Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

26.07.2019


АЁЛЛАР СОДИР ЭТГАН ЖИНОЯТЛАР НИМАНИНГ ҲИСОБИГА КАМАЙДИ?

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси ва вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда шаҳар ва туманлар хотин-қизлар қўмиталари раислари, ички ишлар органлари хотин-қизлар масалалари бўйича ишлаш масъул ходимлари ҳамда психологлар иштирок этди.

Сўзга чиққанлар аёллар жиноятчилигининг туб сабаблари, уларга барҳам бериш борасида амалга оширилиши лозим ишлар хусусида тўхталиб ўтдилар.

Вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Носир Назаровнинг маълум қилишича, хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятларнинг асосий қисмини ўғрилик, фирибгарлик ва гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар ташкил қилган. Жиноят содир қилган аёлларнинг 80 нафари 30 ёшдан ошганлар, 38 нафари 18-30 ёшгача бўлганлар ва 1 нафари 18 ёшгача бўлган вояга етмаган шахсдир.

- Жиноят содир этган ва ички ишлар органларида илгари судланган шахс сифатида профилактик ҳисобда турувчи хотин-қизлар билан ишлаш чора-тадбирлари белгиланиб, улар алоҳида гуруҳга қамраб олинди, - дейди  Носир Назаров. - Пробация хизмати ҳисобидан жазо ўтаётган хотин-қизлар билан алоҳида гуруҳ, соғлиқни сақлаш муассасалари ҳисобида турган гиёҳванд, спиртли ичимлик истеъмол қилишга ружу қўйган, тажовузкор руҳий касаллар ҳамда ўз жонига қасд қилган    хотин-қизлар билан алоҳида гуруҳ ишлайди. Жиноят содир этишга мойиллар, оила-турмуш муносабатлари доирасида ҳуқуқбузарлик содир этганлар, фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи, ахлоқсизлик бўйича ҳуқуқбузарлик содир қилган хотин-қизлар ҳамда профилактик ҳисобда турган вояга етмаган қиз болалар билан амалга ошириладиган профилактик чора-тадбирлар яна битта гуруҳга топширилди. Шунингдек, узоқ муддатга кетган ва ички миграцияда бўлган ҳамда маънавий кўмакка муҳтож, ажрим ёқасида бўлган, ишсиз ва кам таъминланган хотин-қизлар билан профилактик ишларни олиб бориш бўйича тегишли хизмат соҳаси вакиллари бириктирилди.

Давра суҳбатида, шунингдек, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилияти ва имкониятларини рўёбга чиқариш мақсадида ёрдамга муҳтож, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган, жиноят содир этишга мойил ва бошқа тоифа хотин-қизларнинг манзилли рўйхатлари 17 та тоифага бўлинган ҳолда шакллантирилиб, шаҳар-туманларда ташкил этилган ишчи гуруҳлари мазкур тоифадаги хотин-қизларнинг яшаш хонадонларига кириб, муаммоларини ўрганиш ва мутасадди идораларга йўналтириш орқали ҳал этиш, бандлигини таъминлаш, ҳунармандчилик, деҳқончилик, чорвачилик ёки тадбиркорликка йўналтириш, фарзандларини спорт ёки фан тўгаракларига жалб қилиш ва турли ижтимоий ҳамда ҳуқуқий соҳаларда кўмаклашиш каби ишларни амалга ошириш  лозимлиги ҳам қайд этиб ўтилди.

Тадбир сўнгида вилоятда хотин-қизлар билан ишлаш бўйича 22 нафар катта инспектор фаолият бошлагани маълум қилиниб, уларнинг ҳар бирига компьютер жамланмаси ва хизмат телефонлари топширилди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo