Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.ЎКТАМ

05.01.2017


ҚАЛБЛАРГА ЭЗГУЛИК ЁҒДУСИНИ БАХШ ЭТАДИГАН МЎЪТАБАР ЗОТ

Мен бунда устозга нисбатан буюк ҳурмат кўраман.

Яна бир ривоятда айтилишича, ҳиндийлар сажда қиладиган Будда ёнига бир киши келиб, агар мўъжиза кўрсатсанг, сенга шогирд тушаман, дейди. Будда эса пинагини ҳам бузмай, унинг кўз ўнгида ҳақиқий мўъжизани намоён этади. Ҳайратдан оғзи очилиб қолган ҳалиги одам энди ўйлаб ўтирмай, розиман, сизга шогирд тушишга тайёрман, дейди. Будда эса яна хотиржам жавоб беради:

- Энди менга сендай шогирднинг кераги йўқ.

Мен бунда шогирдга қўйиладиган катта талабни кўраман.

Таълим-тарбия, келажак, эртанги кун хусусида сўз борганда, барчамиз табиий равишда буюк зот – ўқитувчи ва мураббийларнинг олижаноб меҳнатини ҳурмат билан тилга оламиз. Сабаби эса оддий: устозлар мурғаклигимизданоқ қалбимизга эзгулик уруғларини сочади, илму зиё, маърифатга ошно қилади, меҳр-муҳаббат улашади. Биз эришаётган улкан ютуқлар, юқори натижаларда уларнинг ҳиссаси катта. Шу сабаб уларни доим шарафлаймиз, ардоқлаймиз.

Университетда бир домламиз бўларди: узун бурни устига ҳар замонда кўзойнак қўндириларди (ўзининг айтишича, Мир Араб мадрасасида таҳсил олган бобоси мулла Хидир 99 ёшида ҳам “Правда”ни кўзойнаксиз ўқиган, аммо ҳозир замон ўзгарган, компьютер, телевизор деганлари энг аввало одамнинг кўз нурини “ўғирлаяпти”), қўлида доим китоб: йўналиши хилма-хил – бир гал фалсафага оид китоб бўлса, бошқа гал коинотга оид китоб кўрасиз, мутахассислиги эса тарихчи эди.

Шу домла 1-курсдаёқ дарсга кирди-ю биз “даҳо”ларнинг мутлақ ҳақиқатларини буткул ўзгартириб юборди: биз кўкка кўтариб юрганларнинг бирортаси олим-полим эмас экан-ку!

Биз билган ҳақиқатларнинг аксариятини йўққа чиқарди у. Тойнби, Поппер, Ясперс деган тарихчи файласуфларнинг турфа асарларию ғаройиб қарашларини ҳам аудиторияга, талабалар онгига у олиб кирди.

Унга мақтанай деб Хантингтон ёки Фукуяманинг бирор асари ёки қарашларини излаб топиб, ўқиб, сўзлаб берсак, у пинагини ҳам бузмайди. Унинг учун бу янгилик эмас.

Дунё адабиётини-ку беш қўлдай билади: Достоевскийдан Кафкагача, Камюдан Ницшегача, барча-барчасининг китобларини ўқиб-уқиб чиққан, биз шунчаки ёдлаган нарсаларнинг изоҳини тушунтириб, фалсафий ғояларни таҳлил қилиб берарди.

Сизлар тарихчисизлар, тарихга юқоридан назар ташлашни ўрганинглар, дерди у. Кейин ўтмишни “ётиб олиб ўрганадиган” олимнамо кишиларни бир чимдиб ўтарди: “Нима эмиш, бирови юртимиз ҳудудида топилган энг қадимги одамнинг Ўзбекистонга алоқаси йўқ, дебди. Ў, биродар, агар ўшанда ўша одамнинг паспорти бўлса, Ўзбекистон фуқароси деб ёзиларди, нимасини тушунгинг келмаяпти”, дерди чин-ҳазил аралаш.

Талаба зоти эринчоқ бўлади, аммо шу домланинг дарсини биров қолдирмасди. Хона сув қуйгандай жим-жит – фақат домланинг бирор сўзда тутилмай айтаётган ҳикматларию уларни ёзиб олаётган талабаларнинг ҳар замон дафтар варақлаши эшитиларди, холос. Бирор мутафаккирнинг фикрини айтса, қандай бўлса – ўшандай, ҳеч ўзгаришсиз айтарди – хотираси зўр эди.

Фанда эса рақаму далилларни ёдлаб олганларни эмас, уларни таҳлил қила оладиганларни ёқларди, шуни қўллаб-қувватларди.

Қаттиққўлликни ҳам чиройли гаплар билан қиларди – уни эшитган одам қайтиб ножўя ҳаракат қилишга ботина олмасди.

Сўз бойлиги кўп эди – ҳар бир маърузада сўзлашув луғатимиз 10-15 та янги сўз билан бойирди.

Ўзининг тутуми бошқаларга ибрат эди – фанда янгиликка сабаб бўлмаса, илмий ишга қўл уриб ўтирмасди. Чайналавериб, маъни-матраси қолмаган мавзуда иш ёқлаб, гўёки илмий даражаси ошаётган муаллимлар ҳақида сўз очилиб қолса, индамай қўя қоларди.

Гарчи ҳаяжон билан ўз устозимнинг таърифини келтираётган бўлсам-да, аниқ сезаманки, бошқалар ҳам ўз устозини мендан кам таърифламайди, мендан кўп ҳурмат қилса қиладики, асло кам эмас. Чунки ҳар бир устоз, ўқитувчи зоти бундай ҳурматга, шарафга лойиқ.

Университетни тамомлаганимизга бир неча йил ўтган бўлишига қарамай унинг ҳеч қайси фикри ёдимиздан кўтарилгани йўқ. Қайтага ҳаётий тажрибалар асносида янада бойиб, янада такомиллашиб, юксалиб бораяпти. Ўйлаймизки, эртага кун келиб ўша устозимиз билан учрашиб қолсак, у табиий равишда, мана, мустақил яшаяпсан, нималарни ўргандинг, нималарни ўқидинг, нималарни уқдинг, деб суриштиришини яхши биламиз. Шу сабаб устозимиз билан ёруғ юз билан суҳбатлашишга ўзимизни, онгимизни тайёрлаб борамиз. Ўқиймиз, изланамиз, устоз қошида мулзам қолишни истамаймиз. Ва бундан фақат ютамиз – гарчи устоз бизга олдингидек аудиторияга кириб сабоқ бермаётган бўлса-да, онгимизга ўрнашиб қолган фикрлари бизга ҳаётни, тўғри йўлни кўрсатиб туради. Янада аниқроғи, йўлимизни ёритиб туради.

Чиндан ҳам, устоз минг-минглаб қалбларга эзгулик ёғдусини бахш этадиган, ўз шогирдларига ҳаёт мактабини берадиган мўътабар зотдир. Юртимизда 1 октябрь санаси Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида нишонланишида ҳам чуқур маъно мужассам. Бу байрам аввало ўзининг билим ва тажрибаси, истеъдод ва маҳорати, инсоний фазилатларини, кўз нури ва қалб қўри, бутун борлиғини аямасдан, маърифат йўлида беминнат хизмат қиладиган устоз ва мураббийларимизга нисбатан халқимизнинг азалий ҳурмат-эҳтиромининг яққол намунасидир.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, устоз-мураббийлар, ўқитувчилар истиқлол шарофати билан эътиборга тушди,  меҳнатига яраша қадр топди. Собиқ тузум даврида ўқитувчи ҳозиргидан кам меҳнат қилмасдию, хизматига яраша эътироф йўқ эди. Наинки эътироф, ўқитувчилик касбининг ҳурмати ҳам ҳаминқадар эди. Ўқитувчининг бор куч-ғайрати тузум мафкурасини ёшлар қалбига сингдиришга сафарбар қилинганди.

Бизга собиқ тузумдан мерос бўлиб қолган маориф тизимининг энг номаъқул томони шундан иборат эдики, унда ўқув жараёнида ўқувчи ва талабаларнинг мустақил ва эркин фикрлашига йўл қўйилмас эди. Ҳар қайси ўқув юртини битирувчиларнинг билимига қараб эмас, аксинча, уларнинг собиқ совет тизимига ва сохта ғояларга садоқатини ҳисобга олиб баҳолаш ва ҳаётга йўллаш тамойили асосий ўринни эгаллар эди. Кўп ҳолларда сифат ўрнига сон кетидан қувиш устунлик қиларди. Аксарият ёшлар ҳақиқий билим ёки малака орттириш мақсадида эмас, кўпроқ амалда дипломли бўлиб олиш илинжида техникум ёки институтларга кирар эди.

Ёшларимизнинг билим олишидан кўра, хомашё етказиб берадиган дала ишчиси бўлиши муҳим эди. Шу боис, мустақилликнинг илк даврида соҳани қайта тиклаш, тубдан ислоҳ қилиш талаб этиларди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ педагог кадрларга зарур шароитлар яратиш, уларни ҳар томонлама рағбатлантириш, ўқитувчининг ижтимоий мавқеини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ёш авлоднинг соғлом ва баркамол улғайиши, замонавий таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар эгаллашини таъминлаш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди.

Биринчи Президентимиз фармони билан 1997 йилдан буён 1 октябрь мамлакатимизда Ўқитувчи ва мураббийлар куни сифатида кенг нишонлана бошланди. Шунинг ўзиёқ миллатимизнинг устоз-мураббийларга бўлган ҳурмат-эҳтиромининг амалдаги ёрқин ифодаси бўлди, десак муболаға бўлмайди. Давлатимиз раҳбари устоз-мураббийларга таъриф бериб, “Агарки дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир”, деганда айни ҳақиқатни айтганди.

1996 йилда “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” фахрий унвонлари таъсис этилди. Ҳатто Ўзбекистон Қаҳрамони деган энг юксак унвон соҳиблари ичида ҳам ўқитувчилар кўплаб топилади.

Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов бугунги кунда дунёда, ён-атрофимизда қарама-қаршилик ва зиддиятлар кўпайиб, инсон қалби ва онгини эгаллаш, биринчи навбатда, ёшларнинг маънавий оламини издан чиқариш, уларни ўз ота-онасига, эл-юртига қарши қўйишга қаратилган таҳдид ва хуружлар кучайиб бораётган мураккаб ва таҳликали замон хусусида сўз юритаркан, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳитини кўз қорачиғидек асрашда, авваламбор, болаларимизни мустақил фикрга эга бўлиб, оқни қорадан ажратишга қурби етадиган инсонлар этиб, бир сўз билан айтганда, ёшларимизнинг иродасини мустаҳкам ва бақувват қилиб тарбиялашда ўқитувчи ва мураббийларга ишонишини айтганда, бу улуғ зотларга бўлган юксак ҳурматини, айни вақтда улар зиммасидаги улкан масъулиятни ифода этган эди.

Бу эътироф нимадан дарак? Бу эртанги куннинг қандай бўлиши ўқитувчи ва мураббийлар қўлида дегани. Юртнинг ёруғ келажаги учун аввало ўқитувчи ва мураббийлар масъул дегани. Ҳеч қайси касб эгасининг зиммасига бу қадар юксак вазифа, масъулият юкланмаган. Ўқитувчи, устоз зоти шунга лойиқки, унга келажак ишонилаяпти, ишонч билдирилаяпти. Бу ишончни бошқа ҳеч нарса билан тенг қўйиб бўлмайди. Худди устознинг олижаноб хизматини бошқа қиймат билан ўлчаб бўлмагани каби...

Б.ЎКТАМ

Report typo