Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдишукур ОМОНОВ

27.08.2019


21-ялпи мажлис: МАЪҚУЛЛАНМАГАН ҲУЖЖАТЛАР ҲАМ БОР

Жумладан, "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги Қонунда хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий   фаоллигини ошириш, уларни камситишнинг барча шаклларига барҳам беришга эътибор қаратилган. "Гендер", "гендер-ҳуқуқий экспертиза", "жинс бўйича бевосита камситиш", "жинс бўйича билвосита камситиш" каби тушунчаларга изоҳ берилган.

Ҳужжатга кўра, жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида эркаклар ва аёлларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини камайтиришга ёки тан олмасликка қаратилган ҳар қандай тарзда фарқлаш, истисно этиш ёки чеклаш жинси бўйича бевосита камситиш ҳисобланади. Сиртдан холис бўлиб туюладиган, бироқ бир жинсдаги шахсларни бошқа жинсдаги шахсларга нисбатан ноқулайроқ ҳолатга тушириб қўядиган вазиятлар, ҳолатлар, мезонлар ёки амалиётлар эса жинси бўйича билвосита камситиш сифатида қабул қилинади.

Яна бир эътиборли жиҳати, иш берувчиларга бўш иш ўринлари тўғрисидаги эълонларда (рекламада) фақат бир жинс вакилларига иш таклиф қилиш, жинслардан бирига устунлик бериб, турлича талаблар қўйиш, ишга жойлашаётган шахслардан ўз шахсий ҳаёти, фарзандли бўлиш борасидаги режалари ҳақида маълумотларни талаб қилиш тақиқланади.

"Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонун эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги "Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилди.

Мажлисда таъкидланганидек, жорий йилнинг ўзида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан бир қанча зўравонлик ҳолатлари қайд этилди. Айрим аёллар содир этилган жиноятлар натижасида жабрланган. Янги қонун бундай муаммоларнинг олдини олишга, хотин-қизларни маиший ҳаётда, ишда, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда жабр-зулмдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.

Хотин-қизларга нисбатан тазйиқлар ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш тўғрисида ахборот олишни таъминлаш мақсадида республиканинг бутун ҳудудида туну кун ишлайдиган, бепул телефон линияси тармоғи (ишонч телефони) фаолият кўрсатишини таъминлаш белгилаб қўйилди.

Сенаторлар "Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида"ги Қонунни ҳам маъқуллашди. Унда хавфсизлик, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш устуворлиги, атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солувчи органлар фаолияти мустақиллиги, очиқлик ва ошкоралик, халқаро мажбуриятларни бажариш ихтиёрийлиги каби атом энергиясидан фойдаланишнинг асосий тушунчалари белгилаб берилган.

Бугунги кунда республика табиий энергия ресурси бўлган табиий газга қарам бўлиб қолган. Электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмида бу манбадан фойдаланиш 85 фоизни ташкил этади. Шуни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Ҳукумати мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсишини таъминлаш учун энергетика тармоғини ривожлантиришнинг турли вариантларини кўриб чиқди. Бунда мамлакат ядро энергетикаси тармоғини шакллантириш вазифаси асосий йўналиш сифатида белгилаб олинди.

Бундай қарор қабул қилишда кўплаб омил ва ҳолатлар ҳисобга олинди. Энергетика хавфсизлигини таъминлаш, атроф-муҳитга углерод чиқаришни камайтириш, атом электр станциялари хавфсизлиги кўрсаткичларига бўлган ишончни ошириш зарурати, иқтисодиёт нуқтаи назаридан ядро энергетикаси рақобатбардошлиги ана шундай омиллар сирасига киради.

Натижада Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти томонидан 2018 йил январда мамлакатимизда АЭС барпо этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ўша йилнинг сентябрида Москва   шаҳрида Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида "3+" авлодига мансуб, иккита энергия блокидан иборат бўлган, белгиланган қуввати 2400 мегеваттни ташкил этадиган атом электр станциясини барпо этиш тўғрисида битим тузилди. Бу Халқаро атом энергияси агентлигининг (МАГАТЭ) барча хавфсизлик талабларига жавоб беради. Мазкур объектни Жиззах вилояти Фориш туманида барпо этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳудуд географик жойлашуви ва бошқа зарур омиллар нуқтаи назаридан қулай ҳисобланади.

"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси бюджетини шакллантириш ва ижро этишнинг янги механизмлари жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун билан Бюджет кодексига, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида"ги конституциявий қонунларга, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида"ги қонунларга ўзгартишлар киритилди. Шундай механизм жорий этилмоқдаки, унга кўра, Олий Мажлис палаталари харажатлар сметалари уларнинг девонлари томонидан бюджет қўмиталари билан биргаликда парламентлараро ва халқаро ҳамкорликка доир харажатлар ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилади ҳамда Олий Мажлис палаталари Кенгашлари томонидан тасдиқланади.

 "Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қонун билан эса Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, конституциявий қонунларга, "Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида"ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

"Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонунга асосан "Жамоатчилик назорати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунидан келиб чиқадиган нормаларни амалга ошириш мақсадида "Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида"ги, "Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги, "Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги", "Ўрмон тўғрисида"ги, "Радиациявий хавфсизлик тўғрисида"ги, "Психиатрия ёрдами тўғрисида"ги қонунларга жамоатчилик назорати субъектлари киритилди.

"Хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун кўриб чиқилиб, хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ташкил этилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг 12 та қонунига ҳамда 3 та кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

"Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонунга асосан Жиноят кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Солиқ кодексига, шунингдек, Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхатига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларда давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектларини нобуд қилганлик, бузганлик ёки уларга шикаст етказганлик, нафақат кўп миқдорда зарар етказган ҳуқуқбузарликни қасддан содир этганлик, балки кўп ва анча миқдорда зарар етказган ҳуқуқбузарликни эҳтиётсизлик туфайли содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши назарда тутилди.

"Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун кўриб чиқилиб, унга асосан 12 та қонун ва 1 кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, судьялар хатоларининг олдини олиш, судьялар корпуси етарли амалий ва ҳаётий тажрибага эга юқори малакали юристлар орасидан шаклланишини таъминлаш мақсадида "Судлар тўғрисида"ги Қонунга судьялар учун ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган ёш цензини назарда тутувчи ўзгартиш киритилди. Оила кодексига эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёшини ўн саккиз ёш этиб белгиловчи норма киритиш сенаторлар томонидан маъқулланди.

"Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида"ги Қонуннинг мақсади она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, шунингдек, гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир белгиланган талабларга риоя этилишини таъминлашга қаратилган. Ушбу қонун Президентнинг 2018 йил 7 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Сенаторлар томонидан қонун ҳар томонлама ўрганиб чиқилиб, уни тамомила қайта кўриб чиқиш зарур, деган хулосага келинди. Ундаги айрим нормалар унинг номи ва мақсадларига мос келмаслиги, гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларининг санитария ҳолати, сифати ва хавфсизлиги талабларига риоя қилиш устидан давлат назоратини амалга ошириш механизмлари ўз аксини топмаганлиги эътироф этилди. Шу сабабли Сенат мазкур қонунни маъқулламади.

Сенаторлар "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили" Давлат дастурининг 2019 йил иккинчи чорагидаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини муҳокама қилишди. Шунингдек, жамият ва давлат аҳамиятига молик бошқа масалалар кўриб чиқилди.

Юқорида зикр қилинган қонунлар Президент томонидан имзоланиб, белгиланган тартибда эълон қилингач расмий кучга эга бўлади.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари

Report typo