Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

21.06.2019


АҚЛНИ ЗАИФЛАШТИРИБ, МЕҲНАТ ҚОБИЛИЯТИНИ СУСТЛАШТИРАДИ

Инсоният бир неча асрлардан буён гиёҳвандликка қарши курашиб келаётган бўлса-да, бу иллатга узил-кесил барҳам беролганича йўқ. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти экспертлари томонидан ўтказилган   тадқиқот хулосаларига кўра, жаҳонда ҳар йили тахминан 100 минг киши гиёҳвандлик балоси туфайли ҳаётдан эрта кўз юммоқда. Шу билан бирга бугунги кунда ноқонуний наркобизнесдан тушадиган ялпи даромад йилига 400 миллиард долларни ташкил этади.

- Ушбу заҳри қотилни истеъмол қилаётганлар орасида хотин-қизлар  ҳам борлиги, айниқса, ҳомиладор аёлларнинг учраётгани ачинарли ҳолдир, -дейди  Бобомурод Раҳимов. - Ваҳоланки гиёҳванд моддаси фарзанд кутаётган аёл организми ва ҳомилага ўта зарарли таъсир кўрсатади. Чунки ҳомила пайдо бўлган  вақтдан бошлаб 70 кунгача жуда нозик ҳисобланади. Ҳар қандай салбий таъсир унда туғма нуқсонлар пайдо бўлиши (ҳомила ўлик туғилиши, тушиши, ақли заиф, мажруҳ чақалоқлар туғилиши)га олиб келиши мумкин.

Юртимизда гиёҳвандликка қарши курашиш ва наркотик моддалар ноқонуний айланишининг олдини олиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бир қаторда ҳар йили махсус ойлик эълон қилиниб, бир ой давомида ёшлар ўртасида гиёҳвандлик ва унинг аянчли оқибатлари, гиёҳванд ва психотроп моддаларни тарқатиш, сотиш ва бунинг оқибатларини муҳокама қилиш, бундай иллатларга қарши курашга чорловчи тадбирлар ўтказиб борилмоқда.

- Гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилиш натижасида инсон организмида унга руҳий ва жисмоний мойиллик пайдо бўлади, - дейди Бобомурод Раҳимов. - Бунинг оқибатида кишида руҳий ҳолатнинг ўзгариши: ўзини ёмон ҳис қилиш, тажанглик, уйқунинг бузилиши, тез чарчаш каби ҳолатлар кузатилади. Кейинчалик эса кўп терлаш, юрак уришининг тезлашиши, оғиз қуриши, озиб кетиш, қўл ва оёқнинг терлаши, суякларда оғриқ пайдо бўлиши кузатилади. Бундай пайтда ўз вақтида гиёҳванд моддаси қабул қилинмаса, танада оғриқ кучаяди. Шунингдек, гиёҳвандликка ружу қўйган одамнинг кўз қорачиқлари нуқтасимон бўлиб, ёруғлик ва қоронғулик таъсирига бефарқ бўлиб қолади. Хумор пайтида қорачиқлар кенгайиб, кўзи ёшланиб, унда тумов белгилари кузатилади. Гиёҳванд шахслар бундай пайтда жаҳлдор ва тажовузкор бўлиб қолишади. Ана шундай пайтда гиёҳванд моддаси топиш бу одам учун энг мақбул чора бўлиб туюлади ва у бунинг учун ҳеч нарсадан қайтмайди. Бу ҳолат охир-оқибат уни жиноятга бошлайди.

Гиёҳвандлик натижасида жуда оғир хасталик - ОИТСга чалинганлар сони кўпаяётганлиги ҳам ачинарли ҳолдир. Шу боис ҳозирги кунда гиёҳвандлар ўртасида ОИТСнинг олдини олиш мақсадида "Ишонч пунктлари" ташкил этилган. Унга мурожаат қилганлардан тиббий хизмат учун пул олинмайди. Беморнинг кимлиги сўралмайди, муолажа сир сақлаш асосида олиб борилади.

- Диспансеримизда гиёҳвандлик исканжасига тушиб қолган инсонларни даволаш учун 3 та бўлим бўлиб, барча даволаш ишлари бепул амалга оширилади, - дейди Бобомурод Раҳимов. - Айни пайтда 10 нафарга яқин фуқаро токсикомания ва қарийб 70 нафар киши гиёҳвандлик бўйича рўйхатга олинган. Ачинарлиси бугун ёшлар ўртасида токсикоманиянинг бир тури, яъни турли воситаларни ҳидлаб кайф қилиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

Бугун гиёҳвандликка мубтало бўлаётганларга қарата бир гапни айтиш мумкин. Ҳаёт гўзал, яшаш яхши. Ҳар қандай муаммони ҳал қилиш мумкин. Шу сабабли ўзингизни чоҳга ташламанг. Ўлим суюқлиги солинган шприцни қўлига олаётган одам келажагини умрбод қоронғулик қаърига ташлаётганини ҳис қилиши зарур. Гиёҳванд моддаси таклиф қилинган пайтда "йўқ" деган қатъий сўзни айта билиш керак. Шундагина инсон ҳаётда ўз ўрнини топиши ва ўзинининг, қолаверса, оиласининг хотиржамлигини таъминлаши мумкин.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo