Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
18 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

18.08.2020


50 минг долларга Тошкентдан нотурар жой олиб бермоқчи эди...

Бировнинг ишончига кириб, қонунга зид равишда мўмай даромадни кўзлаётган олғир кимсалар ҳақидаги маълумотлар тез-тез қулоғимизга чалинаяпти. Кимдир ишга киритиб қўйиш, бошқа биров арзонгаров уй олиб бериш ваъдаси билан ўзгалар қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб юрибди. Албатта, бузоқнинг югургани сомонхонагача, бироқ ўшангача бўлган асаббузарлик, йўқотилган вақт, моддий ва маънавий зарарни айтинг...

39 ёшли А.Э. Чироқчи туманида яшовчи Х.М.нинг Тошкент шаҳридан кўчмас мулк сотиб олиш нияти борлигидан хабар топиб қолади. Сўнг отаси ва қариндоши билан келишган ҳолда, Х.М.га Тошкент шаҳридаги метро бекати яқинида жойлашган кўп қаватли бинонинг 1-қаватидаги нотурар жойни 50 минг АҚШ доллари эвазига сотиб олишда ёрдам берамиз, деб ваъдани қуюқ қилишади.

Шунга кўра 2019 йилнинг апрель ва май ойлари давомида Х.М.дан 50 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни бўлиб-бўлиб Чироқчи тумани маркази ва Тошкент шаҳрининг турли жойларида олишади. Аммо на нотурар жойдан, на олинган пулдан дарак бўлади. Бунинг ўрнига, қўлга киритилган пуллар шахсий эҳтиёжлар йўлида сарфлаб юборилади.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги тергов департаментининг хабар беришича, мазкур ҳолат юзасидан Чироқчи тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича А.Э. ва унинг қариндоши айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, уларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Report typo