Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

04.08.2018


ХАЛҚАРО ТАШКИЛОТЛАРНИНГ КРЕДИТ МАБЛАҒЛАРИ

Табиийки, бу жиҳат хорижий сармоядорлар, шу билан биргаликда, халқаро молия ташкилотларининг ҳам мамлакатимизга нисбатан ишончини янада ошираяпти. Улар юртимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларида йирик қўшма лойиҳаларни амалга оширишда самарали ҳамкорликни йўлга қўймоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 февраль,   2 март саналаридаги тегишли қарорлари ҳамда бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга асосан мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган кўплаб истиқболли лойиҳалар халқаро ташкилотлар томонидан молиялаштирилаяпти.

Хўш, бу кредитлар кимларга, қай тарзда ва қандай лойиҳаларни амалга ошириш учун берилади? Уни олиш учун кимга мурожаат этиш керак? Бу саволлар янги лойиҳани амалга ошириш мақсадида юрган кишиларни, фермер ва тадбиркорларни  қизиқтириши табиий. Шуни инобатга олиб, дастлаб қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларида иштирок этаётган халқаро молия муассасалари билан ўзаро алоқани таъминлаш учун бевосита масъул бўлган ташкилот - Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлигига мурожаат этдик.

Кредит қандай лойиҳалар учун берилади?

- Бугунги кунда халқаро молия муассасалари томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун бир нечта йўналишлар бўйича имтиёзли кредитлар ажратилмоқда, - дейди агентликнинг вилоятимиз бўйича вакили Комилжон Рўзиев. - Хусусан,  Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармаси томонидан сутчилик, Жаҳон банки томонидан чорвачилик ҳамда мева-сабзавотчилик, Осиё тараққиёт банки томонидан ҳам мева-сабзавотчилик йўналишидаги лойиҳалар учун имтиёзли кредитлар тақдим этилмоқда.

Агар бу йўналишларнинг ҳар бирига алоҳида тўхталадиган бўлсак, Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармаси томонидан сутчилик йўналишидаги кредит маблағлари сут берадиган зотдор чорва молларини, сутни қайта ишлаш технологияларини сотиб олиш, ветеринария хизматларини йўлга қўйиш борасидаги лойиҳалар учун берилади.

Шунингдек, Жаҳон банки томонидан чорвачилик йўналишлари учун берилаётган кредит маблағлари иштирокида қорамол етиштириш, парранда, балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, уларни қайта ишлаш технологияларини олиб келиш ҳамда ветеринария ва бошқа шу каби соҳаларда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш мумкин.

Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки томонидан мева-сабзавотчилик йўналиши учун ажратилган кредит маблағлари билан эса интенсив боғдорчилик, иссиқхона комплекслари, музлаткичли омборхоналарни ташкил этиш, қайта ишлаш, қадоқлаш ускуналарини олиб келиш, логистика ва шу каби йўналишдаги лойиҳалар молиялаштирилиши белгиланган.

Қанча миқдорда ва қанча муддатга берилади?

- Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармаси, Жаҳон банки ҳамда Осий тараққиёт банки томонидан бериладиган имтиёзли кредитларнинг миқдори ва муддати бир-биридан фарқ қилади.

Мисол учун, Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармаси томонидан сут етиштириш ёки уни қайта ишлаш йўналишидаги лойиҳаларни йўлга қўйиш учун битта тадбиркорлик субъектига энг кўпи билан 250 минг АҚШ долларига қадар маблағ 5 йил муддатга ажратилади. Кредитнинг имтиёзли даври 1 йилни ташкил этади.

Жаҳон банки томонидан чорвачилик тизимидаги лойиҳалар учун тақдим этиладиган кредит маблағлари бир субъектга кўпи билан 2 миллион, мева-сабзавотчилик йўналишидаги лойиҳалар учун эса 4 миллион АҚШ  долларига қадар берилади.

Шунингдек, Осиё тараққиёт банкининг мева-сабзавотчилик йўналишида бериладиган кредитнинг битта тадбиркорлик субъекти учун энг кўп миқдори 5 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки томонидан бериладиган мазкур кредитларни қайтариш муддати 10 йил бўлиб, имтиёзли даври 3 йилни ташкил этади.

Уни олиш учун кимга мурожаат қилиш лозим?

- Белгиланган тартибга асосан ушбу турдаги кредит маблағларини олмоқчи бўлган тадбиркор ўз лойиҳаси билан маҳаллий тижорат банкларидан бирининг ҳудудий филиалига мурожаат этиши лозим. Филиал тадбиркор томонидан тақдим этилган ҳужжатлар тўпламини ўрганиб чиқиб, уни банкнинг бош офисига юборади. Бош банк кредит қўмитасининг ижобий хулосасидан сўнг лойиҳани молиялаштириш учун Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлигига тегишли ҳужжатлар тўпламини киритади.

Шундан сўнг агентлик томонидан лойиҳа ва ҳужжатларнинг халқаро молия ташкилотлари талабларига мувофиқлиги ўрганилиб, уни  тегишли молия муассасасига киритади.

Агар лойиҳага халқаро молия ташкилоти ижобий хулоса берса, Агентлик тақдим этилган лойиҳани молиялаштириш учун тижорат банкининг махсус ҳисоб рақамига талаб этилган суммани ўтказиб беради.

Қандай талаблар мавжуд?

- Мазкур йўналишдаги кредитларни олиш учун тижорат банкига тақдим этиладиган ҳужжатлар тўплами одатдагидан кўп фарқ қилмайди. Шу боис, бу борадаги асосий талаблар хусусида тўхталиб ўтамиз.

Мисол учун, лойиҳа ҳужжатлари билан биргаликда товар, хизматлар, техника ва технологиялар етказиб берувчилардан олинган камида 3 та тижорат таклифи, лойиҳанинг экологик экспертиза хулосаси бўлиши лозим.

Бундан ташқари, гаров таъминоти бўйича ҳужжатларда кредит суммасининг 125 фоизидан кам бўлмаган миқдордаги гаров кафолатланиши керак.

* * *

- Шунингдек, халқаро ташкилотлар томонидан имтиёзли кредитлар берилишида ҳудуддаги айрим ижтимоий жиҳатлар ҳам эътиборга олинади, - дейди Осиё тараққиёт банки иштирокидаги мева-сабзавотчиликни ривожлантириш лойиҳаси мутахассиси Ирода Маликова. – Айнан ўзимизнинг лойиҳа ҳақида айтадиган бўлсам, Осиё тараққиёт банки ўз сиёсатида ҳудудларда, айниқса, қишлоқ жойларда аёлларнинг бандлигини таъминлаш, давлат ва жамият фаолиятида хотин-қизларнинг иштирокини оширишга алоҳида эътибор қаратади. Бу жиҳат тадбиркорлар томонидан тақдим этилган лойиҳалар учун кредит ажратишда ҳам ўз аксини топган. Мисол учун, бир тумандан кредит олган тадбиркорларнинг камида 30 фоизини аёллар ташкил этиши керак.

Самара қандай бўлмоқда?

Таъкидлаб ўтиш жоиз, мазкур лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилганидан сўнг, қисқа муддатда вилоятимиз тадбиркорлари томонидан илгари сурилган кўплаб ташаббуслар қўллаб-қувватланди. Айниқса, Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғ, Чироқчи, Қарши ва Миришкор туманларида халқаро кредит маблағлари иштирокида янги лойиҳаларни амалга ошираётган фермер хўжаликлари ва бошқа тадбиркорлик субъектлари кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг аксарияти ҳозирги вақтда ўз лойиҳалари бўйича ишни бошлашга ҳам улгурди.

- Ҳудудимиз мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш борасида жуда катта имкониятга эга, - дейди Шаҳрисабз туманидаги “Sagdiyana Form” масъулияти чекланган жамияти раиси Ойдиной Юсупова. – Бироқ, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқачилар ўзлари етиштирган ҳосилни сақлашда муаммога дуч келишади. Катта қувватдаги замонавий музлаткичларга эҳтиёж мавжуд. Шу боис замонавий музлаткичли омборхона қуриш лойиҳасини амалга оширишга қарор қилдик. Бу борада Осиё тараққиёт банки томонидан имтиёзли кредитлар ажратилаётганлигини эшитиб, тижорат банкига ҳужжатларни тақдим этдик. Лойиҳамиз ўз вақтида қўллаб-қувватланиб, 181 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилди. Биз бу маблағга хориждан 600 тонна сиғимга эга совуткич технологияларини олиб келиб, жорий йил бошидан ишга туширдик.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, айни вақтда омборхонанинг бир қисмини мева-сабзавот сақловчиларга ижара асосида берган бўлса, яна бир қисмига ўзи сақлаш учун фермер ва томорқачилардан шу турдаги маҳсулотларни харид қилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳанинг истиқболига ишонч ҳосил қилган тадбиркор 800 тонна сиғимга эга яна бир музлаткичли омборхона қуришни режалаштирган.

Айтиш ўринлики, бугун мамлакатимизда тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Бунинг натижасида фуқароларимиз томонидан илгари сурилаётган янги-янги тадбиркорлик ташаббуслари,  лойиҳалар сони ҳам ортиб бормоқда. Албатта, бугун илгари сурилаётган ҳар бир лойиҳага эртанги фаровонлик, даромад манбаи, янги иш ўринлари сифатида қараш, уларни ўз вақтида молиявий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорнинг ишни бошлаши учун кўмак бериш лозим. Айни масалада маҳаллий молиявий муассасалар билан бир қаторда, чет эл кредит линияларини жалб этиш муҳим. Ҳукуматимиз томонидан йирик хорижий молия ташкилотлари билан ўрнатилган самарали ҳамкорлик ана шунга қаратилгани билан ҳам аҳамиятли.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Report typo