Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шаҳзод БАХТИЁРОВ, Саддам ОРЗИҚУЛОВ

30.08.2019


28 йил: СУД-ҲУҚУҚ СОҲАСИДАГИ ЎЗГАРИШЛАР ОДАМЛАРГА НИМА БЕРДИ?

Жумладан, ҳуқуқни қўллаш ва суд амалиётига ярашув институти киритилгани муҳим қадамлардан бири бўлди. Ярашув институтининг талабига кўра, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноий қилмишни содир этган шахс жабрланувчига етказилган зарарни тўлиқ қоплаб берган тақдирда жиноий жавобгарликка тортилмайди. Бу халқимизнинг бағрикенглик ва кечиримлилик тамойилларига ҳам мос келади.

Ўлим жазоси бекор қилиниб, унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилганини нафақат юртдошларимиз, балки дунё ҳамжамияти эътироф этди. Эндиликда юртимизда умрбод озодликдан маҳрум қилиш фавқулодда жазо чораси бўлиб, фақат икки турдаги жиноят, яъни жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдириш ва терроризм жинояти учун тайинланади. Айни чоғда бу жазо тури хотин-қизлар, жиноят содир этган пайтда 18 ёшга тўлмаган шахслар ҳамда ёши 60 дан ошган эркакларга нисбатан қўлланмайди.

"Хабеас корпус" институти жорий этилди, яъни 2008 йилдан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилди, судга қадар иш юритув босқичида қўлланадиган лавозимдан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чоралари фақат судьянинг санкцияси асосида қўлланадиган бўлди. Бу - фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиз экани, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги ҳақидаги конституциявий норма амалда рўёбга чиқишининг яққол ифодасидир.

2014 йил 4 сентябрдаги қонунга мувофиқ, уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси жорий этилиб, шахсга нисбатан уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ва унинг муддатини узайтириш судлар ваколатига берилди. 2015 йил 10 августдаги қонун билан жазо тизимига озодликни чеклаш жазоси киритилди. Бу жазо мамлакатимиз қонунчилигида янгилик ҳисобланиб, у тайинланган маҳкумнинг ўз яшаш жойини у ёки бу сабаб билан тарк этишини бутунлай тақиқлаб ёки сутканинг муайян вақтида яшаш жойидан чиқиши чеклаб қўйилади. Озодликни чеклаш олти ойдан беш йилгача муддатга тайинланади ҳамда суд томонидан белгиланадиган органлар назорати остида ўтаттирилади.

Ўзбекистонда жиноий жазоларни либераллаштириш сиёсати жиноят содир этган шахсга, иложи борича, жамиятдан ажратиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни қўллашдан иборатлигини инобатга олиб, озодликни чеклаш жазоси жиноий жазо сифатида жамиятимизнинг ижтимоий ва сиёсий-ҳуқуқий талабларига жавоб беради ҳамда одил судловни инсонпарварлик ғоялари асосида амалга оширишда ижобий натижа бермоқда.

Эътироф этиш керак, давлатимиз раҳбарининг маҳкумларни афв этиш тўғрисидаги фармонлари халқимизнинг инсонпарварлик, бағрикенглик, кечиримлилик каби ўзига хос қадриятларининг чин маънодаги намунаси бўлмоқда. Бунга жойларда мазкур ҳужжат мазмун-моҳиятига бағишлаб ўтказилаётган тадбирлар, аҳоли билан бевосита мулоқотларда оддий одамлар билдираётган миннатдорлик сўзлари яққол мисол бўла олади.

Бундан кўзланган мақсад - фақат маҳкумларни ёки билиб-билмай жиноятга қўл урган шахсларни жазодан озод қилиш эмас, балки улар туфайли жабр тортадиган ҳар бир оила ва оила аъзолари, айниқса, ўсиб келаётган ўғил-қизларнинг келгуси тақдирини ҳамда уларнинг келажагини турли салбий таъсир ва жиддий синовлардан ҳимоя қилишдан иборатдир.

2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб эса жазо тизимидан "қамоқ" жазоси чиқарилиб, "мажбурий жамоат ишлари" жазо тури киритилди.

Жиноий жазолар тизимидан нисбатан қаттиқ таъсир чораларидан бирининг чиқарилиши ҳуқуқбузарларга нисбатан тарбиявий-тузатиш таъсир чораларининг илғор шакл ва услубларини кенг қўллашга хизмат қилади.

Шунингдек, жиноят процессида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш, жиноят ишларини тергов қилишнинг тезкорлигини ошириш мақсадида жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати қисқартирилди.

"Хабеас корпус" институти қўлланишини янада кенгайтириш доирасида прокурорларнинг почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва   эксгумация қилиш каби тергов ҳаракатларини ўтказишга санкция бериш бўйича ваколатлари судларга ўтказилди. Бундан ташқари, судга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад этилган тақдирда муқобил эҳтиёт чорасини қўллаш имконияти берилди.

Судда иш юритиш тезкорлиги ва сифатини ошириш, иш бўйича якуний қарорлар қабул қилиш муддатларини асоссиз кечиктиришни бартараф этиш, судларнинг жиноят процессидаги ролини оширишга қаратилган янгилик сифатида суд томонидан жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилинганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган янги суд тизими шакллантирилди. Яъни, илк маротаба давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан фуқароларнинг судга шикоят қилиш ҳуқуқининг конституциявий кафолатларини амалга оширишни таъминлашга хизмат қиладиган Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, туман ва шаҳар маъмурий судлари ташкил этилди.

Хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳудудларда ишларни биринчи инстанцияда кўриб чиқишга ваколати бўлган туманлараро, туман ва шаҳар иқтисодий судлари ташкил этилди.

2017 йил 1 июндан эътиборан Олий суд ва Олий хўжалик судини бирлаштириш йўли билан фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи - Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди.

Жиноят-процессуал кодексига бутунлай янги - "Далилларнинг мақбул эмаслиги" ҳақидаги 951-моддаси киритилганини ҳам қайд этиш жоиз. Унга кўра, қонунга хилоф усуллар орқали ёки процесс иштирокчиларини қонун билан кафолатланган ҳуқуқларидан маҳрум қилиш ёхуд уларни чеклаш йўли билан олинган далиллардан, шу жумладан, жиноят процесси иштирокчиларига ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан руҳий, психологик, жисмоний ёхуд бошқача тарзда босим ўтказиш, қийноққа солиш, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллаган ҳолда; гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг ҳимояга бўлган ҳуқуқларини, шунингдек, таржимон хизматидан фойдаланиш ҳуқуқини бузган ҳолда; мазкур жиноят ишини юритишни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан процессуал ҳаракатни бажариш натижасида; номаълум манбадан ёхуд жиноят ишини юритиш жараёнида аниқлаш мумкин бўлмаган манбадан; суриштирув, дастлабки тергов жараёнида жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи,  айбланувчи, судланувчининг судда мавжуд далиллар мажмуи билан ўз тасдиғини топмаган кўрсатувларидан олинган далиллардан далил сифатида фойдаланиш тақиқланди.

Шунингдек, Жиноят кодексига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, далилларни сохталаштирганлик (қалбакилаштирганлик) учун 2301-моддага асосан жиноий жавобгарлик белгиланди, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллаганлик, ёлғон гувоҳлик ва ёлғон хабар берганлик учун жавобгарлик кучайтирилди.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича адвокатура институтининг роли ва аҳамияти кучайтирилди.

Судларнинг жамоатчилик ва ОАВ билан ишлари қониқарсиз даражада ташкил этилганлиги суд фаолиятини лозим даражада ёритиш имконини бермаётганлиги ҳамда аҳолининг суд ҳокимиятига ишончи пасайишига олиб келаётганлиги, шунингдек, судьяларни моддий таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя қилишнинг амалдаги тизими суд ҳокимиятининг алоҳида мавқеи ва обрўсига, судьялар  мустақиллиги принципларига мувофиқ эмаслиги касбий ўсишни янада рағбатлантиришга тўсқинлик қилиб, кадрлар қўнимсизлигига олиб келаётганлиги инобатга олиниб, Олий суд веб-сайтида суд қарорларини тизимли равишда эълон қилиш тартибини босқичма-босқич жорий этиш, қабул қилинган суд ҳужжати ўқиб эшиттирилганидан сўнг унинг мазмун-моҳиятини суд процесси иштирокчиларига тушунтириш, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари  раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш, суд амалиёти обзорларини ҳар чоракда эълон қилиш амалиёти жорий этилди.

Маълумки, бугунги кунда шахсга доир маълумотларни муҳофаза қилиш холис воқеликка айланди. Бундай маълумотларни муҳофаза қилиш, ундан турли ғаразли мақсадларда фойдаланишга йўл қўймаслик, шу аснода шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлаш масаласи ҳар қачонгидан кўра долзарб аҳамиятга эга.

Бу борада "Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги Қонун қабул қилиниши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 462-моддаси ва Жиноят кодекси 1412-моддаси билан тўлдирилиб, маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди.

Ўтган давр мобайнида судьялар ва суд аппаратлари ходимларининг лавозим маошлари оширилди, малака даражаси ва мансаб даражасига эга бўлган судлар ва суд аппарати ходимларига алоҳида меҳнат шароитлари учун лавозим маошларига қонун ҳужжатларида белгиланган рағбатлантирувчи қўшимча ҳақ ва устамаларни ҳисоблашда лавозим маоши таркибига киритиладиган устама миқдори кўпайтирилди, судьяларнинг давлат органлари ва ташкилотларида ишлаган вақти уларнинг ушбу орган ва ташкилотлардаги меҳнат фаолияти бошланган пайтдан бошлаб судьялик стажига киритилиши белгиланди.

Умуман олганда, соҳадаги ислоҳотлардан кўзланган мақсад шу муқаддас заминда яшаётган ҳар бир инсоннинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, ҳаётдан рози бўлиб яшашига эришишдир. Шундай экан, эзгу мақсадларга хизмат қилишни фаолиятимизнинг асосий мезонига айлантириб, дахлдорлик ҳисси билан меҳнат қилиш - бош вазифамиз бўлиб қолади. 

Шаҳзод БАХТИЁРОВ, 

жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси

Саддам ОРЗИҚУЛОВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят судлари судьялари малака ҳайъати котиби

Report typo