Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

24.07.2020


ҚАБРИСТОН ИЧИДА ҚОЛИБ КЕТГАН ҚИШЛОҚ

ёхуд Қарши тумани Тинчлик маҳалласидаги ғавғо қачон тугайди?

Муаммо, мулоҳаза, муносабат

Қарши туманида Тинчлик деган маҳалла бор. Аҳоли бу ҳудудни Пармитон қишлоғи, деб атайди. Қишлоқ вилоят марказидан узоқ эмас - Қарши-Касби йўли бўйлаб беш-олти чақирим юрганингиздан сўнг йўлнинг чап томонида жойлашган.

Мўъжазгина қишлоқ бўлишига қарамай Пармитоннинг ўзига хос тарихи, маданий, маънавий қадриятлари бор. Аммо биз бугун улар ҳақида эмас, балки шу ҳудудда юзага келган ва аҳоли орасида можаро келтириб чиқараётган бир муаммо хусусида тўхталмоқчимиз.

Гап шундаки, 2005-2006 йиллардан бошлаб Пармитон қишлоғининг ўзлаштирилмаган ерларидан янги оилаларга якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари ажратила бошланган. Ўша пайтда бу иш маҳалла раиси, жамоа хўжалиги архитектори ва туман ҳокимлигидаги айрим масъуллар иштирокида ҳал қилиб қўяверилган. Шу боис уй-жой эгаларининг кўпчилиги тегишли ҳужжатларни ҳам олишмаган. Ҳатто 2008 йилнинг 1 январидан якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари кимошди савдоси орқали сотила бошлаганидан сўнг ҳам  бу ерда эски тартиб давом этган.

Кейинчалик ҳужжатлари тўлиқ шакллантирилмаган бу уй-жойлар ноқонуний  эгалланган ер участкалари сифатида эътироф   этилиб, уларга Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги 461-сонли қарори асосида кадастр ва бошқа тегишли ҳужжатлар тайёрлаб берилган.

Ана энди қолганлар ҳам ўзига тегишли жойдан иморат кўтариб, атрофни ҳовли-деворлар билан  ўраб ола бошлагач, маҳалланинг Пармитон кўчасида яшовчи 22 та оила ғалати бир муаммога рўбарў келди. Уларнинг икки томони янги қурилган уй-жойлар, бир томони бийдек дала, яна бир томони қишлоқ қабристони, аҳоли учун йўл йўқ эди. Қарангки, аслида бу ер участкалари ноқонуний эгалланган деб эътироф этилган бўлса-да, ўз вақтида аҳоли уни ўша пайтдаги масъуллар орқали сотиб олишган, улар эса ҳатто йўл учун ҳам жой қолдирмасдан ерни пуллашган экан.

- Бу бошида бизга йўл деб кўрсатилган ва йиллар давомида одамлар ўтиб-қайтиб юрган йўл устига 2019  йилнинг ёзида Шомурод Муқимов исмли киши уй қуриб олиб, 22 та оила қамровда қолиб кетганимиздан сўнг маълум бўлди, - дейди аҳоли вакилларидан бири Ғолиб Қиличев. - Мана энди ўз  уйимизга қабристоннинг кичик дарвозаси орқали кириб чиқаяпмиз. Катта дарвоза доим берк туради, машинада киришнинг иложи йўқ. Ҳатто  фавқулодда ҳолатларда ҳам кўчамизга техника кира олмайди. Муаммони ҳал қилишни сўраб бормаган идорамиз қолмади, лекин қуруқ ваъдалардан бошқа жавоб бўлмаяпти.

- Яқинда ёш боламнинг иситмаси кўтарилиб, тоби қочиб қолди, - дейди шу кўчада яшовчи Зарнигор Азизова. - "Тез ёрдам"га қўнғироқ қилдик, шифокорлар қабристон дарвозасигача келишди, аммо бу томонга ўта олишмади. Ярим тун, вақт кетаяпти, касал ётган болани кўтариб, машинага қадар олиб бордик. Натижада йўлда боламнинг аҳволи янада оғирлашиб қолди.

