Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
18 ноябрь, душанба. 2019 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • 18 МАМЛАКАТДАН 200 ГА ЯҚИН МЕҲМОН АБУЛ МЎЪИЙН АН-НАСАФИЙ МАЖМУАСИНИ ЗИЁРАТ ҚИЛДИ

Н.ХЎЖАЕВ

08.11.2019


18 МАМЛАКАТДАН 200 ГА ЯҚИН МЕҲМОН АБУЛ МЎЪИЙН АН-НАСАФИЙ МАЖМУАСИНИ ЗИЁРАТ ҚИЛДИ

 

Ташриф

Абул Мўъийн ан-Насафий "Табсират-ул адилла", "Ат-тамҳийд ли қавоид ат-тавҳийд", "Қасийдул қавоид фи илмил ақоид", "Ал-Ифсод ли ҳадъ ал-илҳод", "Маноҳиж ал-аиммати фил фуруъ", "Баҳрул калом" сингари чуқур илмий таҳлилга асосланган, мотуридия таълимотининг моҳияти очиб берилган ўнлаб асарлари билан мусулмон дунёсида шуҳрат қозонган. У зот абадий қўним топган, Президент ташаббуси билан тароватли кўриниш касб этган Қарши тумани Қовчин қишлоғидаги манзилдан эса бугун зиёратчиларнинг қадами аримайди.

Куни кеча Малайзия, Бангладеш, АҚШ, Германия, Ҳиндистон, Индонезия, Хитой, Франция, Албания, Покистон, Сурия, Жанубий Африка Республикаси, Россия, Буюк Британия каби 18 мамлакатдан 200 нафарга яқин меҳмон ташриф буюриб, буюк ватандошимиз қабрини зиёрат қилишди. Улар орасида жаҳонга машҳур олимлар, фан ва жамоат арбоблари, туристик ташкилот вакиллари бор.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Малайзиянинг "Дунё сўфийлар маркази" ташаббуси билан Нақшбандий номи остида ўтказилаётган халқаро туризм фестивали иштирокчилари ислом ҳақида, унинг тинчлик,  эзгулик дини эканлиги хусусида суҳбат қурдилар.

Эътироф этилдики, ислом дунёсида "Ҳақиқат қиличи" рутбаси билан танилган Абул Мўъийн ан-Насафий Абу Мансур Мотуридий асос  солган мотуридия таълимотининг дунёга ёйилишига катта ҳисса қўшган алломалардандир. У зот илму урфонда етук оилада улғайган. Аждодларидан аксарияти фиқҳ илми соҳасидаги улкан салоҳиятлари билан халқ орасида обрў қозонган. Хусусан, катта бобоси Макҳул Насафий Имом Мотуридийнинг шогирди бўлса, бобоси Муътамид ибн Макҳул Насафий ҳанафий олимлар орасида машҳур эди.

Абул Мўъийн ан-Насафий асарлари исломни нотўғри талқин қиладиган турли фирқаларга асосли раддиялар бергани билан ҳам аҳамиятлидир.

Президентимиз ташаббуси билан унинг бой маънавий меросини чуқур ўрганиш, зиёратгоҳни мафтункор гўшага айлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Буни меҳмонлар алоҳида эътироф этдилар. Покистонлик фиқҳшунос олим, Нақшбандия тариқатининг буюк намояндаларидан ҳисобланган ҳиндистонлик шайх Зулфиқор Аҳмаднинг шогирди бўлган, айни пайтда Маккаи мукаррамада истиқомат қилаётган Мустафо Камол Имом Мўъийн ан-Насафий ҳаёти ва фаолияти, хусусан, "Табсират-ул адилла" асарини жиддий ўрганган.

- Биз мадрасадаёқ аллома қолдирган илмий-маънавий меросдан хабардор бўлганмиз, - дейди Мустафо Камол. - Зиёратгоҳга эса аввал ҳам келганмиз. Қисқа вақтда катта ўзгаришлар юз берганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Насафий асарларини ўрганиш кенг миқёс олаётганидан мамнунмиз.

Н.ХЎЖАЕВ

 

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo