Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

31.05.2016


ЧИНИҚИШ ВА КАМОЛОТ МАКТАБИ

 

 Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, юртимизда шаклланган “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва “Универсиада” спорт ўйинларини ўз ичига олган уч босқичли ноёб тизимнинг бамисоли қудратли тўлқинга айланиб, миллионлаб ёшларни ўз сафига қамраб олаётгани уларнинг ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом улғайишига улкан ҳисса қўшмоқда. Айниқса, бу тизимнинг юқори босқичи – “Универсиада” мусобақалари ёшларимиз учун чин маънода чиниқиш ва камолот мактабига айлангани билан аҳамиятли. Қолаверса, мазкур мусобақалар Ватанимиз байроғини баланд кўтарадиган, юрт шаъни, халқ ғурури учун курашадиган кўплаб иқтидорли спортчиларни кашф қилишда муҳим аҳамият касб этаяпти.

Тартиб рақамига кўра, еттинчи бора ўтказилаётган, бу гал Фарғона шаҳри мезбонлик қилган мусобақа ҳам том маънода гўзаллик ва спорт байрамига айланди. Шу ўринда айтиш лозим, “Универсиада-2016” мусобақалари шаҳар ва вилоят саралаш босқичларида 165 мингдан зиёд талаба-спортчи иштирок этди. Улар орасидан эса фақат 900 нафар йигит-қизга спорт фестивали финалида иштирок этиш бахти насиб этгани баҳсларнинг нақадар кескин ва муросасиз ўтганини тасдиқлаб турибди. Ўз навбатида, 50 дан ортиқ талаба-спортчи, 8 мураббийдан иборат вилоятимиз вакиллари ҳам улкан мақсад ва юқори марраларни кўзлаб Фарғонага йўл олишганди.

Спортнинг 11 тури бўйича баҳсларга киришган талаба-спортчиларимиз олдига вилоятимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиш вазифаси қўйилган эди. Айниқса, “Универсиада-2016” мусобақаларида ишончли ҳаракат қилган Муштарийбегим Аҳмедова (сузиш - 2 та), Фарҳод Амилов (сузиш), Санжар Файзиев (теннис), Дилафруз Дўстмуродова (таэквондо WTF), Жаҳонгир Турдиев (юнон-рум кураши) барча рақибларидан устун келиб, олтин медалларни қўлга киритган бўлса, Ойдин Шоймуродова (баландликка сакраш), Моҳинур Ражабова (сузиш), Маржона Жалилова (таэквондо WTF) кумуш медалларига эга чиқиб, ўз олдиларига қўйилган вазифани уддалашди. Шунингдек, қўл тўпи бўйича вилоятимизнинг эркаклар терма жамоаси иккинчи ўринни қайд этди. Бундан ташқари, яна бир қатор спорт мусобақаларида вакилларимиз бронза медалларни қўлга киритишди. Гарчи уч нафар дзюдочимиз ярим финалда тўхтаган бўлса-да, шу спорт тури бўйича улар умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллади, теннис жамоамиз ҳам худди шу натижани қайд этди, таэквондочи ёшларимиз 3-ўрин, шахматчиларимиз ҳамда юнон-рум курашчиларимиз 4-ўринга муносиб кўрилди. Афсуски, стол тенниси, эркин кураш ва бокс бўйича вакилларимиз у қадар ишончли ҳаракат қила олишмади.

- Барча беллашувлар унутилмас таассуротларга бой бўлди, – дейди Қарши давлат университети жисмоний маданият факультети 4-босқич талабаси Жаҳонгир Турдиев. - Баҳсларда рўбару келган рақибларим кучли эди. Бироқ машғулотлардаги тинимсиз меҳнат ўз самарасини берди. Айниқса, финалда фарғоналик рақибимни муддатидан олдин енгиб, олтин медални қўлга киритдим. 

- Аввал “Умид ниҳоллари” ва “Баркамол авлод” мусобақаларида иштирок этганман, - дейди Қарши давлат университети жисмоний маданият факультети 1-босқич талабаси Муштарийбегим Аҳмедова. – Шу боис анчадан бери “Универсиада” беллашувларида ҳам қатнашишни орзу қилардим. Мазкур мусобақаларга мураббийлар бизни пухта тайёрлашганди. Машғулотлар давомида орттирган малака ва кўникмалар асосий баҳсларда қўл келди ва мен 50 ҳамда 100 метрга чалқанча сузишда ғолибликни қўлга киритдим.  

Шу тариқа, мусобақа якунида вилоятимиз терма жамоаси умумжамоа ҳисобида 131 очко тўплаган ҳолда 9-ўринни банд қилди. Бироқ “Универсиада-2016” спорт мусобақаларининг финал босқичига йўл олган талаба-спортчиларимиздан бундан кўпроғини умид қилгандик...

Мусобақа якунида одатдагидай тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Энг кўп медаль жамғариб, биринчи ўринни қўлга киритган Тошкент шаҳри жамоаси юксак мукофот – Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Универсиада-2016” спорт ўйинлари иштирокчиларига табригининг асл нусхаси ва Президент совғаси - “Дамас” автомобили билан тақдирланди.

Умумжамоа ҳисобида иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган Фарғона ва Самарқанд вилоятлари жамоаларига Президент совғаси – “Дамас” автомобиллари топширилди.

Шунингдек, муросасиз курашларда алоҳида маҳорат кўрсатган, тенгқурлари орасида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ талаба-спортчилар махсус совринларга сазовор бўлди.

Шу тариқа, орзиқиб кутилган, узоқ вақтдан бери тайёргарлик кўрилган “Универсиада-2016” мусобақалари ўз ниҳоясига етди. Маълумки, навбатдаги “Универсиада” мусобақалари Самарқанд вилоятида бўлиб ўтади. Умид қиламизки, Самарқандда омадли юришларимиз кўпаяди.

Азизбек НОРОВ

Report typo