 - Қабристоннинг дарвозаси орқали кириб-чиқишимиз фарзандларимизнинг руҳиятига ҳам салбий таъсир этмоқда, - дейди бизга мурожаат қилган аёллардан яна бири. - "Она, биз қабристонда яшаймизми?", деб сўрашади. Кўчада кимдир шундай деган-да. Юрагим куйиб кетади буни эшитиб. Ахир бир пайтлар шуларнинг бахтини, келажагини ўйлаб, болаларимиз яхши, фаровон яшасин деб шу жойдан ер олиб, қанча машаққатлар билан уй қургандик. Мана энди қаерда яшаётганимизни биров билиб қолишидан уяламиз, бировга бизникига боринг дейишга истиҳола қиламиз. Аҳволимизни кўрмасин деймиз.

Аслида мурожаатни ўрганиш учун маҳаллага боргунимизга қадар муаммонинг бу қадар жиддийлигини ўйламаган эдик. Одамларнинг ёниб-куйиб гапиришидан, уларнинг умидсиз ва ҳорғин нигоҳларидан англадикки, аҳолига чиндан ҳам қийин. Йиғлаган кўйи вазиятни тушунтиришга уринаётган аёллардан бири дастлаб мазаси бўлмаётганини айтиб, кутилмаганда  ҳушини йўқотди. Кимдир "тез ёрдам"га қўнғироқ қилди, кимдир аёлга ёрдам кўрсатишга уринди. Орадан бироз ўтиб "Тез ёрдам" машинаси етиб келди, аммо у кўча бошида, қабристон дарвозаси ёнида тўхтаб, кутиб турарди.

Аввалига бизга ҳамроҳлик қилаётган маҳалла раиси, сўнг котиби кимгадир (билишимизча қабристон қоровулига) телефон қилиб, тезда дарвозани очишини сўради, аммо... Дарвоза очилавермагач, шифокорлар машинани ташлаб, қолган йўлга пиёда боришди ва аёлга тиббий ёрдам кўрсатилди.

- Менинг ҳам иш бошлаганимга энди бир ойдан ўтди, - дейди Тинчлик маҳалла фуқаролар йиғини раиси Самандар Сатторов. - Муаммонинг жиддийлигидан хабарим бор. Аҳоли аввалги раисларга ҳам шу масалада кўп мурожаат қилган экан. Менга ҳам бир ой ичида икки-уч марта чиқишди. Котиб ҳамда ҳудуд профилактика нозири билан келиб, вазиятни ўргандик. Аҳоли "Йўлнинг устига уй қуриб олди" деб шикоят қилаётган фуқаронинг қўлида ҳам ҳужжатлари бор. Ер унга ҳам қонуний тартибда берилган. Шундай бўлгач, бу муаммони ҳал қилишга маҳалланинг ваколати етмайди. Аммо биз барибир қараб турганимиз йўқ. Ўтган ҳафта шахсан ўзим туман қурилиш бўлимидан вакил чақириб, шу муаммони ҳал қилиб беришини сўрадим. Исмоил Поёнов исм-шарифли мутахассис келиб, ҳолатни ўрганди. Сўнг "ҳозир маҳалланинг "генплан"и йўқ, шуни вилоятдан топиб, қараб чиқишим керак" деганча кетди-ю, қайтиб келгани йўқ. Яна бошқа масъулларга чиқишга ҳам ҳаракат қилаяпмиз.

Хўш, энди нима бўлади? Нега бу жойдан ер участкалари ажратилаётганда йўл учун жой қолдирилмаган? Бунинг учун ким жавоб беради?  Муаммони ким ҳал қилади?

Шу ва шунга ўхшаш саволлар билан Қарши тумани қурилиш бўлими мутахассиси Исмоил  Поёновга мурожаат қилдик.

