Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА.

23.02.2017


ҚАЛБЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШИБ

Биз ана шу жамғарма ҳақида тўхталмоқчимиз. Унинг фаолияти, том маънода, авлод соғломлигини таъминлашга қаратилган. Хусусан, жамғарма аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, Меҳрибонлик уйлари, махсус болалар муассасалари ва эҳтиёжманд оилаларга мурувват ёрдами кўрсатиш, истеъдодли болаларни қўллаб-қувватлаш, ёш оилаларни патронажга олиш каби вазифаларни бажариб келмоқда. Унинг жойларда бўлимлари ҳам ташкил этилгани фаолияти самарадорлигини таъминлашга хизмат қилаяпти.

- Ҳудудда ўтадиган турли йўналишдаги хайрия, тиббий-ижтимоий, маданий-маърифий ва спорт тадбирларида ташкилотчи-ҳамкор сифатида қатнашиб келаяпмиз, - дейди "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамғармаси вилоят бўлимининг раиси Гулнора Шарипова. - 2003 йилдан буён Германиянинг "Friedensdorf International" халқаро ташкилоти билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Ташкилот мутахассислари ҳар йили вилоятимизга келиб, бемор болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказадилар. Ўтган йилги ана шундай кўрик натижаларига кўра, 2 нафар бола бепул даволаниш учун Германиянинг нуфузли клиникаларига юборилди. 3 нафар бола эса Ҳиндистонда даволанди.

Тиббий-ижтимоий патронаж тизими ҳам жамғарма фаолиятининг асосий йўналишларидан бири. Бунда оилаларнинг ижтимоий шароити, психологик муҳити, оила аъзоларининг соғлиғи, айниқса, туғиш ёшидаги аёллар, болалар, ўсмирлар ва қарияларнинг саломатлигини ўрганиш, уларга тиббий-ижтимоий, психологик ёрдам кўрсатиш, ҳар бир хонадонда соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш бирламчи аҳамият касб этади. Айнан шу йўналишда жамғарма ва вилоятдаги соғлиқни сақлаш муассасалари узвий ҳамкорликда иш юритади.

- Жорий йилда "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури доирасида ўтказилган тиббий кўрик давомида касаллиги аниқланган беморларга, кам таъминланган оилаларга дори-дармонлар, витаминлар, санитария-гигиена воситалари, тиббий анжомлар, ногиронлик аравачалари, ҳаракати чекланган беморларга юриш мосламаларидан иборат мурувват ёрдамлари кўрсатилиб, соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи буклетлар тарқатилди, - дейди Гулнора Шарипова.

Хуллас, жамғарма соғлом авлод камолоти йўлида масъулиятли вазифани ўз зиммасига олган ва мана 23 йилдирки бу борада муваффақиятли фаолият юритиб келаяпти. Шу асосда жамғарма мутахассислари мамлакатимизда ҳеч ким давлат ва жамият эътиборидан четда эмаслигини таъминлашдек эзгу ишга муносиб ҳисса қўшишмоқда.

Шоҳиста БОЗОРОВА.

Report typo