Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
16 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • ШОВ-ШУВ БИЛАН БОШЛАНГАН 6 МИЛЛИОН ДОЛЛАРЛИК ЛОЙИҲА НЕГА АМАЛГА ОШМАДИ?

НАСРИДДИН

26.05.2020


ШОВ-ШУВ БИЛАН БОШЛАНГАН 6 МИЛЛИОН ДОЛЛАРЛИК ЛОЙИҲА НЕГА АМАЛГА ОШМАДИ?

Ёдингизда бўлса, 2019 йилнинг 24 январь куни Қарши туманидаги Чаман маҳалласида Ўзбекистон-Жанубий Корея ҳамкорлигидаги "CENTURY-JV" қўшма корхонасининг тамал тоши қўйилган, мазкур корхонада импорт ўрнини босадиган 20 турдаги маиший техника воситалари ишлаб чиқарилиши айтилган эди.

 Масъуллар жанубий кореялик ишбилармонлар билан биргаликда халқимиз эҳтиёжи учун мўлжалланган иситиш ва совутиш, маиший техника воситалари ишлаб чиқаришни мақсад қилишгани, корхона биносини биз қурсак, корейс дўстларимиз жиҳозлаш ишларини бажариши, биргина иситиш ускуналарининг 10 дан ортиқ хили ишлаб чиқарилиши кўзда тутилаётганини маълум қилишганди.

Қолаверса, лойиҳада корхонадан ташқари Жанубий Корея андазаси асосида 50 ўринли меҳмонхона, замонавий савдо маркази, ўқув маркази ҳамда 150 ўринли болалар боғчаси ҳам қуриш кўзда тутилган бўлиб, лойиҳа қиймати 6 миллион доллар, шундан 5 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестицияни ташкил этарди.

Ҳазилакам лойиҳа бўлмагани учун корхонанинг тамал тоши қўйилиши тантанали равишда ўтказилиб, вилоятнинг казо-казолари ташриф буюрган, корейс ишбилармонларига тўнлар ёпилиб, дўппилар кийдирилиб, белбоғлар боғланиб, суратларга тушилган, ленталар кесилганди.

Қолаверса, ушбу корхонанинг 6 ой ичида фойдаланишга топширилиши ҳақидаги ваъда кишиларда кўп умидларга асос бергани ҳам бор гап. Чунки бунинг ортидан камида 100 та янги иш ўрни, кенг маҳсулотлар ассортименти яраларди.

Мана, орадан оз эмас, кўп эмас, нақ бир ярим йил вақт ўтди. Хўш, нима ўзгарди? Корхона қандай ишлаяпти?

Энг қизиғи, ўшанда корхона 6 ойда фойдаланишга топширилади, дейилгани билан қурилиш ишлари негадир ярим йил ўтгачгина бошланди. У ҳам 2 ойлар давом этди. Шу билан эса тўхтаб қолди... Ва ҳозир ҳам ўша ҳолича ётибди...

Табиий равишда савол туғилади-да, ахир   бошдаги ваъдалар ўзгача эди-ку. Ниятлар улкан,  режалар ранг-баранг эмасмиди?

Қани корейс дўстларимиз? Улар қаерга ва нимага кетиб қолишди?

Улкан лойиҳа нега амалга ошмади? Бунга маҳаллий масъуллар сабабчими ё кореяликларга бирор нарса маъқул келмадими?

Ўзи умуман нега ана шундай фақат пойдевори ташланиб, амалда ҳеч ўзгариш юз бермаётган лойиҳалар сони кўпайиб бормоқда? Таги пуч лойиҳалардан кимга нима наф?

Хўш, корхона ўрни шу туришда қолаверадими? Кореяликлар қачон келаркин, деб кутиб ўтираверамизми?

МАҲАЛЛИЙ АМАЛДОРЛАРИМИЗГА ҲОЗИРЧА АНА ШУНДАЙ САВОЛЛАРИМИЗ БОР...

НАСРИДДИН

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo