Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Азизбек НОРОВ

29.05.2017


ҚАДРДОН ҚЎНҒИРОҚНИНГ СЎНГГИ САДОЛАРИ

Сўнгги қўнғироқ жаранги битирувчи ўқувчиларни мустақил ҳаёт сари чорлайди. Бўлажак ҳаёти, кўзлаган режа ва мақсадларини яна бир бор мулоҳаза қилиб кўришга, порлоқ ҳамда ёрқин келажагини белгилаб олишга ундайди. Келажакда эзгу ишларга қўл уриш, Ватан шаънини кўкларга кўтариш, унга муносиб фарзанд бўлиш, танлаган касбининг етук мутахассиси бўлиб етишиш каби юксак масъулият ва эзгу даъват сўнгги қўнғироқ садосидек бир умрга қалбларда жаранглаб туради.

Қарши шаҳридаги 23-мактабда "Хайр, мактаб, салом, коллеж!" шиори остида "Сўнгги қўнғироқ" байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда мактаб маъмурияти, ўқитувчию ўқувчилар, битирувчилар, уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Байрам тадбирида мактаб директори, ўқитувчилар ҳукуматимиз томонидан ёш авлод камолоти йўлида яратилаётган шарт-шароитлар юксак самаралар бераётганини алоҳида таъкидлашди. Жорий йил мактаб ҳаётида эришилган кўплаб ютуқлар ва эсда қоларли лаҳзалар яна бир бор ёдга олиниб, йил давомида турли соҳаларда ютуқларни қўлга киритган истеъдодли ва иқтидорли ўқувчилар фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. Битирувчи ўқувчиларга келгуси ҳаёт йўллари ва ўқишларида омад тиланди.

Ўқитувчилар юзу кўзида қувонч ва мамнуният ҳислари балқиб турибди, улар сабоқ бериб вояга етказган шогирдларини мустақил ҳаёт сари кузатмоқда. Улар эртага ўзлари танлаган касб бўйича етук шахс бўлиб етишишларига ишонишади.

- Бугун ўқувчиларим мактабни битиришмоқда, - дейди 9-синф раҳбари Насиба Самадова. - Улар орасида фан ва спорт бўйича катта натижаларга эришган ўқувчилар кўплаб топилади. Бундан мен жуда фахрланаман.

Қайд этиш жоиз, мазкур мактабда 1 минг 600 нафардан ортиқ ўқувчи замонавий талаблар асосида таълим-тарбия олмоқда.

- Жорий йил мактабни 148 нафар ўғил-қиз тамомлаяпти, - дейди мактаб директори Муҳайё Юсупова. - Улардан етти нафари академик лицейларда таҳсил олиш истагини билдирган бўлса, қолганлари касб-ҳунар коллежларида ўқиб, ҳунар эгаллайди.

"Сўнгги қўнғироқ" байрам тадбирлари вилоятимизнинг барча ўқув даргоҳларида бўлиб ўтди. Вилоят халқ таълими бошқармасидан олинган маълумотларга қараганда, жорий йилда вилоятимиздаги мактабларнинг 9-синфини битираётган 48 минг 910 нафар ўғил-қизнинг 2 мингдан ортиғи академик лицейларда таҳсил олиш истагини билдирган бўлса, қолганлари касб-ҳунар коллежларида ўқишни давом эттиришади.

Азизбек НОРОВ

* * *

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

 

Report typo