Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

26.11.2019


АЁЛГА МУНОСАБАТ - МИЛЛАТГА БЎЛГАН ҲУРМАТНИ НАМОЁН ЭТАДИ

Сайлов-2019

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳарлар Кенгашларига сайлов кампанияси доирасида сиёсий партияларнинг сайловолди тарғиботлари давом этмоқда. Бугунги сонда  “Адолат” социал-демократик партияси томонидан Сайловолди дастури мазмун-моҳияти хусусида чиқиш қилинмоқда.

 АЁЛГА МУНОСАБАТ - МИЛЛАТГА БЎЛГАН ҲУРМАТНИ НАМОЁН ЭТАДИ

Буюк донишмандлар Ватанга муносиб таъриф излаганда уни она сиймосига қиёс қилишгани бежиз эмас. Шунга монанд, аёлни эъзозлаш - миллатимизга ҳам хос энг олий фазилат. Зеро, ҳар қайси жамиятнинг, миллатнинг маданий даражаси, маънавий баркамоллиги қадимдан аёлларга бўлган муносабат билан белгиланган.

Партиямиз Сайловолди дастурида ҳам сиёсий ҳаётда аёллар фаоллиги ва ролини ошириш, уларни  ижтимоий ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш бўйича  кенг ислоҳотларни изчиллик билан амалга ошириш лозимлиги эътироф этилган. Дарҳақиқат, бугун ҳар бир аёл пассив кузатувчи эмас, балки юртимизда рўй бераётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлиши керак.

Бугун ишсизлик муаммоси ҳақида кўп гапирилаяпти. Менинг мақсадим - Сайловолди дастуримизга асосан ана шу масаланинг ечимини топишга кўмаклашиш.

Сайловчилар билан учрашув жараёнларида хотин-қизларимиз узоқ асрлик ҳунарларини асраб-авайлаб келаётганига гувоҳ бўлдик. Биз бундан кейин ҳам олис қишлоқларда уйда ўтирган хотин-қизларимизни касаначилик, каштачилик, тўқувчилик, тикувчилик  билан мунтазам шуғулланиб, устоз-шогирд  анъаналарини давом эттиришига ҳар томонлама кўмаклашамиз.

Айниқса, ёш қизларимизнинг ҳунарли бўлиши, уларнинг бандлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Сайловолди дастуримизга асосан аҳолининг, хусусан, аёллар бандлигини таъминлаш, ишсизлик даражасини энг кам кўрсаткичларга туширишга интиламиз. Шунингдек, меҳнатга ҳақ тўлаш билан фуқароларнинг яшаш минимуми харажатлари ўртасидаги тафовутларни кескин қисқартириш, энг кам иш ҳақи, пенсия ва энг зарур, "истеъмол савати"нинг ўзаро мутаносиблигига эришиш ва иш ҳақини бозордаги нарх- навога мутаносиб равишда ошириш учун курашамиз. Албатта, бу мақсадда "яшаш минимуми", "истеъмол савати" тушунчаларини белгилаш ва ҳозирги кун талабига мос келувчи миқдорда қабул қилишимиз керак.

"Адолат" социал-демократик партияси томонидан аёллар манфаатларини, оналик ва болаликни  муҳофаза қилиш, давлат ва жамиятни маънавий ва демократик янгилашда уларнинг ролини оширишнинг ҳуқуқий  асосларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу борада кўплаб чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда, қонунлар қабул қилинишига эришилаяпти. Ўзбекистон Республикасининг "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги Қонунини ишлаб чиқишда ҳам парламентдаги "Адолат" СДП фракцияси аъзоларининг ҳиссаси катта бўлди. Мазкур қонунга биноан хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлашнинг асосий принциплари белгилаб берилди. Хотин-қизлар ва эркаклар давлат томонидан кафолатланган  тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эга бўлади.

Қонунга кўра, давлат хотин-қизлар ва эркакларга шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни, жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, сайлов жараёнида тенг иштирок этишни, соғлиқни сақлаш, таълим, фан, маданият, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида, шунингдек, давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланишини кафолатлайди.

Партиямиз хотин-қизларга муносиб турмуш шароитларини яратиш, оғирини енгил қилиш, ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, истеъдодлари ва қизиқишларини рўёбга чиқаришларига имкон бериш ва муносиб равишда рағбатлантириб бориш учун саъй-ҳаракатларни бундан буён ҳам давом эттираверади.

Умуман олганда, партиямизнинг хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоялаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб бораётган ишлари энг аввало аёлларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини кучайтириш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашдаги иштирокини оширишга қаратилгани билан аҳамиятга молик.

Қадрли сайловчилар! Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловда сизларни  Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси номзодларига овоз беришга чақираман.

  Махфират ХУШВАҚТОВА,

вилоят она ва бола скрининг маркази бош шифокори, "Адолат" СДПдан  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси  депутатлигига номзод

 

“АДОЛАТ" СДП НОМЗОДЛАРИГА ОВОЗ БЕРАМАН

Сайловлар - демократия кўзгуси. Бу йилги сиёсий жараёнда овоз бериш менинг сайловлардаги илк иштироким бўлади. Шу юртда яшаяпман. Фуқаролик бурчимни адо этиш, шу орқали фаол фуқаролик позициямни намоён этиш имкониятидан мамнунман.

Бундан олдин сиёсий партияларнинг Сайловолди дастурлари билан танишиб чиқдим. Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясининг фаолият йўналиши, ўз олдига қўйган мақсад ва вазифалари, айниқса, қонун устуворлигини, "Адолат ҳар бир инсон учун", деган шиорлари менга маъқул бўлди. Шу туфайли жойларда партия ташкилотлари ташаббуси билан ташкил этилган тадбирлар ва "Адолат сайли" акциясида қатнашиб, кўп нарсани ўргандим. Партия билан доимий ҳамкорлигим ортидан миллий сайлов қонунчилиги, унга кейинчалик киритилган ўзгаришлар, овоз бериш тартиби ва қоидалари билан чуқурроқ танишдим. Шунингдек, депутатликка номзодларнинг сайловолди учрашувлари ва ташвиқот материаллари орқали етарли маълумотга эга бўлдим. Шунинг учун ҳам мен мустақил Ватанимизнинг нурли, порлоқ истиқболи, меҳнаткаш халқимизнинг фаровон турмуши йўлида астойдил хизмат қиладиган "Адолат" СДП номзодлари учун биринчилар қаторида овоз бераман.

                            Маҳлиё УСМОНОВА,

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти талабаси, "Адолат" СДПнинг "Ёш адолатчилар" қаноти  фаоли

 

ЎЗБЕКИСТОН КЕЛАЖАГИ — СОҒЛОМ ВА БАРКАМОЛ ЁШЛАР ҚЎЛИДА

Мамлакатимизнинг эртанги куни, унинг ёруғ истиқболи, нурли келажаги шу жонажон юртимиз ёшларига боғлиқ. Шунга ҳамоҳанг, мустақил Ўзбекистонда ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши ҳисобланади.

Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси Сайловолди дастурида алоҳида эътироф этилганидек, ёшлар мамлакатимиз келажагини таъминловчи куч. Шундан келиб чиқиб, уларни эзгу ғоялар атрофида бирлаштириш, мукаммал билим олиш, спорт билан шуғулланиш, ҳунар ўрганишга илҳомлантириш, шу орқали ўз қобилиятлари, иқтидорлари, истеъдодларини намоён этишга кўмаклашиб, ўзбек ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслиги ва кам бўлмаслигини  яна бир карра уқтириш партия мақсадларига мувофиқ.

Партиямиз Сайловолди дастури ва унда белгиланган вазифалар ҳақида сўз юритар эканман, бир нарсани алоҳида таъкидламоқчиман: бугунги сайловчи аввалгиларидан кескин фарқ қилади. Хусусан, ёшлар партиямизнинг Сайловолди дастурида нималар назарда тутилгани, булар амалга оширилса, ўзларига, умуман, халққа қандай фойдаси тегиши мумкинлигини сўрашаяпти. Буни "мен ўз келажагим  учун овоз бераман" деган хоҳишнинг амалдаги ифодаси сифатида тушуниш мумкин.

Сайловолди дастуримизда партия эртанги нурли келажагимиз ворисларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан қайта шакллантириш, ёшлар муаммоларини ечиш, уларга ҳар тарафлама ёрдам кўрсатиш тарафдори эканлиги алоҳида таъкидланган. Биз ёшларнинг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш тизимини янада такомиллаштиришни қўллаб-қувватлаймиз. Шунингдек, давлатни  инновацион ривожлантириш, давлат ва жамоат  бошқарувига оид муҳим масалаларни замонавий билимларга эга, креатив фикрловчи ва ташаббускор ёш кадрларга ишониб топшириш керак, деб ҳисоблаймиз. Ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар тафаккурида миллий ўз-ўзини англаш, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси, фидокорлик туйғуларини уйғотиш ҳамда ёшларни турли мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилишни мақсад қилиб олганмиз.

Мустақил давлатимиз ҳар томонлама тараққий этишига муносиб ҳисса қўшадиган юксак маънавиятли, билимдон ёшларни вояга етказиш партиямиз Сайловолди дастурида алоҳида эътироф этилган. Қолаверса, мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланиб, бу борада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса вақт ўтиб, албатта, ўз самарасини кўрсатади. Мамлакатимиз тақдирини комил инсонларга ишониб топшириш биз "Адолат"чиларнинг  бош мақсадимиздир.

Ёшларни қонунларга ҳурмат, Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган ғояларни боғча ёшидан бошлаб мактаб дастурларигача ўз ифодасини топтириш ҳақида аниқ таклифларимиз Сайловолди  дастурда  илгари сурилган.

Хулоса ўрнида айтганда, "Ўзбекистон келажаги - соғлом ва баркамол ёшлар қўлида" шиори остида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловда кураш олиб бораётган  Ўзбекистон "Адолат"  социал-демократик партияси номзодларига овоз бериб, юқоридаги каби халқчил дастурий мақсадларимизни амалга оширишга ўз ҳиссангизни  қўшган бўласиз.

    Ораста ТОШЕВА,

Қарши шаҳар мактабгача таълим бўлими мудири, Ўзбекистон "Адолат" СДПдан    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод

ТИНЧЛИК ВА БАРҚАРОРЛИК, МИЛЛИЙ МАНФААТЛАР УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ВА ТИНЧЛИКСЕВАР ДИНАМИК ТАШҚИ СИЁСАТ

Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясининг янги Сайловолди дастуридаги асосий тамойил, мақсад ва вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш учун барча вилоят, туман, шаҳарларда "Адолат сайли" акцияси ва аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар мунтазам уюштирилаётгани партиямиз тарафдорлари кескин кўпайишига имконият яратаяпти.

Партиямиз социал-демократия мафкурасига таянади ва ижтимоий адолат, эркинлик, бирдамлик ғояларини илгари суриб, Марказий Осиё дипломатик динамик ташқи сиёсат ҳамда ҳар томонлама қўшничилик алоқаларини йўлга қўйган минтақага айланиши тарафдори. Биз Марказий Осиё халқларининг миллати, тили, эътиқоди асосида ўзаро қарама-қарши қўйилишини қаттиқ рад этамиз. Давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳамда ҳамжиҳатликни вужудга келтириб, халқимиз бирлигини, биродарлигини мустаҳкамлашга интиламиз. Сиёсий-ижтимоий муаммоларни тинчлик, келишув йўли билан ҳал этиш тарафдоримиз.

"Адолат" СДП Ўзбекистоннинг давлатлараро муносабатларда ҳамкорлик қилиши ва тенг ҳуқуқли шерик бўлишига ёрдам беради. Партиямиз жонажон  Ватанимизнинг мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, халқаро муносабатларда ўрни ва  ролини ошириш, Ўзбекистон турли ҳарбий блоклар иштирокчисига айланишига йўл қўймаслик чораларини кўради. Биз сиёсий ва диний экстремизм, унинг барча кўринишларини қатъий қоралаган ҳолда унга қарши бундан кейин ҳам мафкуравий кураш олиб бораверамиз. Синфий айирмачилик, синфий кураш, шунингдек, қуролли қўзғолонлар ғоясини қатъиян рад этамиз. Айни дамда давлатимиз аъзо бўлган БМТ, ШҲТ, МДҲ, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ижтимоий ва инсонпарварлик дастурлари  доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилишни ёқлаймиз. Биз "Халқимизга, энг аввало, тинчлик ва хотиржамлик керак" деган принципни изчиллик билан амалга ошириш тарафдори бўлиб қолаверамиз. Шунингдек, "Адолат" СДП Ўзбекистон миллий манфаатларига мос келувчи ташқи сиёсат олиб бориш тарафдоридир.

