Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Замира РЎЗИЕВА.

23.02.2017


ҲАЙРАТНИНГ ҲАЙКАЛДАГИ АКСИ

Вилоятимизда фаолият олиб бораётган ёш ҳайкалтарошлардан бири - Қарши шаҳридаги 1-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Нурбек Файзиев 20 нафардан ортиқ шогирдларига шу соҳанинг сир-асрорларини ўргатиб келмоқда. Ҳозирда 50 дан ортиқ ҳайкаллар муаллифи бўлган ҳайкалтарошнинг ижодий ишлари ёғоч, гипс, мармар каби  хомашёлар асосида ишланган.

- Материаллар ҳайкал характерини очиш ва унга мазмун беришда муҳим аҳамиятга эга, - дейди Нурбек Файзиев. - Масалан, тош-гранит билан ишланган ҳайкаллар образга улуғворлик, маҳобат, мармардан ишланганлари эса кўркамлик ва нозиклик бағишлайди.

Ҳайкалтарошнинг таъкидлашича, иш жараёни дастлаб объектнинг шаклини қоғозга туширишдан бошланади. Унинг тўрт томонидан кўриниши тасвирланади. Ўрганувчилар эса аввало пластилинда, сўнгра ҳақиқий хомашё асосида ишлайди.

- Ҳайкалтарошлик санъати тасаввурни жонлантириш, объектнинг ҳар бир қисмини тўлалигича англаш, ундаги жозибани, дардни керакли нуқталарга бера олиш салоҳиятини талаб қилади, - дейди Нурбек. - У оддий кўринишда бўлса-да, маъноси теран бўлиши лозим. Масалан, маҳалламизда кекса бир отахон яшар эди. Ўзидек кекса толнинг соясида туриб, дам олишни хуш кўрарди. Назаримда дарахт ва отахон бир-бирига мосдек. Файзли, забардаст ва кўпни кўрган. "Умр дарахти" дея аталмиш ҳайкал ғояси шу ҳаётий манзара асосида юзага келган.

Ҳайкалтарошнинг коллекциясидан ўрин олган "Аросат" ҳайкалида жамиятда учраётган иллат тасвирланган бўлса, "Хиром"да эса илҳом оғушида най чалаётган қиз тасвири ўз аксини топган. Шунингдек, ҳайкаллардаги тарихий шахсларнинг сийратую суратидаги    жозиба кишини ўзига жалб этади.

-Уйғониш даври ҳайкалтарошлари Микеланжело, Донателло, Вероккьо, Гибертининг ижодий салоҳияти, иқтидори ҳайратланарли, - дейди Нурбек Файзиев. - "Бундан  бир неча асрлар илгари яратилган санъат асарлари йўналиши, услуби, ўзига хослигининг сири нимада?" деган савол бугунги кун  ҳайкалтарошларини ҳам ўйлантиради. Назаримда, улар ўз даврининг анъаналарини чуқур ўрганишдан  ташқари ўз шахсий хислатлари: куч-қувватию жасоратини шу соҳа йўлида хизмат қилдира олган. Шу сабаб уларнинг ҳайкаллари қаҳрамонона характерга эга, чексиз ички ғайратни ўзида ифодалаган. Биргина, Микеланжелонинг "Давид" ҳайкалчасига қараганда инсонга барқарор ғалабага ишонч туйғуси юқади.

Ҳар бир соҳада бўлгани каби ҳайкалтарошликда ҳам ўрганиш, ўз устида ишлаш кони фойда. Бу борада соҳа ва унга алоқадор фанлар билан яқиндан танишиш, янгиликлардан вақтида бохабар бўлиш муҳим аҳамиятга эга.  Буни тўғри англаган Нурбек ҳам доимо изланишда. У ясаган яшил табиат, ҳайвонот дунёсига оид ҳайкалчалар, сувенир маҳсулотлари боғлару боғчалардан, ҳовлию дам олиш масканларидан ўрин олаётгани ва ундан каттаю кичик завқ туяётгани истеъдод эгасига куч, илҳом бағишлайди.

Замира РЎЗИЕВА.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo