Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жасур ЖАББОРОВ

19.05.2020


5 КИШИ ҲАЛОК БЎЛГАН, 5 НАФАРИ ҚУТҚАРИЛГАН, 10 ФУҚАРО ЖАРОҲАТ ОЛГАН

Оловга "тилсиз ёв" дея таъриф берилади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки ундан унумли ва ўринли фойдаланмасак, нафақат мол-мулкимиз, ҳатто ҳаётимиз ҳам хавф остида қолиши ҳеч гап эмас. Бу борада озгина бефарқлик ҳам мудҳиш оқибатларга олиб келиши мумкин.

Шундан келиб чиққан ҳолда, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан ёнғинларнинг олдини олиш, аҳоли орасида ёнғин хавфсизлиги қоидаларини кенг тарғиб қилиш мақсадида  доимий равишда турли тадбирлар, давра суҳбатлари, профилактик назорат ишлари амалга ошириб келинмоқда.

Аммо айрим фуқаролар томонидан олов ва аланга келтириб чиқариши мумкин бўлган воситалардан фойдаланишда эътиборсизликка йўл қўйилиши, белгиланган хавфсизлик қоидаларига амал қилинмаслиги оқибатида содир бўлаётган ёнғинлар сони ошиб бормоқда.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган 4 ойи давомида вилоятимизда 190 та ҳолатда ёнғин қайд этилган. Улар оқибатида 5 киши ҳалок бўлган, 10 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Ўтган йилнинг мос даврида ёнғин натижасида инсонларнинг ҳалок бўлиши ҳолати биттани, жароҳат олиш ҳолатлари эса 5 тани ташкил этган эди.

Шунингдек, жорий йилда содир бўлган ёнғинларнинг 79 фоизи аҳоли яшаш жойларида, 3,7 фоизи савдо-сотиққа ихтисослашган корхоналарда ва 5,3 фоизи транспорт воситаларида юзага келган. Янаям чуқурроқ таҳлил қиладиган бўлсак, ушбу ёнғинларнинг 30,5 фоизига очиқ оловдан фойдаланишдаги эҳтиётсизлик, 25,8 фоизига электр ускуналари, 16 фоизига иситиш печларининг носозлиги сабаб бўлган. Қолгани эса болаларнинг шўхлиги, носоз транспорт воситаларидан фойдаланиш натижасида юзага келган.

Бу - содир бўлганлари. Ёнғин юзага келишининг олди олинган, ўлим муқаррар бўлган ҳолатда инсонлар ҳаёти сақлаб қолинган ҳолатлар ҳам кам эмас. Мисол учун, жорий йилнинг ўтган 4 ойи мобайнида вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган профилактик тадбирлар жараёнида 1653 та бино ва иншоотда ёнғинни келтириб чиқариши мумкин бўлган сабаблар бартараф этилган. Содир бўлган ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятларда кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида 5 киши қутқарилган,        45 хил техникалар, 4 миллиард сўмдан ортиқ мол-мулклар сақлаб қолинган.

Албатта, бу каби кўнгилсизликларга йўл бермаслик учун аввало ҳар бир фуқаро ўз хонадонида, ўзи яшаётган,   меҳнат қилаётган жойда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига бефарқ қарамаслиги, эътиборли бўлиши, масъулиятни унутмаслиги лозим. Зеро, халқимиз бекорга айтмайди: "Ўзини асраганни Худо асрайди", деб.

Жасур ЖАББОРОВ,

вилоят ФВБ бўлим бошлиғи, подполковник

 

Report typo