Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

ЖАҲОНГИР

29.12.2020


2020 ЙИЛНИНГ ЭНГ ЙИРИК 12 ТА ЛОЙИҲАСИ

Сарҳисоб

2020 йилда коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият туфайли аввалдан режалаштирилган кўплаб лойиҳаларнинг бажарилиш муддати кечиккани бор гап. Шунга қарамай, амалга оширилганлари ҳам кам эмас. Қуйида жорий йилда вилоятимизда қурилиш-бунёдкорлик ва ишлаб чиқариш соҳасида амалга оширилган 12 та энг йирик лойиҳани тўпладик.

Қаршида - 16 қаватли уйлар

Жорий йилда Қарши шаҳрида илк маротаба ҳар бири 80 хонадонга мўлжалланган 3 та 16 қаватли турар жой барпо этилди.

"Qarshi City" деб ном олган мавзеда яна 4 та шундай уй-жой қурилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоиз, ушбу уйлар айни пайтда вилоятимиздаги энг баланд бинолар ҳисобланади. Зеро, ҳозир мавжудлари кўпи билан 6-7 қаватдан иборат.

Президент мактаби қурилмоқда

Жорий йилда вилоятда амалга оширилган йирик қурилишлардан бири Қарши шаҳрида Президент мактаби биносининг барпо этилиши бўлди.

Айни пайтга қадар умумий майдони 2 гектарлик ҳудудни эгаллайдиган мажмуада ўқув корпуси ва қўшимча хўжалик бинолари қурилиши деярли якунланиб, ташқи фасад ишлари олиб борилмоқда.

Бош пудратчи "Пудина Қувончбек" МЖЧ томонидан олиб борилаётган қурилиш ишларига 200 дан ортиқ уста, меъмор ва ишчилар жалб қилинган.

Давлат хизматлари маркази ва IT-технопарк иш бошлади

Қарши шаҳрида замоний кўринишдаги ва барча қулайликларга эга давлат хизматлари маркази ҳамда IT-технопарк биноси ишга туширилди.

Жорий йилнинг февраль ойида ишга туширилган Давлат хизматлари марказида 140 турдаги хизмат кўрсатиш учун барча шароит яратилган. Юқори тезликда интернет, замонавий техникалар фуқароларга тез, шаффоф ва қулай давлат хизматларини тақдим этишга мўлжалланган.

Шунингдек, давлат хизматлари маркази билан ёнма-ён қурилган IT-технопаркда ҳам веб-дизайнерлар, дастурчилар ва робототехниклар ўз фаолиятини бошлаган. "Бир миллион дастурчи" лойиҳаси доирасида ўқув курслари ташкил этилгани натижасида ахборот технологияларига қизиқувчи ёшларга кенг имконият яратилган.

100 тонна хом ашё қайта ишланади

Жорий йилда вилоятимизда ишлаб чиқариш йўналишида амалга оширилган энг йирик лойиҳалардан бири "Shakhrisabz silk production" масъулияти чекланган жамияти томонидан Шаҳрисабз туманида барпо этилган пиллани қайта ишлаш корхонаси бўлди.

Айни пайтда умумий қиймати 62 миллиард сўмни ташкил этадиган мазкур корхонанинг қурилиш ишлари якунланиб, ишлаб чиқариш технологиялари ўрнатилмоқда.

Келгуси мавсумдан иш бошлаши режалаштирилган корхонада йилига 1000 тонна хом ашё тайёрланиб, уни қайта ишлаш орқали 350 тонна сифатли ипак тола олиш имкони яратилади. Бу фаолиятга 400 нафар ишчи-ходим жалб этилиб. улар  бандлиги таъминланади.

Косонда дуккакли маҳсулотлар қадоқланади

Жорий йилда Косон туманида дуккакли маҳсулотларни қадоқлайдиган янги корхона бунёд этилмоқда.

"Косон Замин Экспорт" МЧЖ томонидан амалга оширилаётган мазкур лойиҳа тўлиқ қувват билан ишлай бошлагач, бу ерда бир йилда 17,5 минг тонна дуккакли маҳсулотларни саралаш, кунгабоқар донаси ва ерёнғоқни қайта ишлаш ҳамда экспортбоп шаклда қадоқлаш имкони бўлади.

Ғузорда сояни қайта ишлаш йўлга қўйилади

"Сanadian soy integrated production" Ўзбекистон-Канада қўшма корхонаси томонидан Ғузор туманида соя етиштириш бўйича йирик лойиҳанинг  дастлабки босқичи амалга оширилди.

Илк босқичда корхона туман ҳудудидаги 2 минг гектар майдонда соя етиштирган бўлса, эндиликда канадалик инвесторлар соя донини қайта ишлайдиган завод қурилиши учун ҳаракатларни бошлаган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа қиймати 15 миллион АҚШ долларига етадиган мазкур завод қурилиб, ишга туширилиши натижасида ҳудуддаги 3 минг нафар киши учун янги иш ўринлари яратилади.

Косонда нефть-газ соҳаси учун ускуналар ишлаб чиқарилади

Косон туманида "Оверсеас Энерже Индастрес"  масъулияти чекланган жамият тарзидаги Ўзбекистон-БАА қўшма корхонаси фаолият бошлади.

Лойиҳа қиймати 2,5 миллион АҚШ доллари бўлган корхонада нефть-газ ускуналари (двигатель, трубина, задвижка ва бошқалар)ни таъмирлаш ҳамда келгусида зарур эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Ҳозиргача қиймати 1 миллион АҚШ долларига тенг бино-иншоотлар қуриб битказилиб, хориждан зарур технологияларнинг дастлабки қисми келтирилган.

Лойиҳа 2021 йил 1-чорагида ишга тушиши натижасида йилига 8,1 миллиард сўмлик замонавий техник хизматлар бажарилиб, 100 га яқин янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.

Шайхалида яна бир ун заводи

Сўнгги йилларда ун ишлаб чиқариш тизимига ҳам хусусий сектор вакиллари жадал кириб келмоқда. Қарши шаҳрининг Шайхали маҳалласи ҳудудида ҳам кунига 150 тонна буғдойни қайта ишлаб, ун оладиган замонавий тегирмон ишга туширилди.

Тадбиркор Фахриддин Аҳмедов томонидан амалга оширилган мазкур лойиҳа келаётган йил бошидан тўлиқ қувват билан ишлай бошлайди ва бу ерда 80 нафар кишининг иш билан бандлиги таъминланади.

Суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажми ортди

Муборак газни қайта ишлаш заводида суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни янада кўпайтириб, экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини ошириш юзасидан йирик инвестицион лойиҳа амалга оширилди.

Умумий қиймати 73,6 миллион АҚШ долларини ташкил этадиган ушбу лойиҳанинг дастлабки босқичида газдан пропан-бутан аралашмаси ажратиб олиш қурилмасининг 1-, 2- ва 3-тизимлари модернизация қилиниб, иккинчи босқичда қурилманинг 4-тармоғи янгитдан қурилиб, ишга туширилди.

Натижада Муборак газни қайта ишлаш заводининг ишлаб чиқариш қуввати  йилига  62 минг тонна суюлтирилган газ ва 22,5 минг тонна газ конденсатига ошди. Айни пайтда корхонада 100 та янги иш ўрни яратилди.

Мева-сабзавотдан витаминларга бой бўтқа

Яккабоғ туманида "Дармон фарм" хусусий корхонаси томонидан болалар бўтқаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Умумий қиймати 1 миллион 250 минг еврони ташкил этган замонавий корхона Италия ва Украина технологиялари асосида жиҳозланган.

Корхонада соатига 5 тонна мева-сабзавотни қайта ишлаб, болалар учун табиий бўтқа тайёрлаш имконияти мавжуд.

Қамашида пайпоқ ишлаб чиқарадиган корхона

Маълумки, шу пайтга қадар Муборак тумани ва Қарши шаҳрида пайпоқ ишлаб чиқариш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилган эди. Жорий йилда Қамаши туманида ҳам бу борада яна бир йирик лойиҳа йўлга қўйилди.

"Навбаҳор" масъулияти чекланган жамияти томонидан ишга туширилган корхона Хитой технологияси асосида жиҳозланган.

Цех кунига 6 мингтага яқин пайпоқ ишлаб чиқариш қувватига эга.

"Uzbekistan GTL" заводи қурилишининг асосий қисми уддаланди

Вилоятда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар хусусида гап борар экан, Шўртан газ-кимё мажмуасининг тозаланган метан гази негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқаришга мўлжалланган "Uzbekistan GTL" заводи ҳақида айтиб ўтмасликнинг иложи йўқ.

Тўғри, завод қурилиши анча олдин бошланган, келгуси йилда ишга туширилиши маълум бўлса-да, ишларнинг салмоқли қисми жорий йилда бажарилди.

Маълумотларга кўра, айни пайтга қадар лойиҳа қурилишининг қарийб 95 фоизи тугалланган.

ЖАҲОНГИР тайёрлади.

Report typo