Дарвоқе, партиямиз олдидаги мақсад ва вазифалар, беш йил давомида амалга ошириладиган ишлар Сайловолди дастурида аниқ баён этилган. Сайловолди дастури келажакдаги ишларимизни қандай амалга ошириш механизмларини белгилаб беради ҳамда партиянинг барча бўғинлари,  вилоят, шаҳар, туман Кенгашлари, бошланғич партия ташкилотлари ҳамда ҳар бир аъзо учун  фаолиятда дастак,  аниқ қўлланма бўлади.

 Партиямиз ўз аъзолари ва хайрихоҳлари манфаатлари ҳамда хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, дастурий вазифаларини белгилаган Сайловолди дастурида армиямизни тубдан ислоҳ қилиш, қўшинни замонавий ҳарбий техника, ахборот-коммуникация технологиялари билан доимий таъминлаб боришни қўллаб-қувватлайди.

Сайловолди  дастуримизда ҳарбий хизматчиларнинг оилалари ҳам иш билан таъминланиши, ўқиш, пенсия, тиббий таъминот соҳаларида ҳам қонун билан кафолатланган имтиёзларга эга бўлиши масаласи долзарб вазифа сифатида эътироф этилган. Умуман, "Адолат" СДПнинг Сайловолди дастури аҳоли манфаатларини қамраб олган аниқ сиёсий стратегияга эга. Мен партиямиз Сайловолди дастурида илгари сурилган барча масалалар ўта долзарб эканлигини алоҳида қайд этмоқчиман.

Ҳа, бизнинг мақсадимиз улуғ. Ижтимоий адолат, ижтимоий ҳамкорликка асосланамиз. Жамият ичида турли-туман қатламларнинг тинч-тотув ва аҳил ҳаёт кечириши, миллатлараро ва динлараро бағрикенгликни улуғлаймиз. Ташқи сиёсатда эса бошқа мамлакатлар билан тенг ҳуқуқли ҳамкорлик тарафдори бўлиб қоламиз.

Бугунги янги давр олдимизга янги талаблар қўймоқда. Жамиятда ўз ўрнимизни топиш ва доимий сайловчиларимизга таяниш учун фаол ҳаракат қилишимиз лозим. Биз тарафдорларимизни кўпайтириб, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда, узоқ-узоқ маҳаллалар, қишлоқларгача ўз ғояларимиз билан халқ ичига кириб бораяпмиз. Буни вилоятимиз партия ташкилотлари томонидан шу кеча-кундузда корхона, ташкилот, маҳаллаларда уюштирилаётган аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар, турли йўналишдаги тадбирлардан ҳам билиш мумкин.

Сайлов - сийлов эмас. Балки партиямиз учун катта бир синовдир. Биз Сайловолди дастуримизда белгиланган ғоя, вазифалар фаровон ҳаёт учун ўта муҳим эканлигини халқимизга тўғри тушунтирсак, обод Ватанимизни янада тараққий эттириб, халқаро майдондаги нуфузини ошириш учун ҳаётий ташаббусларни кўтариб чиқсак,  кўплаб сайловчилар қўллаб-қувватлашига эришамиз.

Биз "Адолат"чилар бутун фаолиятимиз давомида юртимизнинг тинчлиги ва барқарорлиги, қолаверса, Ўзбекистоннинг дунёдаги тенг ҳуқуқли ҳамкорлари кўпайишига ўз ҳиссамизни қўшаверамиз.

  Рўйиддин РАУПОВ, 

Ўзбекистон "Адолат" СДП Қашқадарё вилояти Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши  депутатлигига номзод

Report typo