Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

16.06.2020


2800 ДАН ОШИҚ ДЕҲҚОНОБОДЛИК ХОРИЖГА ИШ ИЗЛАБ ЧИҚИБ КЕТГАН

Брифинг

Ўтган йили Деҳқонобод туманида 2 миллион долларлик коврак экспорт қилинган бўлса, бу йил ушбу рақам 2 миллион 453 минг долларга етиши кўзда тутилган.

Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида Деҳқонобод тумани ҳокими Зоир Алиқулов иштирокида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил қилинган брифингда айтиб ўтилди. Қайд этиш лозим, Зоир Алиқулов ҳокимлар орасида биринчи бўлиб брифингга келган раҳбар бўлди.

“Туманда коврак ва писта экилгани ҳақида кўп айтилади, аммо улар қачон аниқ мевасини беради?” деган саволга “Коврак 5-7 йилда, писта 7 йилда ўз ҳосилини бера бошлайди. Унгача эса писта плантациялари орасига нўхат ва дон экинлари экиб фойдаланиш мумкин, коврак эса катта майдонлар билан бирга аҳоли томорқаларида ҳам парваришланаяпти”, дея жавоб берди туман ҳокими.

Тадбирда қайд этилганидек, Президентнинг 2019 йил 24 октябрдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни кредитлаш тартибини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2020 йил Деҳқонобод тумани учун 22,2 миллиард сўм кредит ажратилиши режалаштирилган бўлиб, жорий йилнинг январь-май ойларида 137 фуқаро томонидан тақдим этилган лойиҳаларга 5 миллиард 141 миллион сўм имтиёзли кредит тақдим этилди. Бунинг натижасида 182 та янги иш ўрни яратилди.

“Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури бўйича эса 13 миллиард сўм йўналтирилиши белгиланган бўлиб, айни кунгача 66 та лойиҳага 2,5 миллиард сўм кредит ажратилган ва 91 киши ишли бўлган.

Шуни ҳам айтиш жоиз, пандемия шароитида туманда ишсизлик даражаси 11 фоизга кўтарилди. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳудудда 4 минг 500 фуқаро расман ишсиз экани аниқланган, карантин муносабати билан улар орасига яна 777 киши қўшилган.

“Аслида ишсизлар бундан ҳам кўп бўлиши аниқ”, деди туман ҳокими.

Хорижга иш излаб кетган меҳнат муҳожирлари сони 2800 дан ортиқ, 410 дан ошиқ киши қайтиб келган, уларга ер ажратиш, бандлигини таъминлаш, мавсумий ишларга жалб этиш чоралари кўрилмоқда.

Янги иш ўринларини яратиш дастурини амалга ошириш бўйича 2,4 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилган, аммо айни пайтгача 300 миллион сўм кредит ажратилган, яъни йилнинг деярли ярмига келиб белгиланган режанинг саккиздан бир қисми бажарилган, холос.

Бунинг сабабини туман масъуллари жамғарма томонидан ҳозиргача айнан шунча маблағ ажратилгани, режанинг қолган қисми йилнинг иккинчи ярмида бажарилишини таъкидлашди.

Тадбирда журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар қайтарилди.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo