Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 август, сешанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

16.06.2020


169 МИНГДАН ЗИЁД БОЛА МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ БИЛАН ҚАМРАБ ОЛИНМАГАН

Брифинг

Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Асрор Алимардонов иштирокида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил қилинган брифингда маълумот берилди.

Айтилишича, бугунги кунда вилоятда 1284 та мактабгача таълим ташкилоти бўлиб, 900 таси нодавлат, 384 таси давлат муассасаларидир. Вилоятда 3-7 ёшли болалар сони 285 минг 871 нафар бўлса, уларнинг 116 минг 297 нафари боғчага боради.

- Март ойининг иккинчи ярмидан буён давом этаётган карантин пайтида мактабгача таълим ташкилотларида болалар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди, - деди бошқарма бошлиғи. – 2020 йилда Инвестиция дастурига асосан қуриш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари асосан 25 та мактабгача таълим ташкилотида олиб борилиши белгиланган бўлиб, бунинг учун 91,1 миллиард сўм йўналтирилади. Шунингдек, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан 5 та муассаса 18,8 миллиард сўм маблағ эвазига таъмирланади, реконструкция қилинади, қурилади.

Шуни ҳам таъкидлаш ўринли, айни пайтда Косон, Қамаши, Чироқчи, Шаҳрисабз, Мироқи педагогика коллежлари негизида 36 та тайёрлов гуруҳлари ташкил этилиб, бунда 900 нафар бола қамраб олиниши кўзда тутилмоқда. Умуман, мажбурий бепул тайёрлов гуруҳлари жорий йилда мактабгача таълим ташкилотларида ҳам ташкил этилиб, улар сони 128 тага етказилиши ва қамров 3200 дан ошиши режа қилинган.

Журналистлар томонидан давлат боғчалари ва хусусий боғчалардаги шароитлар қачон бир хил бўлиши, Корея тажрибаси асосида Деҳқонободда ҳам замонавий муассаса бунёд этилгани, аммо бу ерда сув муаммоси мавжудлиги, хусусий боғчаларда нархни ким белгилашига оид саволлар берилди.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo