Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

А.ОМОНОВ

22.09.2020


Ҳаёт кузатувларидан қайдлар

Зиёлилар - элу улуснинг виждони, тўғри йўлни кўрсатгувчилари бўла олмоғи керак.

* * *

Қалби тоза инсон - энг гўзал ва энг бахтли инсондир.

* * *

Оилавий бахт - бошқа барча бахтларнинг шоҳидир.

* * *

Фикру тафаккури эркин бўлмаганлар ҳамиша бошқалар таъсири ва хизматида юради.

* * *

Тарбия ва таълим олмасдан, илму маърифатли бўлмасдан бахтли ва саодатли бўлишни орзу қилма, деди бобом.

* * *

Китоб дўконида: бобо араб, ота кирилл, ўғил эса лотин имлосида битилган китобларни изламоқда, улар гўёки бир-бирига бегона!

* * *

Қонунлар доирасидаги эркинлик - озодлик дейилади.

* * *

Замондан нолишни одат қилганлар муваффақиятга эришиши қийин, янада ёмони, улар ўзларини ҳеч қачон бахтли ҳис қилмайдилар.

* * *

Ота-онасининг пенсияси эвазига рўзғор тебратаётган ёш оилалар аҳволи нақадар ачинарли. Ишқилиб, умрлари узоқ бўлсин...

* * *

Ҳар қандай даврдан узоқлашаверсак, у вақтларнинг яхши-ёмон томонларини чуқурроқ англай бошлаймиз.

* * *

Араб-форс, лотин (инглиз), кирилл (рус) алифбоси - ҳеч қайсиси бизники эмас, аммо  аросатда юрмаслик учун улардан бирини тезроқ танлашимиз керак, деди ўйчан зиёли.

* * *

Чиройли гаплар шундай маҳлиё қилиб қўядики, унинг рост ёхуд ёлғон эканини ажратолмай қоласан.

* * *

Эртадан умиди йўқ кадр ишидан унум, ютуқ ва ижобий натижа кутманг!

* * *

Шоҳлар - фақат Аллоҳ ҳамда  келгуси авлодлар ва тарих олдида жавобгардир.

* * *

- Вақт шунчалик тезлашганки, ҳатто кечаги кунимизни ҳам "бир вақтлар" деб атай бошладик, - деди телевизор қаршисида ўтирган кайвони.

А.ОМОНОВ

 

Report typo