Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Темур НИЗОМОВ

31.07.2020


Аксарият соҳаларда фаоллик пасайган

Вилоятимизда 2020 йилнинг биринчи ярмида янги ташкил этилган корхоналар ва ташкилотлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21,3 фоизга камайган.

Жорий йил январь-июнь ойларида вилоят бўйича 2610 та янги корхона ва ташкилот рўйхатдан ўтган. Ваҳоланки, 2019 йилнинг 6 ойи якунига кўра, уларнинг сони 3318 тага етган.

Коронавирус пандемияси ва карантин чоралари боис тадбиркорлар фаоллигининг пасайиши вилоятимиз иқтисодиётининг кўпгина тармоқларида қайд этилаяпти, бироқ айрим соҳаларда бу янада яққолроқ сезилмоқда. Масалан, қурилишда янги ташкил этилган корхоналар ва ташкилотлар сони 51,2 фоиз, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар тармоғида 48,1 фоиз, саноатда 38,1 фоиз, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар жабҳасида 30,8 фоиз, ташиш ва сақлаш хизматлари соҳасида эса 27,5 фоизга камайди. Савдода янги ташкил этилган субъектларнинг камайиш даражаси нисбатан паст (7,3 фоиз) бўлиб, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги ҳамда ахборот ва алоқа секторларида эса ушбу кўрсаткичнинг тегишли равишда 24,1 ва 25,8 фоизга ошиши кузатилган.

Янги ташкил этилган корхоналарнинг 1469 таси масъулияти чекланган жамиятлари бўлса, 648 таси хусусий, яна 355 таси оилавий корхоналар, 39 таси муассасалар, қолган 99 таси эса бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклга эга, дейилади вилоят статистика бошқармасининг статистик регистрларни юритиш бўлими томонидан тайёрланган шарҳда.

Умуман олганда, вилоятимизда жорий йил 1 июль ҳолатида рўйхатдан ўтган корхона ва ташкилотлар сони 15,1 фоизга ўсиб, 28 минг 178 тага, фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар сони эса 13,7 фоизга кўпайиб, 27 минг 176 тага етган. Бироқ бундай юксалишга асосан ўтган йилнинг иккинчи ярим йиллигида қайд этилган юқори ўсиш ҳисобидан эришилган.

Қашқадарё вилоятида жорий йил январь-июнь ойларида саноат ишлаб чиқариши физик ҳажми индексининг сезиларли даражада пасайганлиги (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 94 фоиз) республика миқёсида ҳам тегишли кўрсаткичнинг камайишига таъсир қилган.

Темур НИЗОМОВ

Report typo