Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

10.02.2017


ҲАЁТНИ БАҲАМ КЎР...

Қалби эзгуликларга тўла инсон доимо яхшиликлар қилишга интилиб яшайди. Айниқса, қилаётган бу хайрли амалларимиз кимнингдир соғлиғини сақлашга, ҳаётини узайтиришга асқатса-чи? Ўйлаймизки, киши учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак. Донорларни ана шундай беғараз ёрдам кўрсатувчи эзгу-ниятли инсонлар, дейиш мумкин.

14 июнь - Халқаро донорлар куни алоҳида сана сифатида нишонланиши кишиларнинг донорларга бўлган миннатдорлиги, ҳурмати билан белгиланади. Чунки донорлик меҳр-мурувват, саховат демакдир.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда беғараз донорликни ривожлантириш борасида алоҳида тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ўтган йиллар давомида “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, қон хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, қон ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, кенг жамоатчилик орасида беғараз донорликни тарғиб қилишга қаратилган қатор дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилаётир. Шу мақсадда меҳнат жамоалари, олий ўқув юртларида аҳоли қон ва қон маҳсулотларининг қандай хасталикларда қўлланилиши, донорликнинг организм учун фойдали жиҳатлари, ўз навбатида донорнинг саломатлиги билан боғлиқ маълумотлар билан таништирилмоқда.

- Маълумки, тиббиётда қон, унинг компонентлари ва препаратлари (плазма, эритроцитлар, тромбоцитлар, альбумин ва иммуноглобулинлар) инсон ҳаёти хавф остида қолганда қўлланади, - дейди вилоят қон хизмати маркази олий тоифали трансфузиологи Эшонқул Раҳимов. - Шунингдек, қон тизими касалликларида (оғир даражали камқонликларда, лейкоз, яъни “оққон” хасталигида, қон ивиш тизими бузилиши касалликлари, яъни гемофилия касаллиги, коагулопатиялар), саратон касалликларида, патологияли оғир кечадиган туғруқларда, операцияларда, оғир даражали куйишларда ва турли хил фавқулодда ҳолатларда асқатади. Бундай ҳолатда керакли миқдордаги қонни топиш учун соғлом инсонларни доимий, беғараз қон донорлигига жалб этиш муҳим аҳамият касб этади.

Биламизки, қон беғараз, ўз хоҳиш-иродаси билан келган донордангина олинади. Бундай саховатпеша киши ўзининг саломатлиги ҳамда турмуш тарзи ҳақида аниқ маълумот бера олиши қоннинг хавфсизлигини таъминлашда ғоятда муҳимдир. Негаки, донор бўлишга аҳд қилган инсон катта масъулиятни ўз бўйнига олади. Кечагина у фақат ўз соғлиғи учун жавоб берган бўлса, бугун у бошқаларнинг саломатлиги учун ҳам масъулдир.

- Маълумки, 18 дан 60 ёшгача бўлган соғлом инсонлар донор бўлиши мумкин, - дейди Эшонқул Раҳимов. - Улар вилоят қон хизмати марказида тўрт босқичли тиббий текширувдан ўтказилиб, шифокор тавсияси асосида донорлик қилишади. Соғлом киши учун қон топшириш, албатта, хавфсиз ҳисобланади. Чунки одам организмида 4,5-5 литр қон бўлиб, ундан 200 ёки 400 миллилитр олинганда соғлом организм 36 соат ичида топширилган қон ўрнини тўлдириш хусусиятига эга. Асосийси, артериал гипертония хасталигининг олдини олиш ва бартараф этиш, моддалар алмашинувини яхшилаш, шунингдек, иммун тизимини мустаҳкамлашда қон топширишнинг аҳамияти беқиёсдир.

Ҳар йили 14 июнда ўтказиладиган қатор тадбирларда донорликнинг ана шу жиҳатлари ҳақида атрофлича фикр юритилади.

Жорий халқаро донорлар куни ҳам ҳар йилги анъанага мувофиқ, “Қон барчамизни бирлаштиради” ва “Ҳаётни баҳам кўр, қон топшир!” шиори остида ўтказилиши белгиланган. Хусусан, шу куни жойларда кўп йиллар давомида беғараз қон топширган донорлар эътироф этилиб, уларга эсдалик совғалари топширилиши ҳам режалаштирилган. Шунингдек, жойларда ушбу санага бағишланган илмий-амалий анжуманлар, маданий-маърифий тадбирлар, форум ва мулоқотлар ўтказилади. Булардан кўзланган асосий мақсад, саховатпеша юртдошларимизнинг эзгулик йўлидаги хайрли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ёшларимизда инсонийликка хос гўзал фазилатларни қарор топтиришдир.

- Вилоятимизда беғараз донорлар сони йилдан йилга кўпайиб бормоқда, - дейди Эшонқул Раҳимов. – Улар оғир аҳволдаги беморлар ҳаётини сақлаб қолиш учун ўзларининг томирида оқаётган қоннинг бир қисмини ҳадя этиб, беминнат ёрдам кўрсатиб келмоқдалар.

Қон топшириш инсоннинг инсонга ҳадя этган энг олий даражадаги совғаси. Зеро, ҳаёт ҳадя этиш савоб ишнинг энг олий ифодаси ҳамдир. Шундай экан, савоб ишдан четда қолмайлик.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo