Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Бўстон РАҲМОНОВА

30.04.2019


АЁЛГА МАКТУБ

 Ёшимиз ҳам бир жойга бориб қолди, аммо ҳамон қўлимиз меҳнатда. Шунга ўрганиб қолганмиз, бекор ўтиролмаймиз. Айниқса сиз ҳамон даладасиз. Ўғилларингиз, набираларингизга бош бўлиб, ерларингизни яна кенгайтирибсиз. Болалик пайтларимизда мол боқиб, яшинмачоқ ўйнаб юрадиган қишлоқ четидаги жойни ўзлаштириб, бодомзорга айлантирибсиз. Олмазорларни кичик ўғлингизга қолдириб, катта набирангиз билан иссиқхона барпо этибсиз. Набира келинингиз ҳам сизга ўхшаб ерни, деҳқончиликни яхши кўраркан-да. Тунов куни телефон қилганингизда "Байрамни менинг боғимда ўтказайлик, дугоналар йиғилишиб келинглар, иссиқхонамда помидор, бодринг сероб...", дегандингиз. Бир йили ҳам боғингизда Наврўзни нишонлагандик. Ўшанда дарахтлар гуллаган ажойиб кун эди. Мен янги босмадан чиққан тўпламимни олиб боргандим. Шифокор дугонамиз Раъно эса эндигина хориж сафаридан қайтган бўлиб, ўтказган мураккаб операцияси ҳақида тўлиб-тошиб гапириб берганди. Ҳаммамиз биргаликда суратга тушдик, ўша сурат журналда ҳам чиққанди. Одатингиз бўйича кўп гапирмасангиз ҳам, бутун атрофда қилган меҳнатингиз кўриниб турарди. Қийғос гулга кирган боғнинг адоғи кўринмас, эшиги очиб қўйилган иссиқхоналарда пишиб етилган помидор, бодринглар, яшнаб очилиб ётган қирмизи атиргул ва оқ карнайгуллар кўриниб турарди. Қайтишимизда ўша гуллардан туҳфа қилгандингиз.

 Ҳар гал сизга мактуб ёзганда, ҳаётдан нолиб, ҳамма билан талашиб-тортишиб юрадиган бекорчи аёллар кўз олдимга келади. Уларни сиз билан таққослайман. Чунки беҳуда нарсаларга вақт сарфлаб, бекор юрганингизни асло кўрмаганман. Қачон қараса ниманингдир ташвишида юрасиз. Эсимда, қиш чилласида, қор гупиллаб ёғиб турганда ҳам келин ва набираларингиз билан помидор ва бодринг кўчатлари учун қоғоздан тувакчалар ясар эдингиз. Ҳамма нарсадан ҳикмат топиб юрадиган Рисолат дугонамиз қўлларингизни кафтига олиб, ўзинг нозик чиройли аёл бўлсанг ҳам, қўлинг темирдек қаттиқ,  дерди.

 Ҳақиқатан ҳам, меҳнатда тобланган қадоқ қўлларингиз қанчадан-қанча боғлар барпо қилган қатор фарзандларни вояга етказган.  Омон бўлинг, сиздайлар бор бўлсин!

 Бўстон РАҲМОНОВА

 

Report typo