- Тўғри, ўзим ҳам бориб муаммони ўрганган эдим, - дейди у. - Аввал уй-жой қуриш учун ер участкалари жамоа хўжалиги архитектори томонидан ажратилиб, сўнг қарор чиқариб берилаверган. Билишимча, бу ерларни шу вақтда хўжаликда архитектор бўлиб ишлаган Эркин Қораев    исмли киши ажратган. Маҳалланинг "генплан"и ҳам ўша кишида қолиб кетган. Энди сўрасак, ўша  пайтда топшириб юборганман, дейди. Бермайди. Хуллас, бизда ҳозир маҳалланинг "генплан"и йўқ. Йўл қаерда бўлиши керак, қаер аҳоли яшаши учун, қаер қишлоқ хўжалиги учун ажратилган жой - билмаяпмиз. "Генплан" бўлганида эди, муаммога дарров аниқлик киритса бўларди.

Мутасадди билан кейинги савол-жавобимиз шу тахлитда бўлди:

- Хўп, шу вазиятда муаммони ким ҳал қилиши керак?

- Биз ҳал қиламиз, лекин ҳозир қўлимизда "генплан" бўлмагач...

- Бутун бир маҳалланинг "генплан"и бўлмаслиги мумкинми?

- Мумкин эмас, аммо Эркин Қораев бизга топширмаган-да.

- Унда нега ўша кишининг "генплан"ни йўқотгани ёки яшириб келаётгани устидан чора кўришни сўраб бирор ваколатли органга мурожаат қилмаяпсизлар?

- ...

Хуллас, масъулдан муаммога ечим бўладиган жавоб ололмагач, кейинги куни туман ҳокимлигига йўл олдик. Қарши тумани ҳокимлиги бош мутахассиси Исмоил Мадатов, туман архитектори Жасур Ғаниев ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари иштирокида ҳолатни жойига бориб ўргандик. Фуқароларнинг арзлари тингланди, ҳар икки томоннинг муносабатлари эшитилди, ноқонуний қурилди, деб айтилаётган уй-жойларнинг эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлари текширилиб, ер майдонларининг ҳужжатга мувофиқлиги кўриб чиқилди.

Якунда эса масалага ечим бўла оладиган иккита хулосага келинди.

Биринчиси, қабристон дарвозаси    ноқонуний қурилган. Кадастр ҳужжатларига кўра, дарвоза анча орқароқдан бўлиши керак. Шунда йўл ҳам очилади ва аҳолининг ўтиб-қайтиши учун муаммо туғилмайди. Бу борада иштирокчилар томонидан тегишли далолатнома тузилиб, шу ернинг ўзида имзоланди. Туман ҳокимлиги бош мутахассиси Исмоил Мадатовнинг ваъда беришича, далолатномага ҳоким аризаси ҳам қўшилиб, судга топширилади. Чунки фақат суд қарорига асосангина қабристон дарвозаси бузилиши ва орқароққа сурилиши мумкин.

Иккинчи ечим эса ўрганиш жараёнида Ш.Умидов исм-шарифли фуқаро 10 сотихдан ошиқ ер майдонидан эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари бўлмасдан фойдаланиб келаётгани аниқланди. Тушунтириш ишларидан сўнг у ернинг бир қисмини йўл учун беришга розилигини билдирди. Ҳокимлик вакилларининг айтишича, бу йўл узоғи билан уч-тўрт кун ичида очиб берилади.

Хуллас, бир йилдан ошиқ вақт давомида йўлсиз қолиб, бу муаммога ҳеч қаердан нажот топа олмай келаётган Пармитон кўчаси аҳли бир эмас, икки йўлга эга бўладиган бўлди. Аммо бу ҳозирча масъулларнинг ваъдаси, холос. Ваъданинг амалга ошиши ёки аввалгилари каби ерда қолиб кетишини эса вақт кўрсатади. Демак, воқеани кузатишда давом этамиз.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат

 

Report typo