ҳайдарова. - Айни пайтда зўравонлик кўплаб жабҳалардаги ўсиш ва юксалишга жиддий тўсқинлик қилаяпти, жумладан, қашшоқликка барҳам бериш, ОИВ/ОИТСга қарши самарали курашиш, сайёрамизда тинчлик ва хавфсизликни ўрнатишга имкон қолдирмаяпти. Бироқ оиладаги ва жамиятдаги зўравонлик кўпчилик тасаввур қилганидек олдини олиб бўлмайдиган ҳолат эмас. Аксинча, зўравонликка барҳам бериш учун имконият бор ва ҳар бир инсон қўлидан келганича бу олижаноб ишга ўз ҳиссасини қўшиши керак. "16 кун зўравонликка қарши" акцияси доирасида ўтказиладиган барча тадбирларимизда ана шу ғояларни  тарғиб қилишга интиламиз.

Тадбирларнинг бир қисми бевосита Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш кунига бағишланган бўлиб, улар орқали ННТ вакиллари кенг жамоатчиликка мазкур сана ҳақида батафсил маълумотлар етказиш ва Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрдаги "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуни мазмун-моҳиятини тушунтиришни мўлжаллашаяпти.

Эслатиш жоизки, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимояловчи фаоллар 1981 йилдан буён 25 ноябрь кунини аёлларга қарши тажовузларни буткул йўқ қилиш куни сифатида нишонлаб келишади. Мазкур сананинг нишонланиши 1960 йилда Доминикан Республикаси раҳбари - диктатор Рафаэл Трухилио буйруғи билан инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари - уч опа-сингил Патрия, Минерва ва Мария-Тереса Мирабаль  ваҳшиёна ўлдирилганидан сўнг одатга кирган.

БМТ Бош Ассамблеяси 1999 йил 17 декабрдаги резолюцияси билан 25 ноябрь кунини Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни деб эълон қилиб, барча ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, нодавлат ташкилотларни мазкур кунда жамоатчиликни ушбу долзарб муаммо ҳақида хабардор этишга бағишланган тадбирларни ташкиллаштиришга чақирди.

"16 кун зўравонликка қарши" акцияси доирасида Қашқадарё вилояти "Юксалиш" ахборот-маслаҳат ресурс маркази ва республика "Istiqbolli avlod" ижтимоий-ахборот маркази ҳудудий бўлими вакилари Telegram мессенжеридаги оммабоп канал ва гуруҳларда сўров ўтказиб, мазкур тармоқ фойдаланувчиларининг оиладаги зўравонлик ва одам савдоси, уларнинг олдини олиш ва қарши курашиш усуллари ҳақида хабардорлиги даражасини аниқлашни режалаштирмоқда.

Шунингдек, Қарши давлат университетида мавзуга доир жамоавий интеллектуал ўйин, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида эса талабалар билан учрашув ташкил этилиши кутилмоқда. Ички ишлар вазирлигининг Қашқадарё академик лицейида ички ишлар органлари тергов бўлинмалари ходимлари иштирокида одам савдоси ва у билан боғлиқ жиноятларга қарши курашишда давлат ва нодавлат ташилотларининг ҳамкорлиги бўйича интерактив амалий машғулотлар ўтказилади.

- Акция доирасида кўплаб ички ва ташқи меҳнат мигрантларини ҳам қамраб олишни режалаштирганмиз, - дея таъкидлайди республика "Istiqbolli avlod" ижтимоий-ахборот маркази ҳудудий бўлими раҳбари Шаҳноза Раупова. - Бунинг учун Қарши шаҳридаги "мардикор бозорлари", яъни вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш бюролари, темир йўл вокзали ва "Қарши" халқаро аэропортида тадбирлар ўтказиб, ички ва ташқи меҳнат мигрантларига ташкилотимиз қошидаги "Долзарб алоқа тармоғи" ҳақида маълумотлар етказмоқчимиз ва мурожаатлар келиб тушгач, махфийликни сақлаган ҳолда, бепул психологик маслаҳатлар ва ҳуқуқий хизматлар тақдим этамиз. Зеро, ташкилотимиз олий мақсади жамиятда барча турдаги зўравонликни бартараф этишга қаратилган бўлиб, асосий вазифаларимиздан бири одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлаб, уларнинг ўз уйларига қайтишига кўмаклашиш ҳамда дастлабки психологик, тиббий, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам олиши учун имконият яратишдан иборатдир.

Қашқадарё вилояти "Юксалиш" ахборот-маслаҳат ресурс маркази ва республика "Istiqbolli avlod" ижтимоий-ахборот маркази ҳудудий бўлими "16 кун зўравонликка қарши" акциясини 1 декабрь - Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни, 3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни, 5 декабрь - Халқаро кўнгиллилар куни, 10 декабрь - Инсон ҳуқуқлари кунига бағишланган тадбирлар билан уйғун равишда ўтказишни режалаштирган. Масалан, 5 декабрь куни бу икки ҳамкор ташкилотнинг волонтёрлари кенг жамоатчиликка акция ва унинг мақсадлари ҳақида батафсил маълумотлар етказиш учун Қарши шаҳридаги "Атлас" савдо-кўнгилочар маркази ёнидаги майдон - "Наврўз" хиёбонига чиқиши кутилмоқда. Шунингдек, Халқаро кўнгиллилар кунида "Юксалиш" ва "Istiqbolli avlod" марказларининг энг фаол волонтёрлари ота-оналарига ташаккурномалар топшириш ҳам назарда тутилган.

Ушбу нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари барча қашқадарёликларни "16 кун зўравонликка қарши" акцияси доирасидаги тадбирларда фаол қатнашишга даъват этар эканлар, зўравонликка барҳам бериш масъулияти ҳар биримизда, дея таъкидлашмоқда.

Ўз мухбиримиз

Report typo